Жаҳон | 18:42 / 30.08.2024
13746
2 дақиқада ўқилади

Назарбоевнинг собиқ келини одам ўғирлашда айбланиб, 12 йилга қамалди

Гулмира Сотиболди одам ўғирлаш, товламачилик ва ўзбошимчалик қилишда айбдор деб топилди.

Фото: Видеодан кадр

Олмаота суди Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев жиянининг собиқ рафиқаси Гулмира Сотиболдини 12 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди Centralasia.

У одам ўғирлаш, товламачилик ва ўзбошимчалик қилишда айбдор деб топилди. Унинг ҳайдовчиси ва ёрдамчиси Мади Ботиршаев одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд, шунингдек, Гулмира Сотиболдидан жабрланувчи фойдасига 2,6 миллиард тенге миқдоридаги моддий зарар ва 10 миллион тенге миқдорида маънавий зарар ундирди. Мади Ботиршаевдан 2 миллион тенге ундирилган. Иккаласи ҳам ўз айбига иқрор бўлмаган. Давлат айблови уларни мос равишда 13 ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Суднинг аниқлашича, 2019 йилда Гулмира Сотиболди қариндоши ва бизнес шериги Абай Жунусовни 5 миллиард тенгени ўзлаштиришда айблаган. У айбловни рад этган, шундан сўнг Сотиболди ёрдамчиси Мади Ботиршаевга мурожаат қилган. Улар биргаликда йигитни ўғирлаб, телефон ва паспортини олиб қўйишган. Жунусов 165 кун мажбуран ушлаб турилган. Бу вақт ичида Гулмира Сотиболди қариндошлари билан бирга Остона ва Олмаотадаги Жунусовга тегишли бир нечта ширкат ва квартираларни, офис майдонини ва машинани ўз ишончли вакиллари номига ўтказиб олган.

Гулмира Сотиболди Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев жияни Қайрат Сотиболдининг собиқ рафиқаси, улар 2002 йилда ажрашган.

Бу Гулмира Сотиболдига нисбатан суд томонидан чиқарилган учинчи ҳукм ҳисобланади. 2023 йил май ойида суд уни ўзбошимчалик ва одам ўғирлашда айблаб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилди. Ўша йилнинг июн ойида у ўзгаларнинг мулкини ўзлаштиргани учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид