Ўзбекистон | 15:20 / 26.08.2024
6656
4 дақиқада ўқилади

Бухорода мактаб ўқитувчилари “Ташаббусли бюджет”га овоз йиғишга мажбурланяпти

Kun.uz'га мурожаат қилган ўқитувчиларга кўра, Ромитан туманидаги мактабларда фаолият юритадиган ўқитувчиларга уйма-уй юриб, мактаб техник базасини яхшилаш учун овоз йиғиш буюрилган. Қонунчиликка биноан, бу меҳнатга мажбурлаш ҳисобланади. “Ташаббусли бюджет”даги мажбурий овоз йиғиш ҳолатлари ҳақида 1282 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкин.

Ромитан тумани 18-мактаб / Фото: Openbudget.uz

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилар “Ташаббусли бюджет”да мактаб учун қолдирилган ташаббусга овоз йиғишга жалб қилиняпти. Бу ҳақда Kun.uz'га мактаб ходимлари хабар берди.

Маълум бўлишича, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-мавсумида мактаб томонидан “Очиқ бюджет” порталига Ромитан тумани “Шўрча” МФЙда жойлашган 18-мактабни таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантиришга оид ташаббус билдирилган. Лойиҳа қиймати 1,2 млрд сўм этиб белгиланган.

Порталга жойланган расмлардан кўринадики, мактаб техник базаси эскириб кетган. Ташаббускорлар сўраётган нарсалар: 1-4-синф ва 5-11-синф тил ўрганиш хонаси учун жиҳозлар, синф доскалари, кузатув камералари, кутубхона учун жиҳозлар, металлга ва ёғочга ишлов бериш ўқув устахонаси учун жиҳозлар, ошхона учун жиҳозлар, шунингдек, раҳбар хонаси, спортзал, тиббиёт хонаси, ўқитувчилар хонаси, фаоллар зали учун жиҳозлардан иборат.

Мактаб Telegram гуруҳида мактаб раҳбарияти ўқитувчиларга “тезроқ овоз йиғиш”ни топширган.

“Бошқа мактаблар биздан олдинга ўтиб кетяпти, шунча югурганимизни бир пул қилмайлик. Биздан кейинги мактаб 30 та овоз билан пастда турибди. Соат 1 яримларда овоз йиғишга кўчага чиқсак, 3 яримда яна чиқамиз”, – дейилади аудиода.

Ўқитувчилар уйма-уй юриб, овоз йиғишга мажбур бўляпти. Уларнинг ёзишича, бу жараён осон бўлмаяпти: “Одамлар битта овоз учун 2 та ёғ сўраяпти”.

Бундан ташқари, Ромитан туманидаги 1-ИДУМ, 2-мактаб, 7-мактаб ўқитувчилари ҳам овоз йиғишга мажбурланаётгани айтилмоқда.

“Мактабимизга раҳмим келади, ҳолати жуда ачинарли. Жиҳозлар эскириб кетган. Ўзимиз ҳам, болаларимиз ҳам мактабимиз ютишидан манфаатдормиз. Бир бизда эмас, бошқа мактабларда ҳам шу аҳвол – ўқитувчилар уйма-уй юриб, овоз тўплаб юрибди”, – дейди 18-мактабда фаолият юритадиган ўқитувчилардан бири.

Овоз тўплашга мажбурлаш – мажбурий меҳнат сифатида таснифланади

Президент қарорига кўра, “Ташаббусли бюджет”да қўл остидаги ходимларини овоз тўплашга мажбурлаш – мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.

Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдор шахслар 50–100 БҲМ жаримага тортилади. Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг 148-2-моддасига кўра жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилги 2-мавсумида овоз бериш босқичи 22 август куни бошланди. Бу мавсумдан бошлаб, мажбурий овоз тўплаш ҳолатларини камайтириш мақсадида:

  • овоз йиғиш босқичи 10 кунгача қисқартирилди;
  • мажбурий овоз тўплангани тасдиқланган ҳолатларда, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бу лойиҳаларни четлатиш ёки ғолиблар рўйхатидан чиқариш ваколати берилди;
  • ўз раҳбари томонидан овоз йиғишга мажбурланган ходимлардан мурожаатларни қабул қилиш бўйича 1282 ишонч телефони ишга туширилди.

Овоз бериш босқичи 31 август соат 23:59 га қадар давом этади.

Мавзуга оид