Жамият | 17:55 / 12.08.2024
12918
8 дақиқада ўқилади

Постковид синдроми: Жаҳонда суяк емирилиши 3-4 баробарга ошган

Дунёда145 миллионга яқин киши постковид синдроми билан касалланган. Касалликлар орасида суяк емирилиши сезиларли даражада ортган. Постковид синдромлари билан курашишда ривожланган давлатлар қандай йўл тутаётгани ва Ўзбекистон нима қилиши кераклиги ҳақида “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари ўрганиш ўтказди.

Постковид синдроми нима?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунёда ковид билан касалланганлар сони 774,1 млнга етган. Шундан 673,2 млн киши тўлиқ тузалган. 7,0 млн одам эса вафот этган. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич мос равишда 238 818 нафар, 236 999 нафар ва 1 637 нафарни ташкил қилади.

Халқаро экспертлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, пандемиянинг дастлабки 2 йили давомида дунёда 145 млнга яқин киши “постковид синдроми” билан касалланган. Бу эса коронавирусдан тузалган беморларнинг тахминан 20 фоизини ташкил этган.

Маълумот учун, постковид синдроми бу – баъзи кишиларда ковид касаллигидан кейин кузатиладиган узоқ муддатли симптомлар йиғиндиси. Уни бошдан кечираётганлар ўзларини баъзан “чўзилган ковид”дан азият чекаётганлар деб таърифлашади. Постковид синдроми 200 дан ортиқ симптомларни ўз ичига олади ва кўп органлар фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Умумий симптомларга чарчоқ, бўғим ва мушаклар оғриқлари, нафас қисилиши, когнитив дисфункция ва одатда кундалик фаолиятга таъсир қиладиган бошқа бир нечта симптомлар киради.

Постковид синдромининг қатор ривожланган мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий соҳаларига таъсири ўрганилганда, меҳнат бозорига ва умуман иқтисодий ўсишга сезиларли таъсир кўрсатганини кузатиш мумкин. Бу ҳолат ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами кенгайишига, ногиронлар сони ортишига олиб келади ва соғлиқни сақлаш тизимига бюджетдан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилади.

Суяк бўғими емирилиши сезиларли ортган

Ковид асоратларидан бири ҳисобланган суяк бўғимлари емирилиши кузатилган беморлар сони ҳам сезиларли даражада кўпайяпти. Халқаро экспертларнинг изланишларига асосан, остеопороз (суяк тўқимаси зичлигининг пасайиши) ковид ташхиси қўйилган беморларнинг 8,6 фоизида кузатилган. Ушбу ҳолат нафақат катта ёшли беморларда, балки меҳнатга лаёқатли аҳолида ҳам учрамоқда. Бунинг натижасида, остеопороз касаллигини даволаш учун жами харажатлар 2021 йилдаги 12,2 млрд доллардан 2030 йилга келиб 17,1 млрд. долларга етиши кутилмоқда

ЖССТ маълумотларига кўра, остеопороз касаллиги юқумли бўлмаган касалликлар орасида юрак қон-томир касалликлари, саратон ва қандли диабет касаллигидан кейин хавфлилик даражаси бўйича 4-ўринда туради ва бу касалликдан ҳар йили дунё бўйича 8,9 млндан зиёд одам азият чекмоқда, натижада ҳар уч сонияда битта одам остеопоротик суяк синишига дуч келади.

Ўзбекистонда вазият қандай?

Маълумотларга кўра, Жаҳонда суяк емирилиши касаллиги ковиддан аввалги йилларга нисбатан 3-4 баробарга ошган. Шунингдек, коронавирус асорати билан касалланган беморлар Халқ қабулхонаси ва жойлардаги сайёр қабулларда касалликни реабилитация қилиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилиши кескин ошиб бормоқда.

2022 йилда Тошкент шаҳрининг ўзида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 263 нафар беморда суяк емирилишини даволашга қаратилган жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Биргина тос суягига қўйиладиган эндопротезнинг ишлаб чиқарилиши, яъни сарфлов харажатларининг ўзи 18 млн сўм бўлган. Ушбу кўрсаткич эндопротезни ўрнатиш операцияси харажатлари билан янада қимматлашиб кетган.

Ўз навбатида, экспертлар фикрига кўра, суяк емирилиши ва унга олиб келувчи омилларни дастлабки босқичларида диагностика қилиш зарур. Агар уни ўз вақтида аниқлаб, дори воситалари ёрдамида даволанмаса, кейинчалик жарроҳлик амалиётини қўллашга тўғри келади. Бу эса, ногиронликни келтириб чиқаради ва молиявий жиҳатдан кўп маблағ талаб қилади. Суяк емирилиши касаллиги дастлабки, яъни I ва II босқичларида аниқланиши беморларнинг жарроҳлик амалиётисиз, дори-дармонлар билан соғайиш имконини беради.

Постковид билан курашишда Канада тажрибаси

Постковид асоратларини аниқлаш ва уни бартараф этиш учун 2022 йил Канада бюджети Соғлиқни сақлаш агентлигига 3 йилга 9 млн доллар ажратган. Ушбу маблағ беморлар, уларнинг васийлари ва тиббиёт ходимлари учун илмий асосланган йўриқномалар ва инструментларни ишлаб чиқиш ҳамда баҳолашга қаратилди. Шунингдек, 2022 йилги бюджетда Канада Соғлиқни сақлаш тадқиқотлари институтларига 5 йил муддатга 20 млн доллар ажратилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Канада ҳукумати 2023 йил баҳоригача бўлган даврда CОВИД-19 ва унинг оқибатида келиб чиққан касалликларни даволаш учун ҳар бир кишига 1 675 -7 340 канада долларигача маблағ ажратган бўлса, умумий ҳисобда ушбу кўрсаткич 7,8 дан 50,6 млрдгача канада долларини ташкил этган.

Постковид асоратлари бўйича илмий йўл харитасини ишлаб чиқиш учун Канадада ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ушбу йўл харитаси:

  • зарурий маълумотлар ва далилларни аниқлаш;
  • ушбу ҳолатнинг тиббий ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларини қандай бартараф этиш бўйича тавсиялардан иборат. Ишчи гуруҳ фаолияти доирасида ҳисоботлар тақдим этиб боради.

Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия ва Белгиянинг постковид синдиромлари олдини олиш ва даволаш йўллари билан бу ерда батафсил танишиш мумкин.

Ўзбекистон учун таклифлар

Коронавирус билан касалланган беморларда суяк емирилиши мавжудлигини аниқлаш учун текширувлар амалга оширилса, касаллик олиб келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун бир нечта тадбирларни амалга ошириш талаб қилинади:

– Канада тажрибасидан келиб чиқиб Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги негизида “постковид синдроми”нинг суяк емирилишига доир тадқиқот ишларини олиб борувчи ва мониторинг юритувчи Ишчи гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш, касаллик аниқланган беморларга махсус Йўриқнома ишлаб чиқиш ҳамда мазкур йўриқномага асосан касалланганларнинг дастлабки шикоятидан бошлаб кимга мурожаат қилишлари ва келгусида амалга оширилиши керак бўлган муолажаларни белгилаш;

– ривожланган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган маблағлар ва имкониятлар доирасида постковид синдроми асоратлари мавжуд беморларда дастлабки текширувларни олиб борадиган, ташхис қўядиган ва даволайдиган махсус тиббиёт муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш. Мазкур тиббиёт муассасаларини постковид асоратларини аниқлаш ва даволаш бўйича янги технологиялар, жумладан диагностика ва мониторинг қилиш учун замонавий рентген ва сканерлаш ускуналари билан жиҳозлаш.

– касалликларнинг олдини олиш ва даволашни самарали усулларини аниқлаш мақсадида тиббиёт муассасаларида хорижий мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, мазкур йўналишда қўшма тадқиқот ишларини олиб бориш ва “постковид синдроми” асоратлари бўйича янги даволаш усулларини ишлаб чиқиш;

– аҳолини “постковид синдроми” асоратлари, белгилари, касаллик турлари, жумладан суяк емирилиши, унинг кечиши, профилактикаси тўғрисидаги тавсиялардан хабардор қилиш мақсадида, “постковид синдроми” асоратлари билан курашиш ойлигини ташкил этиш ҳамда телевидение, радио ва интернет нашрлари орқали касалликнинг юзага келиши мумкин бўлган оғир асоратлари тўғрисида фуқароларни хабардор қилиш. Шунингдек, ушбу касалликдан азият чекаётганлар ва оғир аҳволдаги беморлар учун ишонч телефонини ишга тушириш ҳамда “постковид синдроми” асоратлари ҳақида маълумот берувчи интернет сайтини йўлга қўйиш;

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва олий тиббий таълим муассасалари ҳамкорлигида остеопороз ва коронавируснинг бошқа асоратлари бўйича махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда мазкур дастур бўйича мутахассисларнинг билим ва малакаларини қўшимча ошириб бориш мақсадга мувофиқ.

Жамшид Шарипов, Инобат Ҳакимова

Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари

Мавзуга оид