Жаҳон | 11:44 / 08.09.2024
13135
18 дақиқада ўқилади

«Талончилик билан айнан ҳарбийлар шуғулланаётганидан хабарингиз йўқми?» Курскликлар нега ўз уйларини тарк этишдан қўрқмоқда

Фото: AFP

Курск областининг чегара ҳудуддаги шаҳарлари ва қишлоқлари аҳолиси нисбатан хавфсизроқ жойларга эвакуация бўлишни истамаяпти, улар жумладан ўз уйлари россиялик ҳарбий хизматчилар томонидан таланишидан ҳам хавфсирамоқда. Одамлар армияни обрўсизлантиришда айбланишдан қўрқиб, фронт ҳудудидаги талончиликлар ҳақида ўта эҳтиёткорлик билан шикоят қилишмоқда. BBC рус хизмати жабрланувчилардан бир нечаси билан гаплашган.

Москвалик Андрейнинг (исми хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзгартирилган) қайнонаси Курск области Глушково районида яшаган, унинг ўлимидан кейин у ерда рафиқасининг акаси қолган. «Мен 18 август куни аллақачон „Ҳаймарс“ илма-тешик қилган кўприк орқали ўтдим. Ҳарбийлардан қайтиб кетиш учун қанча вақтим борлигини сўрадим. Улар менга ажабланиб қаради ва умуман кета олмаслигим мумкинлигини ҳам айтишди», — дея ҳикоя қилади у.

Украин армияси Суджани эгаллаб, авиация эса Сейм дарёсидан ўтган кўприкларни вайрон қилгач, Глушково райони амалда Россиянинг асосий ҳудудидан узилиб қолди. Ушбу ҳудуд Украина қуролли кучлари томонидан эгалланиши хавфи сақланиб турибди. Шунга қарамай, маҳаллий аҳоли нисбатан хавфсиз жойларга эвакуация бўлишга шошилмаяпти, дейди Андрей.

«Мен бутун посёлкани айланиб чиқдим. Одам жуда кўп. Итлар ҳурмоқда, оч товуқлар қоқолаб юрибди. Дўконларнинг ойналари синган. Ҳеч қандай эвакуация бўлмаган! Бу ердан биринчи навбатда бутун раҳбарият суриб қолган», — дея посёлкадаги вазиятни тасвирлайди у.

Расмийлар ўз уйларини тарк этганлар тўғрисида турлича маълумот беришган: вице-премьер Денис Мантуров Курск областининг хавфли ҳудудларидан 115 минг киши олиб чиқилганини айтган, губернатор вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов эса президент Путин билан йиғилиш вақтида 133 минг киши эвакуация қилингани ҳақида маълумот берганди.

Маҳаллий аҳоли ўз хўжаликлари ва мулкларини ташлаб кетишни хоҳламайди, Андрейнинг рафиқасининг акаси ҳам барча нарсани талончиларга қолдирмаслик учун Глушковони тарк этишни режалаштирмаган. Ҳарбийлар нима учун талончиликка қарши курашмаётгани тўғрисидаги саволга Андрей шундай жавоб қайтаради: «Яхши савол. Айнан ҳарбийлар талончилик билан машғул эканидан хабарингиз йўқми?» Кейин аниқлик киритади: «Мен ҳеч қачон украин пропагандасини тарғиб қилмайман. Аммо ҳарбийлар талаган ўша дўконлар қайсилар эканини аниқ биламан».

23 август куни «Пепел. Курск» телеграм-каналида россиялик уч нафар ҳарбий хизматчи Глушково райони Званное қишлоғида Wildberries омборхонасини тунаётгани акс этган видеоёзув тарқалди. Ундан бир неча кун олдинроқ эса Чеченистон Республикасидан бўлган икки ҳарбий Глушковонинг ўзида «Мегафон» уяли телефонлар дўконига ўғриликка тушганди.

Таниқли z-блогер, яқинда Курск области губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирновнинг маслаҳатчиси этиб тайинланган Роман Алёхин ўшанда айбдорлар тезда топилгани ва қўлга олинганини хабар қилган, шунингдек, талончилик муаммосини ҳал қилиш учун қатъийроқ чоралар кўришни таклиф қилганди: «Ҳарбий либос кийган ва тинч аҳоли вакилларини, айниқса махсус ҳарбий амалиётнинг илк кунларидан ҳарбийлар учун егулик тайёрлаган, кийинтирган, ювиб берган ва тозалаган ўзимизнинг чегара ҳудуд аҳолисини талашни ўзига эп кўрган мудакларга мурожаат қиламан: сизлар тамом бўлган ахлатсиз ва сиз учун ягона чора — бу ўлим», — дея ёзган у ўз телеграм-каналида.

Россиянинг чегара ҳудудлардаги аҳоли яшаш манзилларига оид пабликларда одатий постнинг кўриниши қуйидагича бўлади:

Шарҳловчилар икки гуруҳга бўлинган: бир томон талончилик тўғрисидаги постларнинг муаллифларини «Украина ЦИПСО»га ишлашда (Украина қуролли кучлари Махсус амалиёт кучлари 72-маркази — ЦИПСО (Ахборий-психологих операциялар маркази) — россиялик ҳарбий блогерлар орасида машҳур номга айланган) айблайди. Фойдаланувчилар хабарлар нима учун аноним эканига ҳам қизиқишмоқда. Бошқалар эса уларга «бизнинг даврда нимадир ёзиш ҳаёт учун хавфли» дея жавоб беришган. Пабликларда аҳоли қўшни қишлоқлар — Ржава, Мордок ва Високое каби аҳоли яшаш манзилларидаги талончилик ҳолатлари ҳақида ҳам ёзишган. Одамларнинг шикоятига кўра, улар талончилик тўғрисида полицияга мурожаат қилишга уринганида, шундай жавоб олишмоқда: уларнинг уйи ўзлари ёки қўшнилари томонидан эмас, айнан ҳарбийлар томонидан очиб кирилганини исботлаб бўлмайди.

Курск области Коренево посёлкасида яшовчилардан бири қўшниларнинг уйлари талаб кетилгани ҳақидаги фото ва видеогувоҳликларни йиғишни бошлаган, шундан кейин мол-мулк йўқотилгани тўғрисида жамоавий даъво қўзғатишга уриниб кўрмоқчи.

«Талончилик рўй берган манзиллар. Болшое Солдатское, Коренево, Глушково. Биз бу масалани қандайдир йўл билан ҳал қилиш учун жиддий одамларга чиқишга ҳаракат қиляпмиз», — деган BBC билан суҳбатда у (хавфсизлик нуқтайи назаридан шахси ошкор этилмаслигини сўраган). Нашр суҳбатдоши армияни обрўсизлантиришда айбланишдан қанчалик қўрқиш-қўрқмаслиги сўралганида, шундай жавоб қайтарган: «Менинг тушунишимча, юқори мартабали ҳарбийлар бунинг барчасини қайтадан таснифламоқчи. Айтишларича, буни қўшниларга тўнкашади, худдики улар шундай иш билан шуғулланишган-у, кетишган. Ёки украинларни айблашади. Бу ерда ҳеч қанақа обрўсизлантириш йўқ. Агар кимдир ҳарбийлар бу иш билан шуғулланаётганини фото ва видеога олган бўлса, мен шунчаки у ерда бўлаётган фактлар ҳақида хабар берган бўламан».

Ҳарбийлар устидан шикоятлар айнан шундай оқибатларга олиб келишидан хавотирланувчи жабрланувчилар ҳам бор: «Мен ватанпарварман, ҳеч кимга ҳеч нарса демоқчимасман», — дея ёзган аввалроқ шаҳардаги пабликлардан бирида унинг уйини йўқлигида бузиб кирилгани ҳақида ёзган аёллардан бири BBC’га жавобан.

Курск области Количевка қишлоғида яшовчи аёл эса шундай жавоб берган: «Барчасини ўз кўзингиз билан кўриш учун келинг. Мен изоҳ бермайман».

Россия армияси урушнинг илк ойларида Украина шаҳарлари ва қишлоқларида худди шундай талончилик билан шуғулланганида ва ўғирланган маиший техникаларни ўз уйларига юборишганида Россия ҳукумати буни фейк деб атаган ва ҳеч қандай изоҳ бермаганди.

Маҳаллий расмийлар Курск области аҳолисининг шикоятларини ҳам изоҳламаяпти, қолаверса, шу кунларда бу регионда навбатдан ташқари губернатор сайловлари ўтказилмоқда, унинг якунларига кўра Алексей Смирнов «вақтинча вазифа бажарувчи» қўшимчасидан халос бўлиши керак. Бир ҳафта олдин Смирнов пропагандачи Владимир Соловёв дастури эфирида Курск областида гўёки «талончилар йўқлиги»ни айтганди.

«РИА Новости» давлат агентлиги эса маҳаллий аҳолига таяниб, Курск областининг Украина қуролли кучлари назоратига ўтмаган аҳоли яшаш манзилларида украиналик аскарлар рус аскарлари либосини кийиб олган ҳолда талончилик билан шуғулланаётганини даъво қилган.

Талончилик учун ҳукмлар йўқ

Курск областининг фронт яқинидаги ҳудудларидан эвакуация қилинган аҳолиси вақтинча жойлаштириш пунктларида
Mikhail Tereshenko/TASS

2022 йил сентябрида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан ярим йил ўтиб, Давлат думаси депутатлари Россия Жиноят кодексини 356.1-модда («Талончилик») билан тўлдирганди. Жиноятнинг янги таркибини киритган тузатишни қонунчилар иккинчи ўқишда бутунлай бошқа қонун лойиҳасига қўшишган ва муҳокамасиз қабул қилинганди. Талончилик моддаси бўйича 15 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

РФ ЖКга кўра, талончилик ҳарбий даврда ўзганинг мулкини ноқонуний қўлга киритиш ёки фойдаланиш деб ҳисобланади — агар бу «мажбурий зарурат» билан боғлиқ бўлмаган бўлса. Модда шундай тузилганки, ўлжа қилиб олинган маҳсулотлар машинада ташиб кетилмаслиги керак, аммо, масалан, дўкондан ёки аҳоли уйларидан озиқ-овқат ўғирланиши «мажбурий зарурат» деб баҳоланиши мумкин, дейди BBC билан суҳбатда «Гражданин. Армия. Право» ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи директори Сергей Кривенко. Унинг фикрича, «талончилик» тўғрисидаги модда пайдо бўлиши бу Россия армиясида кенг тарқалган ҳодиса эканини кўрсатади ва ҳукумат буни тўхтатишга қарор қилган.

Аммо, «Россиядаги жиноий ишларнинг ҳолати тўғрисида»ги расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 ва 2023 йилларда 356.1 («Талончилик») моддаси бўйича бирор киши судланмаган. 2024 йил бўйича статистика ҳали эълон қилинмаган, аммо суд ҳукмлари базасида ҳам талончилик учун қамалганлар ҳақида маълумот йўқ.

Шу билан бирга, йил бошидан буён Россиядаги судлар интернетда талончилик, хусусан, Бучадаги шундай ҳолатлар ҳақида билдирилган танқидий фикрлар юзасидан юзга яқин ишларни кўриб чиққан.

Бироқ, Россияда барибир ЖКнинг 356.1-моддаси бўйича ишлар қўзғатилган ва ҳатто судга оширилган. Ростов гарнизони ҳарбий суди ҳозирда 2024 йил май ва июн ойларида келиб тушган, етти нафар ҳарбий хизматчига нисбатан иккита ишни кўриб чиқмоқда, аммо суд маълумотлари базасида уларнинг фамилиялари яшириб қўйилган. «Медиазона» маълумотига кўра, июн ойида суд сайтида айбланувчиларнинг фамилиялари кўрсатилганди: Антон Мурин, Владимир Азаренко, Максим Алиев, Даниил Ведерчик, Евгений Вейнинг, Сергей Леонов ва Вадим Хренов.

Худди шу судга 2023 йил октябрида яна бир шундай иш келиб тушганди, бу Россияда талончилик бўйича илк иш бўлиб — унга кўра Руслан Качлавов айбланганди. «Медиазона» исми, шарифи ва фамилияси уники билан бир хил бўлган ҳарбий ҳақида маълумотларга эга, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги постларга таянган ҳолда, йирик миқдордаги талончилик содир этишда айбланиб қўлга олинган бу ҳарбий Украинада жанг қилган ва Путин томонидан Жуков медали билан тақдирланган, Владикавказдан бўлган подполковник Руслан Качлавов бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган. Иш судда рўйхатга олинганидан кейин «Медиазона» судланувчи Качлавов уй қамоғида эканидан хабар топган. Ҳозирда Ростов гарнизон суди базасида бу иш бўйича айбланувчининг фамилияси яшириб қўйилган, шу билан бирга, иш бошқа судга юборилгани кўрсатилган. Владикавказ гарнизон суди сайтида эса Качлавов ва талончилик бўйича бошқа ишлар ҳақида маълумот йўқ.

Фронт чизиғи Лговга яқинлашгани сари аҳолининг кўпроқ қисми шаҳарни тарк этмоқда ва уларнинг уйларини ҳарбийлар эгаллаб олганидан шикоят қилмоқда. Фото: Vladimir Gerdo/TASS

Ҳарбийлар томонидан талончилик қилингани бўйича ишлар суд ҳукми чиқарилиши ва ижро этилишига қадар етиб бориши имконияти жуда кам. 2023 йил ёзида Россия давлат думаси ҳарбий хизматчиларнинг жиноятларини тергов қилишни уларнинг командирлари илтимосига биноан тўхтатиб туришга имкон берувчи қонунни қабул қилди. Агар мародер фронтда мукофот олгудек бўлса, шунингдек яраланганидан кейин хизматдан бўшаганидан кейин ёки уруш якунлангач, унга қарши жиноий иш тугатилади. Расман бу иши аллақачон судга оширилганлар учун тааллуқли бўлмайди — улар ҳукм кучга кирганидан кейингина фронтга юборилиши мумкин. Аммо бу чекловни бекор қилувчи қонун лойиҳаси ҳам аллақачон Давлат думасига киритилган, амалда эса унга ҳозирнинг ўзида ҳам амал қилинмаяпти.

Россиянинг чегара ҳудудларида яшовчилар ҳам квартиралари ўққа тутилиши туфайли эвакуация бўлган ҳамқишлоқларининг уйларини тунаганидан кейин Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш ва фронтга йўл олиш орқали жавобгарликдан қутулиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, судлар маҳаллий мародерлар Украина қуролли кучлари зарбаларидан азият чекаётганини инобатга олиши мумкин. Аммо, BBC ўрганган суд ҳукмларига кўра, ундайлар тутиб олинганида, уларга нисбатан талончилик моддаси эмас, балки оддий ўғрилик моддаси қўлланмоқда.

Украина қуролли кучлари 2022 йилдан буён ўққа тутиб келаётган Курск областининг Глушково районида яшовчи пенсионер Иван Биковга суд шундай ҳукм чиқарган. 2022 йил ноябрида пенсионер одам яшамаётган квартиранинг эшигини бузиб кирган ва у ердан сув иситгич, газ қозони, иситиш радиаторлари ва микртўлқинли печ олиб чиққан. Суд унинг қарамоғида бўлган рафиқаси «Украина қуролли кучлари унинг уйини ўққа тутиши оқибатида танасининг 40 фоиз қисми куйгани ва эшитиш қобилиятини тўлиқ йўқотгани», судланувчининг ўзи ҳам «Украина томонидан ўққа тутиш» оқибатида яралангани фактларини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топган. Пенсионер 160 соатлик мажбурий меҳнатга ҳукм қилинган. Суд ҳукмида талончилик ҳақида сўз кетмаган.

BBC уруш давридаги чинакам талончилик бўйича суд жараёни ҳақидаги очиқ маълумотни Белгород области Шебекино суди томонидан 2024 йил февралда судланувчи Сергей Гребенковга чиқарилган ҳукмда учратган. 2023 йил июнида, Шебекино аҳолиси отишмалар туфайли ёппасига эвакуация қилинганида Гребенков шишадоши билан яшовчилари тарк этган уй деразасини синдириб, у ердан телевизор, чангюткич ва дазмолни олиб чиққан — Гребенковнинг ўзи айтишича, у бу буюмларни бир банкадаги қўлбола араққа алмаштирган.

Давлат айбловчиси Иван Богачев судда бу талончилик эканини айтган. Аммо Гребенковга бу модда бўйича айблов қўйилмаган — у ўғирлик учун бир ярим йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилган. Унинг шишадоши эса ўғирликдан кўп вақт ўтмай вафот этганди.

Россия ҳарбий вертолёти Курск области осмонида. Фото: Vladimir Gerdo/TASS

Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган регионларидаги талончиликлар ҳақида Россия судларида нималар дейилган?

BBC Херсон областининг оккупация қилинган қисмида Россия судининг талончилик тилга олинган ҳукмини учратган, аммо бунга бутунлай бошқа жиноят содир этилгани сабаб бўлган. Суд ҳукми Новая Збуревка қишлоғида яшовчи фуқарони ўлдирган Россия армияси аскари учун чиқарилган. Қотил судда гўёки уй эгасини талончиликда гумонлаганини айтган. Россия ҳукумати Херсон областининг оккупация қилинган қисмида ташкил этган гарнизон суди аскарни 9 йилга қамаган.

2023 йил 9 май куни маст ҳолатдаги оддий аскарлар Денис Чернов ва Игор Турко 59 ёшли Олександр Максименконинг уйи олдида Калашников автоматларидан «байрам салюти» уюштиришган, кейин эса «спиртли ичимликлар олиш учун» уйга киришган. Чернов уйда «кўп миқдорда маиший техника буюмлари»ни кўрган, унинг кўрсатмасига кўра, уй эгасига у «мазкур мулкларни талончилик натижасида қўлга киритганини айтиб даъво қила бошлаган». Уй эгаси бунга эътироз билдирганидан кейин Чернов автоматдан унинг бошига ва кўксига ўқ узган. Воқеа Жанубий ҳарбий округ судининг 2024 йил апрелида чиқарилган ҳукмида воқеа шундай тавсифланган.

Максименко ўлдирилишининг бошқа версияси 2024 йил январида Украина бош прокурори офиси томонидан келтирилган. Херсон областидаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси Черновга ҳам, Туркога ҳам қарши иш очган. Ҳужжатда кўрсатилишича, улар Ҳарбий-денгиз флоти соҳил қўриқлаш қўшинлари 22-армия корпуси таркибидаги 12676-ҳарбий қисмда хизмат қилишган. Украиналик терговчилар версиясига кўра, 2023 йил 9 майда икки ҳарбий аввалига Максименкони унинг уйи олдида калтаклашган (унинг ўғлини Украина қуролли кучларида хизмат қилишда гумон қилишгани учун), кейин эса унинг ортидан уйига бостириб киришган ва отиб ташлашган.

Украинада Чернов ва Турко тинч аҳоли вакилларига нисбатан шафқатсизлик ва қасддан қотиллик қилишда гумонланади. Халқаро нормаларга кўра, бу ҳарбий жиноят ҳисобланади. РФ ЖКда ҳам уруш олиб боришнинг бундай методларини қўллашни тақиқлаш тўғрисидаги 356-модда мавжуд, аммо Россия судлари уни россиялик ҳарбийларга нисбатан қўлламайди.

Россия судида қурбонини гўёки талончилик қилгани учун ўлдиргани ҳақида Донбассдаги қотиллик учун судланган Украина фуқароси Михайло Балабан ҳам айтиб ўтган. Россия томонидан оккупация қилинган ҳудуддаги «ДХР» олий суди Балабанни граната портлатгани учун 18 йилга озодликдан маҳрум этган — суд ҳукмига кўра, у портловчи қурилмани ўз танишлари ўтирган автомобил салонига улоқтирган (якунда улардан бири вафот этган). Гранаталарни Балабан урушга қадар ўзи ишлаган ва ДХР ҳарбийлари жойлашган компания ҳудудидан олиб кетган бўлган.

Балабан судда ҳарбий ҳаракатлар яқинидаги ҳудудда яшаган жабрланувчилар гўёки «пулемёт, гранаталар билан қуролланиб, талончилик қилгани», жумладан, «ҳалок бўлганларнинг қимматли буюмлари, қуроллари ва ўқ-дориларни йиғиштириш» билан шуғулланганини даъво қилган. Москвадаги биринчи апелляция суди унинг гапларини асоссиз деб топган.

Россия томонидан оккупация қилинган «ДХР» ҳудудидаги талончилик ҳолатлари ҳақида урушдан қочган ва мажбуран кўчирилганлар мақомига эришмоқчи бўлганлар (ИИВ ва суд уларга рад жавоби берган) ҳам хабар беришган, BBC буни Брянскдаги Кенгаш суди қарорларида учратган: «Шаҳарда ҳарбийлар томонидан оммавий талончилик ва қонунсизлик бўлганди». Шу билан бирга, «тинч аҳоли ҳар куни украиналик ҳарбийлар томонидан ўққа тутиларди». Суд Роман Сафронов ва Раиса Москаленконинг деярли бир хил шаклдаги шикоятларидан иқтибос келтирган.

Эълон қилинган қарор матнида даъвогарларнинг сўзларидаги «оммавий талончилик» қаерда ва қайси армия ҳарбийлари томонидан содир этилгани яширилган. Аммо содир этилган воқеа тавсифидан хулоса қилиш мумкинки, гап ўша вақтда Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилган Мариупол шаҳри ҳақида боради. Бинобарин, шаҳарнинг ўзида ўша вақтда россиялик ҳарбийлар бор эди.

Мавзуга оид