Жаҳон | 12:45 / 03.09.2024
10665
21 дақиқада ўқилади

Париждаги ҳибс: Дуров нега Telegramʼни шу вақтгача модерация қилмаган?

Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда 96 соатни ҳибсда ўтказди, унинг ушланиши мессенжердан фойдаланувчи давлатларда бош янгилик бўлиш билан бирга Францияда катта сиёсий можарога айланди — Дуровнинг иши дунё миқёсида давлат ва интернетнинг муносабатларида бурилиш ясовчи онга айланиши мумкин.

Парижда ушланиб қолган

Ле Бурже аэропортида ушланганидан бир ҳафта ўтиб, суд назорати остида озод қилинганидан сўнг Дуров ишида жавоблардан кўра кўпроқ саволлар пайдо бўлди. Нега Telegram асосчиси айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг унга нисбатан эътирози бўлган Парижга учган? Либертариан ва ҳукуматлар билан ҳамкорликдан қочувчи Дуровни у бир неча бор учрашган Эммануэл Макрон билан қандай муносабатлар боғлайди? Нега у қўлга олинганида Макронга яқин миллиардер билан боғланишни сўраган? Ниҳоят, Франция ҳокимияти Telegramʼдан ўзи нима истаяпти?

Бу саволларнинг биринчисига Telegram асосчисининг танишларидан бири шундай жавоб берган: агар у ордер ва тинтув ҳақида олдиндан билганида Парижга бормаган бўларди. Сўнгги йилларда у ҳар ёз Францияга учган, чунки шу ерда вақтичоғлик қилишни ёқтирган. Бу йил ҳам истисно бўлмаган: МДҲ давлатлари бўйлаб дам олиш турнесидан сўнг, у ўзининг тўртинчи фуқаролик давлатига боришни истаб қолган.

Кейин бўлган ҳодисалар Дуровнинг ўзи учун ҳам, унинг шериклари учун ҳам мутлақо кутилмаган ҳол бўлган. «Шундай таассурот борки, бу аниқ бир кимнингдир чуқур ўйлаб кўрилмаган топшириғи ва бу бўтқага айланиб кетди, энди бу бўтқани умуман бошқа даражада тановул қилишга тўғри келади», — деган тадбиркорнинг танишларидан бири. Воқеа чиндан ҳам катта шов-шув келтириб чиқарди. Эммануэл Макрон икки марта ўзини оқлашига тўғри келди: унга 2021 йилда Дуровга фуқаролик бериш учун тушунарсиз асосларни ва бу воқеагача бир неча бор у билан махфий учрашганини эслатиб қўйишди.

Politico нашри ёзганидек, ишни ўт олдирган нарса Telegram болалардан шаҳвоний эксплуатацияда фойдаланиш ишлари бўйича француз полициясининг сўровларини беэътибор қолдиргани бўлган. Яширин операция давомида вояга етмаган қизларнинг интим фотоларини қўлга киритиб, сўнг уларни ошкор қилиш билан шантаж қилган гумондор ушланган. Кейинроқ тергов давомида у вояга етмаган болага жинсий тажовуз қилиб, уни ҳам шантаж қилганини тан олган.

Бу иш бўйича Павел Дуровни тинтув қилиш тўғрисида ордер 2024 йил мартида ёзилган, бундан ташқари, унинг акаси Николай ҳам қидирувга берилган. У платформанинг асосий алгоритмлари яратувчиси ва моҳиятан Telegramʼдаги иккинчи шахс ҳисобланади. Николай Дуров омма орасида кўриниш бермайдиган инсон, у қаердалиги аниқ эмас.

«Дуров бундай хатларга жавоб ёзмаслик ҳолатини осонгина тасаввур қила оламан, — деган компания иши билан таниш бўлган ҳамсуҳбатлардан бири. — У маълумотлар ва ёзишмалар тўғрисидаги қолган хатларни ҳам худди шу каби эътиборсиз қолдиради».

Нафақат Франция

Дуровнинг Францияда ушланиши платформага нисбатан махсус хизматлари қўлидан иш келмаётганини тан олган бошқа давлатларнинг ҳам эътирозлари тўлқинини келтириб чиқарди. Натижада ҳафта ичида:

  • Германияда Telegram ҳокимият билан етарли тарзда ҳамкорлик қилмаётганини эслатиб қўйишди. Конституцияни ҳимоя қилиш бўйича федерал идора бошлиғи ўринбосари Зинан Зелен бошқа платформалар давлатнинг сўровларига тезда ва ишончли реакция билдиришини айтиб, фақат Telegram билан «ҳеч қандай ахборот алмашинуви йўқлиги»ни билдирган.
  • Telegram август ойида фойдаланувчиларнинг аниқ сонини тақдим этмаган Европа Иттифоқининг бирлашган тадқиқот маркази платформанинг ЕИдаги аудиторияси бўйича суриштирув бошлаган. Қонунга кўра, ойига 45 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган платформаларга модерациянинг қатъийроқ талаблари қўйилади. Telegramʼнинг ўзи ҳозирча Европада 41 млн фойдаланувчиси борлигини маълум қилган.
  • Жанубий Корея Telegramʼдан мессенжерда тобора кенг тарқалаётган порнофейклар бўйича саволларга жавоб  талаб қилган. Ҳукмрон партия Telegram билан ҳамкорликдаги бош муаммони компания серверлари хорижда жойлашгани билан боғлаган.
  • Индонезия эса порноконтент модерацияси ва қимор ўйинларини илгари суриш билан боғлиқ муаммолар туфайли Telegramʼни блоклаш билан огоҳлантирган.

Хуллас, платформага умумий эътирозлар — етарли тарзда модерация йўқлиги ва жиноятларни суриштиришда ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишдир. Наҳотки Telegram ушбу талабларни бажаришга ожиз бўлса?

Модерациянинг уч босқичи

Telegramʼда атиги 50 киши ишлайди. Уларнинг 30 нафари ишланмалар билан шуғулланувчилар. Бу ҳақда шу йил баҳорида Павел Дуровнинг ўзи Такер Карлсонга берган интервюсида мақтанган. Компанияда барча йирик бизнесларга хос бўлган HR ва бошқа бўлимлар йўқ. «Мен ҳануз кўплаб функцияларни ўзим ишлаб чиқаман ва бу функцияларни жорий этувчи ҳар бир инженер, дизайнер билан тўғридан тўғри ўзим гаплашаман. Мен ягона продакт-менежерман, чунки айнан шу йўл билан ривожланишга ёрдам бера оламан, деб ҳисоблайман», — дея ишонч билан тушунтирган Дуров, Telegramʼни шиширилган штатлар ва самарасиз жараёнларга тўла компанияларга солиштириб.

Бу иқрордан келиб чиқадики, Telegramʼда модерация билан ҳам ҳеч қачон кўп одам шуғулланмаган. Автоматлаштириш мумкин бўлган нарсаларнинг барчаси автоматлаштирилган, — дея вазиятни тушунтирган компания иши билан таниш The Bell суҳбатдоши.

Telegramʼда контент устидан ҳеч қандай назорат йўқ деб ҳам бўлмайди. «Платформада уч даражали модерация бор. Биринчиси — чат ва ҳамжамиятларда, бу ерда у ташқи ечимлар ихтиёрига топшириб қўйилган», — дейди Combot модерацион сервиси асочиси Фёдор Скуратов. Бундай сервислардан администраторлар ўз чатлари ва каналларидаги модерацияни созлашда фойдаланишади.

Иккинчи даража — бу шикоятлар тизими. Ҳар қандай фойдаланувчи «Report» тугмасини босиб, ўғирланган, таҳдид ёки зўравонликка йўғрилган, порнография ёки болалар учун зарарли контент мавжудлигини билдириб, исталган оммавий пост устидан шикоят қилиши мумкин. Бу шикоятлар модерацияси билан ташқи пудратчилар шуғулланишади, асло Telegramʼнинг штатдаги ходимлари эмас, дейди Скуратов. Улар қанчалиги ва қаердалиги эса — номаълум.

Учинчи даража — бу асосан спамларни ва платформада инсон учун хос бўлмаган шубҳали ҳаракат қилувчи бошқа паттернларни тутиб олувчи алгоритмлар. Улар биринчи навбатда ўзаро ёзишмалардаги спамларга қарши курашиши керак. Автоматлашган модерацияни гуруҳли чатларда ҳам созлаш мумкин, дейди Скуратов. Лекин унда алдамчи ишлаб кетишлар кўп ва у олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолда ишлайди — шу сабабли чатлардан жуда кам фойдаланилади. Бироқ худди шу алгоритмлар аккаунтларни ўғирлашга қарши курашда ёрдам беради. Шубҳали киришдан сўнг блоклаб, улар ўғирланган аккаунт орқали фойдаланувчи юборган сўнгги шахсий ёзишмалар ва гуруҳдаги жўнатмаларни ўчиради ва бу билан қурбоннинг танишлари фирибгарлар тузоғига тушиб қолишига халақит беради.

Ҳар қандай платформада икки йўл бор, дейди The Bellʼнинг бошқа бир суҳбатдоши. Худди Meta каби ҳар бир аксириш учун блоклайдиган платформа бўлиш мумкин ёки Telegram каби ҳеч нарсани цензура қилмаслик керак, деб ҳисоблаш мумкин.

«Дуров одамлар Telegramʼдаги шахсий ёзишмаларида бир-бирига нима ёзаётганига умуман аралашмаслик керак, деб ишонади», — дея тадбиркорнинг мантиғини тушунтиради унинг танишларидан бири. «Агар мен Дуров кимнингдир шахсий ёзишмаларини кузатишни ўзига лозим деб топади, деб ўйлаганимда мен ҳеч қачон Telegramʼдан фойдаланмасдим», — дейди бошқаси.

Дуров агар бу ҳеч кимга халақит бермаётган бўлса, тураверсин, деган принципни ҳимоя қилган. «Масалан, порно омма учун очиқ чат ва каналларда эълон қилинмаса, тураверсин деган», — дея тасдиқлайди Скуратов. Telegramʼда модерациянинг чўққисига энг аввало фойдаланувчининг комфорти жойлаштирилган — унга ёқимсиз хабарлар ёзмасликлари учун. Бироқ фойдаланувчининг ўзи Telegramʼда нимадир топиб олиши учун моҳиятан ҳеч қандай чекловлар йўқ, дейди Скуратов.

Telegram тарихан модерациянинг максимал автоматлаштирилган усулларидан фойдаланишни таклиф этиши учун сабаблардан яна бири — штатни кенгайтирмаслик: чунки бу лойиҳани кичик жамоанинг барча афзалликларидан мосуво этади, шунингдек, хавфсизликка ҳам таҳдиддир. «Масалан, инсон модераторларни ёллаш — бу бир томонга чипта харид қилишдир. Улар ҳеч қачон етарли бўлмайди. Бу яна маълумот сиздиришлар хавфини оширади: маълумотларга уланиш имконига эга инсонлар қанча кўпайса, бу хавфсизлик учун шу қадар ёмон», — дейди Скуратов.

Эҳтимол, Telеgram энди пайдо бўлган пайтларда бу ёндашув иш бергандир. Бироқ, муаммо шундаки, жуда тез кўтарилиши натижасида платформа ҳаттоки шундай қоидалар тўпламига ҳам риоя этолмай қолди ва специфик контент Telegramʼнинг омма учун очиқ қисмига ҳам сизиб ўта бошлади. Пировард натижада инсонлар ва пул етишмовчилиги туфайли Telegram шунчаки улгура олмай қолди, дейди Combot асосчиси.

Хуфиёна бизнес учун маркетплейс

Бошқа бир муҳим шарт-шароит ҳам бор. Деярли энг бошидан Telegram нафақат мессенжер, ижтимоий тармоқ ё блог-платформа, шунингдек, маркетплейс сифатида ривожланишни олдига мақсад қилган. 2015 йилга келибоқ платформада ботлар ясаш имконияти тақдим этилди ва Telegramʼга улар билан турли-туман «сотувчилар» кириб келди.

Telegram мини-иловалар — ўша ботларни яратиш имкониятини тақдим этган илк платформа бўлди, — дейди The Bell билан суҳбатда Евгений Антипов. Бу ҳам жуда қулайлик яратди, чунки Apple ва Google дўконларидан фарқли ўлароқ Telegramʼда ҳеч қандай модерация йўқ эди, демак ишлаб чиқувчилар ўз мини-иловаларини қатъий текширувдан ўтказмасдан чиқараверишлари мумкин бўлди. Моҳиятан, Telegramʼдаги ботлар учун қоидалар чатлар учун қоидалар сингари эди. «Агар Telegram ўз ботлар маркетини ташкиллаштирганида, у эълон қилинишидан аввал модерацияни жорий қилиши керак эди. Лекин бундай бўлмади, бинобарин ҳеч қандай модерация ҳам бўлиши мумкин эмасди», — дейди Антипов.

Бу ишлаб чиқувчилар учун тўсиқни олиб ташлади ва Telegramʼга кўплаб турли-туман бизнеслар кириб келиши учун замин яратди, дейди Антипов. Telegramʼнинг русийзабон сегментида кўплаб сиздирилган маълумотлар базаси бўйича қидирув олиб борувчи ботлар пайдо бўлди. «Биз Telegramʼда 2016-йилларда муқим ўрнашиб олдик», — дея бу сўзларни тасдиқлайди The Bellʼнинг маълумотлар бозорида ишловчи суҳбатдоши. «Бизнес учун Telegramʼнинг хуфиёна зонасида иш олиб бориш жуда қулай, боз устига у ерда ҳамма ўтиради — хизматларни мижоз бор жойда сотиш ҳам қулай. Ҳам аноним», — дейди у. Бундай бизнесларда сотув учун каналлар яратиш, у ерга прайсларни жойлаштириб, блокировка ва бошқа ташкилий масалаларни тушунтириш имконияти ҳам қулай бўлди, деб фикрини давом эттирди у.

Монетизация асири

«Бу бизнинг ДНКмизда: ҳеч қандай оммавий сотувлар, ҳеч қандай реклама ва ҳеч қандай инвестор пуллари», — деб ёзган эди Telegram аккаунтининг администратори мессенжер ишга туширилганидан бир йил ўтиб, 2014 йилда Twitterʼда. Дастлабки пайтларда Дуров янги компаниясини ўз пуллари билан таъминлаган («В Контакте»нинг сотилишидан у 400 млн доллар ишлаб олган эди). 2015 йилга келиб, мессенжер 60 млн фойдаланувчи тўплаганда у ойига бир миллион доллардан сарфлай бошлаган. 2020 йилга келиб, аудитория 500 миллионгача ўсганидан сўнг Дуровнинг тан олишича, Telegramʼни сақлаб туриш учун йилига юзлаб миллион доллар сарфлана бошлаган. Ҳозир Telegramʼнинг ўзи таъкидлашича, мессенжернинг фаол фойдаланувчилари сони миллиардга яқинлашмоқда.

Монетизация режасини Дуров камида олти йилдан буён ўйлаб юрибди. 2018 йилда у марказлашмаган блокчейн-платформа — замонавий интернет ўрнини босадиган, ўз браузери, сервислари ва муқобил тўлов криптотизимига эга, марказий банклар ва ҳукуматлар назоратга ололмайдиган TON лойиҳасига пул тикди. Буни яратиш учун пулни инвесторлардан ўша пайтда урфга кирган ICO жараёни орқали жалб қилишга қарор қилди. Битимга кўра, блокчейн ишга туширилгач, инвесторлар унинг Gram криптовалютасини олиши лозим эди, у Telegram ички экотизимида ишлатилиши туфайли қадри ошиб борар ва шу йўл билан инвесторлар тиккан пулларини ортиғи билан чиқариб олишарди. Инвесторларга Telegram сармояларини ўн карра феноменал оқлашини ваъда қилганди. 2018 йил бошида потенциал харидорлардан бирига киритилган сумма 10-50 баробар бўлиб қайтишини шама қилишган, дейилган кейинчалик Telegramʼнинг АҚШ қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси (SEC) билан судлашув материалида. Истиқболли криптовалюта сифатида бу даврда Gram маркетинги билан Дуровнинг шахсан ўзи шуғулланган.

Ажиотаж жуда катта бўлди, даҳо Дуровдан фойдаланиб бойиб олишни истовчилар кўп бўлди. «Ёдимда, Давосдаги форумда (2018 йил январи охирларида) Олег Дерипаска кеча ташкиллаштирди ва Дуров унда меҳмон бўлган. Унинг олдига катта бизнесменлар келиб, TON ҳақида сўрай бошлаганда, улар қайтариб юбораверганди», — дея эслайди The Bell билан суҳбатда ўша ерда ҳозир бўлган инвесторлардан бири. Натижада инвестицияларнинг икки босқичида Telegram лойиҳаси учун 175 инвестордан 1,7 млрд доллар жалб қила олган. Уларнинг орасида Кремний водийсининг Kleiner Perkins, Benchmark ва Sequoia Capital каби йирик фондлари ҳам бўлган. Россиялик инвесторлар орасида сармоя ётқизганини ўзлари тан олган Давид Якобашвили ва Сергей Солониндан ташқари, Роман Абрамович, Саид Гуцериев ва собиқ вазир Михаил Абизов бор дейишади.

Бироқ, алалоқибат ICO Telegram учун катта муваффақиятсизлик билан якун топди. Дуров ҳаттоки ўз криптовалютасини SECʼда рўйхатдан ўтказишга ҳам уринмаган, бироқ Американинг назорат органи бунга кўз юмишни истамай, лойиҳани судга берган, Telegram эса судда ютқазган. Миллиардлаб доллар билан ўлчанадиган икки ярим йиллик раунддан сўнг Дуров TON узил-кесил ёпилишини эълон қилди. Бу вақтга келиб у жалб қилинган пуллардан бир неча юз миллионини сарфлаб ҳам бўлган эди. «Гарчи инвесторларнинг хотираси қисқа бўлса ҳам, қўллари узун», дея эътироз билдирганди ўшанда The Bell билан суҳбатда инвесторлардан бири. Улар сўнгги дақиқаларгача блокчейн ишга туширилмаса ҳам, пулларни қайтариш ё компенсация тўлаш борасида «Павел нимадир ўйлаб топади», деб умид қилишди. 

Павел фақат облигацион қарзлар ўйлаб топишни уддалади. Қолган йилларда Telegram фақат қарз олиш билан машғул бўлди. Сўнгги уч йил ичида компания 2,3 млрд доллардан зиёдроқ қийматга бондлар жойлаштирди. Бироқ Дуров монетизация билан тажрибаларини давом эттираверди. «Бизда ҳеч қачон реклама бўлмайди», деган муросасиз позициядан «Биз ҳеч қачон Telegramʼда 30 сониялик роликлар кўрсатмаймиз»га ўтилди. «Агар биз қачондир реклама жорий этсак, у фақат серверга юклама туширувчи ва хизмат кўрсатиш қимматга тушувчи йирик каналларда намойиш этилади», — деб ёзганди у 2021 йил январида.

Пировардида Telegramʼда чиндан ҳам реклама пайдо бўлди. The Bell суҳбатдошлари унинг самарадорлигини баҳолар экан, бутун 2023 йил учун 50-100 млн доллар рақамларини қайд этишган. Telegramʼнинг ўзи ўшанда бу рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган. Рекламадан ташқари Telegram Premium пулли хизматига обунани ишга туширди ва у платформа тушумининг сезиларли қисмини ташкил этиши лозим эди. Йил бошида Дуровнинг ўзи 5 миллион пулли обуначи ҳақида ёзган эди, уларнинг айни пайтдаги сони қанчалиги номаълум.

Шу йил ёзида Telegram ўз ички валютасини ишга туширди — Gram ўрнига Stars келди. Энди Telegram ичида сотиладиган товарлар ва хизматлар учун расман фақат унда тўлов қилиш мумкин. Starsʼнинг пайдо бўлиши зарур шарт эди: афтидан, платформа ичида ўз шахсий дўконидан ташқарида тўловлар ўтаётганидан норози Apple Telegram билан қасдлашиб қолган. Дуровнинг ўзининг ёзишича, Starsʼнинг пайдо бўлиши мини-иловаларга «рақамли хизматлар учун android ва iOS иловаларида энг содда тўлов усулидан фойдаланиб тўловларни қабул қилиш имконини яратади». Фактга кўра, Telegramʼда илова ичида тўловлардан ўзининг кичик комиссиясини олиш имконияти пайдо бўлди, бирйўла ички транзакцияларни «шахссизлантириш» ҳам мумкин: энди фойдаланувчи хизмат сотаётганларга тўғридан тўғри тўлов қилмайди, сервиснинг қандайдир ички валютасини шунчаки харид қилади.

Яқин-яқингача Telegramʼнинг пул ишлашга бўлган уринишлари нима билан тугагани номаълум эди. Лекин эндиликда The Financial Times платформанинг ўтган йилги молиявий кўрсаткичларини ўрганишга муваффақ бўлган. Компания ҳамон зиёнда. Telegram тушуми 342 млн долларга тенг бўлган, операцион зарар — 108 млн доллар, солиқлар тўланганидан кейинги зарар — 173 млн доллар. Компания ўз балансида ушлаб турган криптоактивлар қиймати ошиши ҳисобига молиявий йўқотишларини қисман қопламоқда. Уларнинг умумий қиймати ўтган йили 400 млн долларга баҳоланган. 2024 йилда Telegram ўзининг Toncoin захираларидан бир қисмини 224 млн долларга сотган ҳам. Дуров Парижда ҳибсга олинганидан сўнг ўтган бир ҳафта ичида Toncoin 20 фоизга арзонлашиб кетган.

Энди нима бўлади?

Дуровнинг ушланиши унинг компанияси учун молиявий ҳалокатга айланиб кетиши мумкин, деб ёзади FT. 2,3 млрд доллар қарзни график бўйича компания 2026 йил мартигача сўндириши керак. Бу вақтга келиб бонд харидорлари ўз пулларини фоизи билан ортга қайтариб олишлари керак (облигациялар йиллик 7 фоиз даромад билан чиқарилган), ёки дисконт билан IPO'да иштирок этиши керак (2026 йил мартигача бу дисконт 20 фоизгача ўсиши керак). Агар аввал Telegram IPOʼсига оид режаларга ғоявий саволлар бўлган бўлса — асосчи сифатида ташқи назоратдан қочиб, компанияга бошқа инвесторларни яқинлаштирмаган Дуров директорлар кенгаши, штатдаги «ортиқча кишилар» ва ҳар чораклик ҳисоботга рози бўлиши керак — энди ҳозирги шароитларда жойлаштириш имконлими деган савол кўндаланг бўлди. FTʼнинг ҳисоблашича, бу амалда имконсиз: Дуровга қарши иш шундоқ ҳам зарарга кириб ётган бизнесга катта зиён келтириши мумкин.

Бироқ оптимистлар ҳам бор: IT инвестиция қилган Антон Аграновский ўз Телеграм каналида ёзишича, алоҳида олинган йилдаги зарарларга қараб, Telegramʼнинг жуда тез кўтарилгани ва тўловга қодир аудиторияни ҳисобга олмаслик ғалати. «Бундай мантиқ билан Twitter (эндиликда X) 2023 йил аввалида ёпилиб кетиши керак эди. Ўсиш суръатлари, ривожланишга сармоялар ва бу сармоялардан кутилмалар мажмуасида Telegram рақамларини кўплаб инвесторлар жуда ажойиб деб қабул қилишади», деган эксперт.

Ҳозирча янгиликлар инвесторларни асабийлашишга мажбур қилмоқда: Дуров ҳибсга олингач компания облигациялари бир доллардан 90 центгача тушиб кетган. Бироқ Telegram тинчлантиришга шошилмаяпти: облигация харидорларидан бирининг айтишича, ўтган бир ҳафта ичида мессенжер вакилларидан ҳеч ким у билан алоқага чиқмаган.

Бизга бундан нима?

Telegram тўқнаш келган муаммолар миллиард фойдаланувчи билан боғлиқ бизнесга жиддий таъсир қилиши мумкин. Буни фақат Дуровнинг эрксеварлиги билан тушунтириш ярамаса керак — чунки у прагматик бўлишни ҳам эплар экан, зарурият туғилса Медведев билан ҳам, Макрон билан ҳам гаплашар экан. Бу ўтган давр ичида Дуров турли давлатларда алоҳидалик ва жамоат хавфсизлиги орасида мувозанатга эришиб кела олган. Энди тахмин қилиш мумкинки, агар Telegramʼда кучли монетизация модели пайдо бўлганида у ўз хавфсизлиги учун кўпроқ эътибор қаратган бўларди — унинг барча катта рақобатчилари шундай қилади. Telegram ва унинг барча фойдаланувчилари, жумладан бизда иккинчи имконият бўладими-йўқми, яқинда билиб оламиз.

Мавзуга оид