Марсда сув топилди, фақат у анча чуқурда жойлашган
NASA олимлари Марсда илк бор суюқ ҳолатдаги сувни топди. Сув сайёра юзаси остидаги катта чуқурликдан топилган.
Олимлар NASA’нинг Mars Insight Lander зонди томонидан тўпланган маълумотларни таҳлил қилиб, Mars қобиғининг чуқур қисмида суюқ сув “пуфакчаси” бор деган хулосага келди. Таҳлил натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди.
Қизил сайёрада сув аллақачон топилганди, лекин суюқ ҳолатда эмас, балки қутбларда муз ва атмосферадаги буғ қолдиқлари шаклида.
Mars Insight Lander зонди қўшни сайёра юзасига 2018 йилда қўнган ва 2022 йил охиригача бир жойда туриб, “сайёрани тинглаган” – аппарат сейсмограф ёрдамида Марс қобиғининг силкинишини қайд этган.
Олимлар сейсмик тўлқинларнинг тезлигини ўлчаш орқали улар қандай муҳитдан ўтаётганини юқори эҳтимоллик билан аниқлай олади.
“Бу ўзи Ерда сув, нефт ёки газнинг ер ости конларини қидиришда қўлланадиган усул”, — деди лойиҳада иштирок этган Калифорния университети профессори Майкл Манга BBC билан суҳбатда.
Таҳлиллар сув Mars юзаси остидан 10-20 километр чуқурликда жойлашганини кўрсатмоқда. Профессор Манганинг сўзларига кўра, бу кашфиёт “Марсдаги сув қаерга кетди?” деган катта саволга қисман жавоб бўлади.
Марс юзасини ўрганган олимлар узоқ вақтдан бери унда бир пайтлар сув бўлган деган хулосага келишган: сайёра юзасида дарё ва кўл излари бор. Аммо олимларнинг таъкидлашича, сўнгги уч миллиард йил давомида у чўл ҳолатида.
Сувнинг бир қисми буғланиб, Mарс атмосфераси билан бирга коинотга учиб кетган. Лекин айрим қисмлар сирт остида қолганга ўхшайди. Профессор Манга Ер сайёрасида ҳам сувнинг жуда катта қисми ер остида эканини эслатиб ўтди ва Марсда бундай эмаслигига ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини таъкидлади.
Insight зонди фақат аппарат остидан ўтган сейсмик тўлқинларни қайд этган ва шунга кўра, айнан ўша жойда тахминий сув конлари топилган. Бироқ олимлар бундай конлар Марснинг бошқа жойларида ҳам мавжудлигига ишоняпти.
Агар ҳақиқатан шундай бўлса, уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур кўринмас конларда Марснинг бутун юзасини (Тинч океани ҳудудидан кичикроқ) бир ярим километрдан ортиқ қалинликдаги сув қатлами билан қоплашга етадиган сув бўлиши керак.
Лекин бу захираларнинг чуқурлиги Марсни эгаллашни режалаштирган баъзи миллиардерлар учун яхши хабар эмас.
“У сайёра қобиғидан 10-20 километр чуқурликда яширинган. Марсда 10 километр чуқурликдаги тешик очиш ҳатто (Илон) Маск учун қийин бўларди”, — деди профессор Майкл Манга.
Insight зондининг кашфиёти Марсда ҳаёт излари мавжуд бўлган тақдирда, уларни қаердан излаш кераклигини ҳам кўрсата олади.
“Суюқ сувсиз ҳаёт бўлмайди”, — деб эслатади профессор Манга. “Демак, агар Марсда яшаш учун потенциал жойлар мавжуд бўлса, улар сайёра юзасидан чуқурроқда бўлиши мумкин”.
Мавзуга оид
18:52 / 24.12.2024
NASA зонди Қуёшга рекорд даражада яқинлашади
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
15:40 / 18.12.2024
NASA астронавти ХКСдан туриб галактиканинг ноёб суратини олди
12:59 / 18.12.2024