Суд «Озодлик»ка 100 млн сўм тўлаш ва «газ чайқовчиси» ҳақидаги суриштирув бўйича раддия эълон қилишни юклади
«Озодлик» радиосининг ўзбек таҳририяти Ultimo Group Limited компанияси «Қизилқумцемент» билан 315 млрд сўмлик шартнома имзолагани ва «газ чайқовчилиги» билан шуғуллангани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Компания директори Туҳфатхўжа Анвархўжаев ушбу материал устидан судга даъво аризаси киритди. Суд даъвони қаноатлантириб, «Озодлик» радиосига раддия эълон қилиб, маънавий зарар учун 100 млн сўм компенсация тўлашни юклади.
Газ ресурслари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи Ultimo Group Limited МЧЖнинг 50 фоизлик улушига эгалик қилувчи тадбиркор ва мазкур компания директори Туҳфатхўжа Анвархўжаев 2024 йил апрел ойида эълон қилинган материаллар сабаб «Озодлик» радиосининг ўзбек таҳририяти ҳамда унинг журналисти Лазизхон Олимов (Азиз Нур) устидан судга даъво аризаси киритган. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Иш фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида судя А. Ражабов раислигида кўриб чиқилган. 12 июл куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида даъвогар Туҳфатхўжа Анвархўжаевнинг адвокати Давронбек Ахматов, учинчи шахс сифатида жалб қилинган «Ўзтрансгаз» АЖнинг икки нафар ходими иштирок этган.
19 июл куни ўтказилган навбатдаги суд мажлисида «Ўзтрансгаз» компанияси вакиллари сўзга чиқиб, Ultimo Group Limited Туркманистон газини «Қизилқумцемент» компаниясига сотганини тасдиқлаган. Етказиб бериш учун «Ўзтрансгаз»нинг магистрал газ қувурлари инфратузилмасидан фойдаланилган бўлиб, у билан «фақатгина ташиш шартномаси» имзолангани қайд этилган.
Газ-транспорт компанияси вакилининг айтишича, «Ўзтрансгаз» табиий монополия субъекти ҳисобланади, шунинг учун «газни ташиш бўйича шартнома тузишни рад этиш мумкин эмас, лекин технологик имкониятларни ҳисобга олиш керак».
Унинг сўзларига кўра, ташиш тарифлари бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров раислигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ҳукуматлараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланади.
Шунингдек, у 2021 йилнинг куз-қиш мавсумида кўплаб саноат корхоналарининг ишга туширилиши ва «сўнгги йилларда қурилиш ҳажмининг 30−40 фоизга ошиши» фонида газ танқислиги юзага келганини маълум қилган. «Ўзтрансгаз» вакилининг айтишича, қишда цемент заводлари газ етишмаслиги сабабли тўхтаб қолган, бироқ «Қизилқумцемент»нинг Tashkent City лойиҳаси ташаббускорлари олдидаги мажбуриятлари бор эди, уни амалга ошириш учун хомашё керак бўлган. Таъминот узилган тақдирда жарима назарда тутилган.
Унинг эслатишича, «Қизилқумцемент» Ultimo Group Limited компаниясидан газни 1000 сўмдан сотиб олган — худди шундай тариф учинчи тоифадаги истеъмолчилар учун ҳам амал қилган.
Мутахассис, шунингдек, «Ўзтрансгаз» Ultimo Group Limitedʼга газ импорти учун тўламаганини таъкидлади.
29 июл куни бўлиб ўтган якуний йиғилишда тилшунос мутахассислар, филология, адабиёт ва ўзбек тили фанлари магистранти ва докторантлари иштирок этиб, терговда билдирилган фикрларга баҳо берган.
Улар «арвоҳ», «ўртакаш», «яширин фаолият» ва бошқа сўзларни ҳамда контекстни баҳолади. Даъвогар томон, шунингдек, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказидан хулоса олиб, компаниянинг ишчанлик обрўсига, таъсисчининг шаъни ва қадр-қимматига салбий таъсир кўрсатаётган юқоридаги ва бошқа эпизодларни ҳам кўрсатиб ўтган.
Мажлис якунида А. Ражабов раислигидаги суд Ultimo Group Limited ва Туҳфатхўжа Анвархўжаевнинг даъвосини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилган ва «Озодлик» радиосига раддия эълон қилиб, маънавий зарар учун 100 млн сўм компенсация тўлашни юклаган.
Маълумот учун, Ultimo Group Limited компанияси 2021 йилнинг 10 мартида ташкил этилган бўлиб, орадан бир ой ўтиб, «Қизилқумцемент» билан 315 млрд сўмлик (ўша пайтдаги курс бўйича 30 млн долларга яқин) шартнома имзолаган.
Мавзуга оид
11:41 / 07.12.2024
“Тўппонча ўқталиб, отиб ташлайман деди” – “Саидазиз медгородок”ка яна бир “дело” бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
18:36 / 13.08.2024
Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди
16:05 / 03.08.2024