Спорт | 22:55 / 11.08.2024
9125
2 дақиқада ўқилади

«Пахтакор»нинг марҳум футболчилари хотирасига 45 йил олдинги «Ўйналмаган матч» ўтказилди

1979 йилги авиаҳалокатда қурбон бўлган «Пахтакор» футболчилари хотирасига Минск шаҳрида тадбир ташкил этилди.

Фото: sb.by

11 август куни Беларус пойтахти Минск шаҳрида 45 йил аввал мудҳиш авиаҳалокатда вафот этган «Пахтакор» футболчилари хотирасига бағишланган ноёб футбол тадбири - «Ўйналмаган матч» бўлиб ўтди.

«Динамо-Юни» стадионида 1979 йилги муҳитни қайта тиклаш мақсадида Тошкентнинг «Пахтакор» ва Минскнинг «Динамо» клуби фахрийлари ўртасида дўстона ўйин ўтказилди. Ўйинда «Пахтакор» фахрийлари, жумладан, турли сабабларга кўра 1979 йилги машъум рейсдан қолиб кетган футболчилар ҳамда Минскнинг «Динамо» жамоаси фахрийлари иштирок этди.

Ўйин «Динамо-Юни» стадионида юзлаб томошабинларни тўплади, улар жамоаларни шовқин-сурон билан қўллаб-қувватладилар. Ташкилотчилар тафсилотларга алоҳида эътибор берди: футболчилар ва ҳакамлар қайта тикланган ретро либосларни кийди, тадбир дизайни СССР Олий лигасининг 42-чемпионати услубига мос келди. Тадбирда марҳум спортчиларнинг беваси ва фарзандлари ҳам фахрий меҳмон бўлди.

«Пахтакор» таркибида Ахмад Убайдуллаев, Марат Кабаев, Геннадий Денисов, Игор Шквирин каби фахрийлар майдонга тушди. Аммо тўлақонли таркиб тўпланмагани учун яқин ўтмишда Беларус етакчи футболчиларини жамлаган «Д-Медиа» жамоасининг ёш ва ғайратли вакиллари билан тўлдирилди. Дўстона руҳда ўтган ўйин 6:6 ҳисобидаги дуранг натижа билан тугади.

1979 йил 11 августда юз берган авиаҳалокат 178 киши, жумладан, «Пахтакор»нинг 17 нафар футболчиси ва мураббийлар штаби аъзоларининг ҳаётига зомин бўлган эди. Тошкентликлар Олий лиганинг навбатдаги турида Минскнинг «Динамо» клубига қарши майдонга тушиши керак эди. Бироқ, авиаҳалокат туфайли бу ўйин ўтказилмади. Днепродзержинск осмонида иккита Ту-134 самолётининг тўқнашуви футбол тарихидаги энг даҳшатли фожиалардан бирига айланди.

Мавзуга оид