Жаҳон | 14:05 / 24.08.2024
7690
2 дақиқада ўқилади

Amazon ходими бир ярим йил деярли ишламай, 555 минг доллар маош олди

Бу вақт давомида у саноқли вазифаларни бажарган, шунда ҳам ChatGPT ёрдамида.

Фото: Entrepreneur.com

Amazon’да маҳсулотлар бўйича катта техник менежер лавозимида ишловчи ходимнинг компаниядаги иши ҳақида интернетга жойлаган пости муҳокамаларга сабаб бўлди. У бир ярим йил давомида ҳеч қандай муҳим вазифани бажармаган, аммо бу вақт ичида тахминан 555 минг доллар маош олган.

Ходим илгари Google’да дастурчи бўлган, ишдаги қисқартиришлар сабаб у ердан кетган. Шундан сўнг у Amazon’га қабул қилинган. Эркак ўз олдига кам ишлаб, кўп пул топиш мақсадини қўйган ва бунга эришган.

У сўнгги бир ярим йил ичида ҳафтасига саккиз соат вақтини ишга сарфлаган — бу, асосан, йиғилишларда қатнашишдан иборат эди. Бир ярим йил ичида эркак бор-йўғи еттита вазифани якунлаган. Яна бир топшириқ ChatGPT нейрон тармоғи ёрдамида 3 кунда бажарилган, аммо, ходим раҳбариятга бунинг учун 3 ой вақт кетганини айтган.

Дастурчининг таъкидлашича у деярли барча ишни бошқа ҳамкасблари зиммасига юклаб келган. Шунга қарамай, унинг иш ҳақи йилига 370 минг долларни ташкил қилган.

Тармоқ фойдаланувчилари ушбу постга фаол муносабат билдиришди. Кўпчилик бу улар учун орзудаги иш эканини таъкидлади. Бошқалар йирик технологик компанияларнинг корпоратив маданиятидаги чуқур муаммолар ходимларга минимал ҳаракат билан катта маош олиш имконини бераётганини таъкидлади.

Ушбу пост Amazon раҳбариятига етиб борса, ҳаммаси ўзгариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганлар ҳам бўлган. Яна бир гуруҳ фойдаланувчилар маҳсулотлар бўйича катта техник менежерлар ўзи ҳеч бир компанияда тайинли иш қилмаслигини иддао қилган.

Мавзуга оид