Россиянинг Украинага зарбаси натижасида Киев ГЭСга зарар етди
ОАВ маълумотларига кўра, ГЭС машина зали ва тўғоннинг йўл қисми шикастланган. Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши тўғон бузилиши хавфи йўқлигини таъкидлади. Зеленский Украина Россияга қарши F-16'дан фойдаланишга тайёрланаётганини айтди.
Украина энергетика инфратузилмасига Россиянинг кенг кўламли ҳужуми натижасида Киев ГЭСга зарар етди. Украина ОАВ 26 август, душанба куни видеотасвирларга таяниб, зарба станциянинг машина залига йўналтирилганини таъкидлади. Бундан ташқари, тўғоннинг йўл қисми бузилиб, транспорт ҳаракати тўсилган, дея таъкидлайди маҳаллий матбуот.
МХМК: Киев ГЭСда тўғон бузилиши хавфи йўқ
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Руслан Кравченко минтақадаги иккита энергетика объектига зарар етганини маълум қилди, бироқ улар қайсилар эканига аниқлик киритмади. Айни пайтда, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко Киев ГЭСда тўғоннинг бузилиши хавфи йўқлигига ишонч билдирмоқда. «Уни ракеталар билан йўқ қилишнинг иложи йўқ», деб таъкидлади у ва 2023 йилда Каховка ГЭС вайрон бўлгани билан таққосламасликка чақирди.
Forbes Ukraine нашри Украина давлат энергетика компанияси топ-менежерига таяниб, Россиянинг ракета ва дронлардан фойдаланган ҳолда амалга оширган ҳужуми нишони Киев ГЭС бўлганини хабар қилди. Руслар уни 26 август куни эрталаб йўқ қилишга уринди, натижада вайроналар бор, бироқ тўғоннинг бузилиши ёки станцияга жиддий зарар етказилиши хавфи йўқ, дея қўшимча қилди нашр суҳбатдоши.
Киев гидроэлектр станциясининг оператори бўлган «Укргидроэнерго» компанияси етказилган зарар ҳақида ҳозирча маълумот бермаган.
Зеленский: Украина Россияга қарши F-16'дан фойдаланишга тайёрланмоқда
Украина Ғарб томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларини Россияга қарши ишлатишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 26 август, душанба куни кечки видеомурожаатида маълум қилди.
«Бугун мен кунни [Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр] Сирский билан алоҳида узоқ суҳбатдан бошладим: биз бу ракета ҳужуми учун Россияга жавоб беришга тайёрланяпмиз. F-16’дан фойдаланиш ва Курск вилоятидаги операция учун сўнгги 24 соат ичида назорат зонасини кенгайтирдик ва алмашиш фондини тўлдирдик».
Украинага кенг кўламли ҳужум
26 август куни тунда ва эрталаб Россия қуролли кучлари Украинага 236 та ракета ва ҳужумкор дронларни учирди, улардан 102 та ракета ва 99 та УУА уриб туширилди - бу рақамларни Украина Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук ўзининг Telegram-каналида келтирди. Ҳужумнинг асосий мақсади мамлакат энергетика инфратузилмаси эди. Натижада, Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар ва ўнлаб ярадорлар бор.
Мавзуга оид
08:08
Киев РФнинг музлатилган активларидан миллиард доллар олди
10:30 / 24.12.2024
Германия Киевга кенг қамровли янги қуроллар пакетини тақдим этади
14:32 / 20.12.2024
Евроиттифоқ Киевга қўшимча 30 млрд евро ажратмоқчи
07:52 / 19.12.2024