Жаҳон | 07:33 / 13.08.2024
2410
4 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ Ҳамаснинг гаровга олинган шахс ўлдирилгани ҳақидаги баёнотини текширмоқда

Гуруҳнинг ҳарбий қаноти биринчи марта «ҳодисалар»да жангчилари гаровга олинган эркакни ўлдиргани ва икки аёлни оғир яралаганини билдирди. ЦАҲАЛ бу ҳақда ишончли маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Фото: Ahmed Zakot / Global Look Press

Ҳамас гуруҳининг ҳарбий қаноти душанба куни Ғазо секторидаги «иккита алоҳида ҳодиса»да бир исроиллик гаровга олинган ҳалок бўлгани ва яна икки киши оғир яраланганини маълум қилди. «Душман асирларини қўриқлаш вазифаси юклатилган икки аскар исроиллик асирни воқеа жойида отиб ўлдирди», — дейилади «Иззад-Дин ал-Қассам бригадалари» вакили хабарида. Ҳамас 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужумдан кейин биринчи марта гаровга олинганлар ўлдирилгани ҳақида хабар берди. 

Бундан ташқари, маълумотда айтилишича, икки гаровга олинган киши оғир яраланган ва улар ҳозирда «жонларини сақлаб қолиш учун парвариш қилинмоқда». Ҳамас гаровга олинганларнинг шахси ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. 

ЦАҲАЛ Ҳамас баёнотига изоҳ берди 

Ушбу баёнотга муносабат билдирган Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ҳамас маълумотларини «инкор этиш ёки тасдиқлаш учун разведка маълумотларига» эга эмаслигини таъкидлади. Ҳарбийлар «хабарнинг ҳақиқийлигини текширишда давом этмоқда», дея аниқлик киритди ЦАҲАЛ. 

Исроил армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагарий 12 август куни эрталаб гаровга олинганларнинг аҳволидан хавотир билдирди. «Ўтган вақтни ва уларнинг асирликдаги оғир шароитларини ҳисобга олиб, биз улар жисмоний ва руҳий ҳолатидан жуда хавотирдамиз», деди Ҳагарий маҳаллий телевидение орқали қилган чиқишида. 

Баъзи кузатувчилар Ҳамас хабарини 2023 йил 7 октябрда қўлга олинганларни алмашиш бўйича музокарачилардан имкон қадар кўпроқ имтиёзлар олиш учун Исроилга босим ўтказишга уриниш сифатида баҳоламоқда. 

Ҳамас янги раҳбари Исроилга сулҳ таклиф қилиши мумкин

Ҳамас ҳаракатининг янги раҳбари, сиёсий бюронинг аввалги раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилиши ортидан сайланган Яҳё Синвар 11 август куни Миср ва Қатар воситачилари орқали Исроилга сулҳни хоҳлаётгани ҳақидаги хабарни етказди. 

Ҳукумат доираларидаги икки манбага таянган CNN телеканали хабарига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу ўзининг ҳукмрон коалицияси учун қандай оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, келишувга тайёр. Бироқ, Исроилнинг бир қатор хавфсизлик идоралари баъзи ўнг вазирларнинг келишмовчилигини ҳисобга олиб, бош вазир тайёрлигига шубҳа билан қарамоқда. 

Шу билан бирга, АҚШ расмийлари Исроилга минтақавий урушнинг олдини олиш учун тезда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим тузишини кутишларини «аниқ айтди», деди CNN манбаси. Исроилнинг ўзида ҳам Ҳамасда қолган гаровга олинганларни тезроқ озод қилиш ва Нетаняҳу ҳукумати истеъфосини талаб қилиб, мунтазам равишда оммавий норозилик намойишлари ўтказиляпти. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
 
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери деярли 40 минг фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид