Жаҳон | 19:09 / 02.09.2024
6331
2 дақиқада ўқилади

Россия Марказий Осиё давлатлари билан иккинчи саммитга тайёрланмоқда

Россия яқин келажакда Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) иккинчи саммитини ўтказиш устида ишламоқда.

Фото: e-cis.info

Россия Марказий Осиё давлатлари билан иккинчи саммитга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров МГИМО талабалари ва ўқитувчилари билан учрашувда маълум қилди.

Унга кўра, турли дунё «ўйинчилари» ўртасида Марказий Осиёда таъсир ўтказиш учун кураш кетмоқда.

Россия яқин келажакда Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) иккинчи саммитини ўтказиш устида ишламоқда, деди вазир.

«Албатта, биз бир неча йил аввал яратган формат бор – «Марказий Осиё + Россия». Биринчи саммит ва бир қанча вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Биз ҳозир яқин келажакда иккинчи саммитга тайёргарлик кўряпмиз», деб қўшимча қилди у.

Сергей Лавров сўзларига кўра, Россия ҳеч кимга бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишни тақиқлай олмайди. «Бу бизнинг қоидаларимизда ҳам, тамойилларимизда ҳам йўқ: агар бирор давлат бунда афзаллик кўрса, шериклари билан муносабатларни ривожлантириши мумкин».

«Ҳа, мақсадли аудитория учун рақобат бор. «Марказий Осиё+АҚШ», «Марказий Осиё+Европа Иттифоқи» ва Германия, Франция, Япония, Ҳиндистон, Корея, Эрон, Туркия ва кўплаб форматлар мавжуд», деб эслатди у.

Шу билан бирга, Россия ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Россия ва Марказий Осиёнинг бешта давлати КХШТ ва МДҲ мажбуриятларига «бошқа давлатлар таклиф этаётган лойиҳалар таъсир қилмаслигини тўлиқ тушунишади».

«Марказий осиёлик ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимиз Ғарб билан муносабатларни ривожлантирса, мен бу ерда Ғарб шаффоф ва асосли мақсадларни кўзлаётганига шубҳа қилмайман, лекин айни пайтда Россия таъсирини ҳам сусайтирмоқчи», деб қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, «Россия + Марказий Осиё» биринчи саммити 2022 йил октябр ойида ўтказилган эди.

Мавзуга оид