Турмуш ўртоғини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган яна бир эркак 9 йилга қамалди
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи эркак мунтазам равишда турмуш ўртоғи ҳамда вояга етмаган фарзандларини руҳий ва жисмоний азоблаб келган. Судда педагог иштирокида сўроқ қилинган болалар дадаси онасини доим уриб, ишлаб пул топиб келиш учун кўчага ҳайдаганини айтишган.
Ургут туманида турмуш ўртоғини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган эркак жиноий жазога тортилди.
Kun.uz танишиб чиққан суд ҳужжатларида келтирилишича, фуқаро А.М. 2013 йилда Д.Н. билан қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган. Уларнинг уч фарзанди бўлган.
А.М. 2022 йилдан 2024 йил январ ойи бошига қадар арзимаган нарсалардан жанжал чиқариб, вояга етмаган фарзандлари кўз ўнгида турмуш ўртоғининг шаъни ва қадр-қимматини камситиб келган. У маст ҳолатда аёлини аёвсиз калтаклаб, қийнаб, унга раҳмсиз муомалада бўлган ҳамда жисмоний ва руҳий азоб берган. Бунга чидамаган аёл 2024 йил 2 январ куни соат 22:30 ларда яшаш уйининг ҳовлисидаги дарахтга рўмоли ёрдамида ўзини осиб, вафот этган.
Бундан ташқари, А.М. ўша куни турмуш ўртоғининг ўз жонига қасд қилганлик ҳолатига ойдинлик киритиш учун келган унинг қариндошлари билан жанжаллашиб, пичоқ ёрдамида икки кишига тан жароҳати етказган.
Судда педагог иштирокида сўроқ қилинган болалар отаси уларни ҳам мунтазам калтаклаб келганини айтишган.
“Дадам доим маст бўлиб келиб онамни уриб-дўппосларди. Ўзини касалман дея онамни уриб, ишлаб пул топиб келиш учун кўчага ҳайдарди. 2024 йилга ўтар кечаси ҳам дадам ароқ ичиб келиб, жанжал чиқарди ва онамни урди. Эртаси куни амаким ҳам онамни ҳақоратлаб, тепди. Шундан сўнг онамнинг мазаси бўлмади. Бу ҳақда дадамга айтди, бироқ дадам шифокор чақирмади.
Дадам онамдан ташқари бизларни ҳам доим калтаклаб келган. Ҳатто кичик укам йиғлаганида уни ҳам урарди”, дея кўрсатма берган эркакнинг фарзандлари.
Суд А.М.ни Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “а” банди (моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 104-моддаси 2-қисми “б, л” бандлари (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 109-моддаси 2-қисмида (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топган. Унга нисбатан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Олдинроқ Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри 9 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. У икки бор ҳимоя ордери берилганига қарамай турмуш ўртоғини мунтазам уриб, азоблаб келган.
Мавзуга оид
17:14
Қамоққа олинган шахс учун мажбурий тиббий кўрик жорий этилиши мумкин
10:54 / 06.12.2024
Россияда фарзандини қийноққа солган ўзбекистонлик аёл қамалди
11:38 / 17.11.2024
Самарқандда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
10:06 / 19.09.2024