Ўзбекистон | 20:34 / 31.08.2024
11591
7 дақиқада ўқилади

“Аввало ўзбек тилида ёзилсин” — Бухорода реклама баннерлари ва лавҳалар нега олиб ташланяпти?

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида бир қатор меҳмонхоналарнинг реклама ва ахборот пештахталари олиб ташланаётгани акс этган фотолар тарқалди. Kun.uz’нинг аниқлашича, маҳаллий ҳокимлик рекламалар, лавҳалар, ахборот матнларини реклама тўғрисидаги қонунга мослаштиришга киришган. “Тадбиркорлар матннинг таржимасини бошқа тилда бериши мумкин, фақат давлат тилидаги матндан кичикроқ шрифтда ёзилиши керак”, дейди вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов.

Telegram'даги Troll.uz каналида эълон қилинган суратлар

Бухоро шаҳрида меҳмонхоналарга тегишли ташқи ёзувлар олиб ташланмоқда. Бу ҳақда блогер Умид Ғофуров Telegram-каналида маълум қилди. Блогер эълон қилган фотоларда бир нечта меҳмонхоналарнинг ахборот матнлари олиб ташланаётгани акс этган.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш учун Бухоро вилояти ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов билан боғланди. Унинг таъкидлашича, реклама ёзувларини олиб ташлаш бўйича ишлар “Реклама тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 августдаги 428-сонли қарори асосида амалга ошириляпти.

“Реклама тўғрисида”ги қонунда барча рекламалар, лавҳалар, ахборот матнлари давлат тилида ёзилиши керак деб кўрсатилган”, – дейди у.

Лекин таъкидлаш керакки, қонуннинг 6-моддасидаги давлат тилига оид талаблар рекламаларга нисбатан белгиланган бўлиб, 2-моддада бу қонун талаблари реклама хусусиятидаги маълумотларни ўз ичига олмаган пешлавҳалар ва кўрсаткичларга нисбатан татбиқ этилмаслиги кўрсатилган. Шу билан бирга, “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига асосан, лавҳалар ва эълонлар давлат тилида бўлиши керак ва бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, рекламалар давлат тилида тарқатилиши зарур. Реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак. Ташқи рекламаларда бошқа тиллардаги таржима матни давлат тилидаги матннинг пастки қисмида, горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак. Рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши талаб этилади.

“Hotel” масаласида 2 та қонунбузилиш ҳолатлари бор. “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда ҳам, реклама тўғрисидаги қонунда ҳам бундай ёзувлар давлат тилида ёзилиши керак. Улар матннинг таржимасини бошқа тилда бериши мумкин, фақат давлат тилидаги матндан кичикроқ шрифтда ёзилиши керак. Масалан, “Hotel” деб ёзяптими, ундан каттароқ шрифтда “меҳмонхона” деб ёзиши керак. Туристларни жалб қиладиган матнни исталган тилида ёзсин, лекин биринчи навбатда у давлат тили – ўзбек тилида бўлиши керак. Биз “Hotel” деб ёзишни чекламаяпмиз”, – дейди Акбар Рустамов.

Унинг тушунтиришича, реклама, лавҳа ва ахборот матнлари нафақат давлат тили тўғрисидаги, балки юқорида назарда тутилган ҳукуматнинг тегишли қарори талабларига ҳам мослаштириляпти.

“ВМнинг 2023 йил 30 августдаги 428-сонли қарорида барча ахборот майдонлари бир квадрат метр ҳажмда бўлиши керак деган талаб бор. Бу ахборот майдони ҳар бир дўкон, ёки хизмат кўрсатиш объектининг ўзи ҳақида ахборот берувчи лавҳаси. Бундан каттаси реклама сифатида баҳоланади ва 428-сонли қарорга кўра, рекламалар белгиланган тартиб билан паспортлаштирилиши керак”, – дейди ҳокимлик масъули.

Ушбу талаб ҳукумат қарорининг 10-бандида назарда тутилган. Бунда юридик ёки жисмоний шахс томонидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар ҳамда жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида жойлаштирилган, реклама тусига эга бўлмаган, умумий майдони бир квадрат метрдан кўп бўлган эълонлар ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) сифатида эътироф этилиши ҳамда улар учун белгиланган тартибда реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиши белгиланган.

“Тадбиркорлар тўғри тушуниб, техникаларни жалб қилиб, ўзлари олиб ташлашларига тўғри келмаслиги учун лавҳаларни олиб ташлашга рози бўлишди. Тадбиркорлар қарор талабига кўра реклама лавҳаларини паспортлаштирганда my.gov.uz порталига, ўзининг шахсий кабинетига кириб, реклама хизматидан фойдаланган ҳолда, рекламасини паспортлаштириш учун ариза беради. Бунда бир марталик давлат божи ва ҳар ойлик йиғимларни тўлаш керак бўлади. Бу реклама лавҳаси турига қараб, ҳар хил суммада бўлиши мумкин.

Рекламани паспортлаштиришни хоҳламаганлар ўзи ҳақида маълумот берувчи пештахталарни қонунчилик талабига мувофиқ бир квадрат метрдан оширмасликлари мумкин, бунда ҳам тадбиркорларга ёрдам беряпмиз”, дейди Акбар Рустамов.

Унинг таъкидлашича, лавҳалар олиб ташланишидан олдин рақобат бошқармалари орқали уларга олдиндан огоҳлантириш берилган.

“Биринчи навбатда вилоят маркази, кейин туман марказларини қонун талабларига мослаштиряпмиз. Бухорони биласиз, сайёҳлар энг кўп келадиган ҳудуд – улар кўчаларга қараб, шаҳарга баҳо беради. Шундай ҳолат юзага келган эдики, рекламалар жуда тартибсиз ўрнатилганди. Баннерларни йўлнинг ўртасигача чиқариб қўядиганлар ёки рухсатсиз конструкция ўрнатганлар, йўлнинг қатнов қисмини эгаллаганлар ҳам бўлди.

Бундан ташқари, кўп тадбиркорларимиз дўконлар ва хизмат кўрсатиш объектларини таниқли, чет эл брендлари номлари билан номлашяпти. Бу ерда муаллифлик ҳуқуқи масаласи бор. Ҳеч қандай дилерлик ёки франшиза шартномаси бўлмаса ҳам, уларнинг номидан фойдаланишяпти. Биз эртага жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлсак, рухсатсиз менинг номимдан фойдаланди деб, бу брендлар тадбиркорларни жаримага тортиши ҳам мумкин. Бу борада ҳам тадбиркорларга тушунтириш бердик”, – дейди вилояти ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Рекламалар учун ойлик йиғимлар қанча?

428-сонли қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб “Ташқи реклама” рақамли мониторинг электрон тизими жорий этилиши керак эди. Шунингдек, давлат мулки бўлган ер участкалари, бинолар ҳамда иншоотларда янги ўрнатиладиган ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) қуриш ҳуқуқи учун электрон онлайн-аукцион якунлари бўйича тўлов ҳамда ташқи реклама ва ахборот объектларида (конструкцияларида) ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) учун йиғим ўрнига миқдори очиқ электрон аукцион савдолари орқали белгиланадиган ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш ва унда рекламани жойлаштиришга бўлган ҳуқуқ учун ягона ойлик йиғим жорий этилди.

Йиғим Тошкент шаҳрида реклама майдонининг (сатҳининг) бир квадрат метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизидан ва бошқа ҳудудларда 5 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, базавий ҳисоблаш миқдори 375 000 сўм этиб белгиланди. Демак, пойтахтда бир квадрат метр реклама майдони учун ойлик йиғим – 26250 сўмни, бошқа ҳудудларда эса 18750 сўмни ташкил қилади.

Мадина Очилова,
Kun.uz

Мавзуга оид