Спорт | 18:33 / 15.08.2024
9136
2 дақиқада ўқилади

Ҳабиб Нурмагомедов Россия солиқ идоралари олдидаги барча қарзларини ёпди — ОАВ

Солиқ қарзларидан қутулгани унга нисбатан очилган ишнинг ёпилишини англатадими ёки йўқми номаълум.

Фото: Getty Images

Жангчи Ҳабиб Нурмагомедов Россия солиқ идоралари олдидаги қарзларини ёпди. Shot берган маълумотга кўра, у барча 302 миллион рублни (≈44,3 млрд сўм) тўлаган.

Аввалроқ Ҳабибга нисбатан ижро иши қўзғатилган эди. Солиқ идоралари унинг барча ҳисоб рақамларига тақиқ қўйиб, мол-мулкини хатлаган эди. Солиқ қарзларидан қутулгани унга нисбатан очилган ишнинг ёпилишини англатадими ёки йўқми номаълум.

Россиянинг «Проект» тадқиқот нашрига кўра, Нурмагомедов президент маъмурияти раҳбариятининг Украинага бостириб киришни қўллаб-қувватлаш бўйича қатъий сўровларини эътиборсиз қолдирган. Шу туфайли унга нисбатан таъқиб бошланган. Нурмагомедов бу хабарларга изоҳ бермади.

Ҳабиб Нурмагомедов 35 ёшда. У аралаш яккакурашларда бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган (29 та ғалаба, 19 та жангни муддатидан аввал якунлаган).

Нурмагомедов 2018 йилда ирландиялик Конор Макгрегорни мағлуб этиб, чемпионлик унвонини муваффақиятли ҳимоя қилди. Уларнинг баҳси MMA тарихидаги энг юқори даромад келтирган жангга айланди (умумий даромад 200 миллион доллардан ошиқ).

2020 йил октябр ойида Нурмагомедов фаолиятини якунлаганини эълон қилди. 2022 йил июл ойида у UFC Шон-шараф залига киритилди.

Мавзуга оид