Жаҳон | 13:31 / 23.08.2024
6597
3 дақиқада ўқилади

Tesla заводи туфайли Берлин яқинида 500 000 дарахт кесилди

Сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили шуни кўрсатадики, Tesla гигафабрикасини қуриш учун Берлин яқинидаги 329 гектар ўрмон кесилган. Атроф-муҳит фаоллари Илон Маск компаниясининг ишлаб чиқаришни кенгайтиришига тўсқинлик қилишни талаб этмоқда.

Фото: Axel Schmidt/Getty Images

Берлин яқинидаги Грюнхайдда Tesla гигафабрикаси қурилиши 329 гектар майдонда кенг кўламли ўрмонларнинг кесилишига олиб келди. Бу тахминан ярим миллион дарахтга тенг, деб ёзади Британиянинг The Guardian газетаси 22 август, сешанба куни Kayrros томонидан ўтказилган сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига таяниб.

Ушбу маълумотларга кўра, ўрмонларни кесиш 2020 йилдан 2023 йилгача давом этган. Шу билан бирга, 2024 йил июл ойида Бранденбург федерал ери ҳукумати экология фаоллари бир неча бор қаршилик кўрсатган ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Европадаги ягона Tesla электромобил заводини кенгайтириш режаларини маъқуллади.

«Германиянинг энг қурғоқчил минтақаларидан бирида атроф-муҳитнинг ҳаддан ташқари кўп қисми вайрон бўлган. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва шу билан боғлиқ ҳолда ўрмонларни йўқ қилиш ва қўриқланадиган ичимлик суви ҳудудларига таҳдиднинг олдини олиш керак», - дея иқтибос келтиради The Guardian Turn Off Tesla’s Tap («Тесла жўмрагини бураб қўйинг») ташкилоти фаоли Каролина Жевонинг сўзларидан. Унинг сўзларига кўра, Kayrros таҳлиллари шуни кўрсатдики, Tesla ишлаб чиқариши нафақат атроф-муҳитга зарар етказди, балки электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқаришда қўлланадиган нодир тупроқ металларини қазиб олиш натижасида глобал оқибатларга олиб келди.

Грюнхайддаги Tesla заводига қарши норозилик ва диверсия

2024 йил май ойидан бери атроф-муҳит фаоллари яқин атрофдаги лагерда дарахт уйларини қуриш ва завод майдонига бостириб киришга уриниб, гигафабриканинг режалаштирилган кенгайтирилишига қарши норозилик билдиришмоқда. Март ойи бошида номаълум босқинчилар электр тармоғига ўт қўйиб, Берлин яқинидаги бир қанча аҳоли пунктларида электр таъминотида узилишларни юзага келтирган. Tesla заводида ҳам электр ўчди. Ўшанда автомобил ишлаб чиқарувчиси ишлаб чиқаришни тўхтатишга ва компания ходимларини эвакуация қилишга мажбур бўлди.

Америкалик миллиардер Илон Маскнинг компанияси 2022 йилнинг март ойидан бери Грюнхайдда электромобиллар ишлаб чиқаради. Заводда 12 мингга яқин киши ишлайди.

Мавзуга оид