Ўзбекистон | 16:54 / 13.08.2024
3524
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Ўқишни кўчириш учун аризаларни таҳрирлашга қўшимча вақт берилди

Талабгорлар 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалараро талабалар ўқишини кўчириш учун берган аризаларини 15 августгача таҳрирлашлари мумкин.

Фото: Kun.uz

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг transfer.edu.uz платформаси орқали юборилган аризаларнинг техник камчиликларини тузатиш имкони берилади. Бу ҳақда вазирлик хабар қилди.

Унга кўра, 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалараро талабалар ўқишини кўчириш, тиклаш (кўчириб тиклаш) учун топширилган аризаларнинг камчиликларини 2024 йил 15 август куни соат 17:00 гача тузатишга имкон берилади. Ундан кейин техник камчиликларни тузатиш тўхтатилади. Вазирликнинг эслатишича, қўшимча муддат фақат илова қилиб юкланган у ёки бу ҳужжатларни сифатлисига алмаштириш, хатоликларни тузатиш учун берилади. Янги ариза топшириш имконияти йўқ.

Олдинроқ, ўқишни кўчириш тестларида 44 мингга яқин талабгорга қатнашиш учун рухсат берилгани маълум қилинган эди.

Маълумот учун, хорижий ва маҳаллий ОТМдан ўқишни кўчириш учун аризалар қабули 15 июлдан 5 августгача давом этганди. Олдинроқ, “перевод”ни кимлар, қай тартибда амалга ошира олади, қандай ҳолатда ўқишни кўчириш учун рухсат берилмаслиги ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Мавзуга оид