Ўзбекистон | 17:31 / 28.08.2024
23319
2 дақиқада ўқилади

Электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий тўловларни ундириш тартибига ўзгартиришлар киритилди

28 август куни президент томонидан имзоланган қонун билан Фуқаролик процессуал кодекси ва «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Адлия вазирлиги хабар беришича, янги қонун билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга ёки мансабдор шахсга берилгунига қадар қарздор жисмоний шахс энергия ресурслари тармоқларидан узилганини тасдиқловчи ҳужжатлар ижро ҳужжатларига илова қилиниши кераклиги ҳақидаги талаб киритилмоқда.

Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини қайтаради.

Шунингдек, қарздор жисмоний шахслардан почта харажатларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларига нисбатан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланади.

Бундан ташқари, Фуқаролик процессуал кодексига ҳам қўшимча киритилди. Унга кўра, истеъмол қилинган электр энергияси ёки табиий газ учун қарздорликни ундириш ҳақидаги суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага:

- истеъмолчи билан тузилган шартнома;

- пеня ҳисобланиши ҳақидаги огоҳлантириш;

- истеъмолчини тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узиш тўғрисидаги огоҳлантиришлар кўрсатилган — қарзни тўлаш ҳақидаги талаб; ушбу талаб истеъмолчига юборилганини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинган ҳолда, шунингдек, истеъмолчи тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узилганини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши кераклиги тўғрисида талаб киритилмоқда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мавзуга оид