Жаҳон | 23:03 / 04.09.2024
4191
2 дақиқада ўқилади

Римда яшин уриши оқибатида Константин аркасига шикаст етди

Арканинг синиб тушган барча бўлаклари топилган ва хавфсиз жойга олиб ўтилган. Ҳозирда етказилган зарарни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Reuters

Римда Колизей яқинида жойлашган Константин аркаси яшин уриши оқибатида шикастланди. Эрамизнинг IV асрида қурилган ушбу иншоот Италия пойтахтининг диққатга сазовор туристик масканларидан ҳисобланади.

Колизей археологик боғи маъмуриятида яшин оқибатида арканинг бир қисмига шикаст етганини тасдиқлади. «Яшин тўғри аркага урилди, кейин эса бурчакка тушди ва биз унинг бир бўлаги ажралганини кўрдик», — дейди гувоҳлардан бири.

Қайд этилишича, арканинг «синиб тушган барча бўлаклари топилган ва хавфсиз жойга олиб ўтилган». «Ҳозирда етказилган зарарни баҳолашни бошлаб юборганмиз ва эрта тонгдан ишларни давом эттирамиз», — дейилади боғ маъмурияти хабарида.

Reuters’нинг ёзишича, яшин аркага жануб томондан икки кун олдин реставрация ишлар бошланган жойга келиб урилган.

Насронийликни қабул қилган биринчи Рим императори Константин аркаси эрамизнинг 312 йилида қурилган. Рим мэри Роберто Гуалтерининг маълум қилишича, Римда кузатилган момақалдироқ «мисли кўрилмаган ҳодиса» ҳисобланади.

«У жуда кучли эди, қисқа вақт ичида шаҳарнинг айрим қисмларида, жумладан, тарихий марказида кузатилди», — дейди мэр.

Мавзуга оид