Жаҳон | 20:06 / 29.08.2024
11151
3 дақиқада ўқилади

Павел Дуров оталик ҳуқуқидан маҳрум этилгани маълум қилинди

Дуровнинг уч нафар фарзандининг онаси Ирина Болгарга кўра, Telegram асосчиси уни Швейцариядан БААга кўчиб ўтишга мажбурлаган. Аёл таклифни рад этгач, Дуров молиявий кўмак кўрсатишни тўхтатиб қўйган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзини Telegram асосчиси Павел Дуровнинг уч нафар фарзанди онаси дея таништириб келаётган Ирина Болгарнинг маълум қилишича, Швейцария суди Дуровни ўз фарзандларига оталик ҳуқуқидан маҳрум қилган. Болгарнинг айтишича, ушбу қарор Женевадаги Болалар ва катталар ҳимояси трибунали томонидан васийлик органи ўтказган ўрганиш натижалари бўйича қабул қилинган.

Болгарнинг сўзларига кўра, 2022 йил охирида Дуров уни Швейцариядан БААга кўчиб ўтишга мажбурлаб, шарт қўйганидан кейин судга мурожаат қилган. «Бу вақтда бизнинг шахсий муносабатларимиз 2021-2022 йилда юз берган қатор воқеалар сабаб деярли тўхтаб бўлган эди», — дейди аёл.

Болгарнинг таъкидлашича, у кўчиб ўтишдан бош тортганидан кейин Дуров молиявий кўмак кўрсатишни тўхтатиб қўйган: ойига 150 минг еврогача фойдаланиши мумкин бўлган банк карталарини блоклаган, шунингдек, тўғридан-тўғри ўз ҳисоби орқали таълим, саёҳат ва тиббий харажатларни қоплашни тўхтатган.

«Ўзим ва болаларнинг ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилишимни айтганимда, у болалар билан Европадаги иммиграция ҳужжатларини узайтириш ҳамда янгиларини расмийлаштиришга розилик имзосини қўйишдан бош тортди. Табиийки, бу орқали бизнинг Европада қолишимизга имконият қолдирмоқчи эмас эди», — дейди Болгар.

Аёлнинг сўзларига кўра, у «болаларнинг административ ҳужжатларини зудлик билан мустақил узайтириш» мақсадида судга мурожаат қилган. Болгарнинг қўшимча қилишича, васийлик органлари Дуров билан боғланишга уринган, аммо у жавоб қайтармаган.

Болгар ўзига қўйилган шарт ҳақида Forbes журналига батафсил сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, Дуров молиявий кўмак кўрсатишни тўхтатганидан кейин уларнинг яшаш шароити ёмонлашган. «Биринчи марта эконом класс билан учганимизда болалар [бунга қадар фақат шахсий самолётда парвоз қилган] «бошқа одамлар қаердан келиб қолганини» сўради», — дейди аёл. Болгарнинг сўзларига кўра, улар аёл консалтинг компаниядан ишлаб топадиган 8,5 минг евро маошга яшамоқда.

Аввалроқ Ирина Болгар исмли аёл Telegram асосчиси Павел Дуровни фарзандига нисбатан «жисмоний зўравонлик ишлатганликда» айблаб, Швейцария судига даъво аризаси киритгани тўғрисида хабар берилганди.

Павел Дуров — кўп фарзандли ота. Forbes маълумотларига кўра, бизнесменнинг курсдоши Даря Бондаренко 2009 йилда Дуровдан Алина исмли қиз, 2020 йилда эса Михаил исмли ўғилни дунёга келтирган. Дуровнинг ўзи 29 июл куни дунёнинг 12 мамлакатида 100 дан ортиқ болага биологик ота ҳисобланишини айтган эди. Дуров ушбу баёнотни Ирина Болгар бизнесмен унинг уч нафар фарзандини отаси экани ҳақида гапира бошлаганидан кейин билдирган.

Мавзуга оид