Йўлнинг чап “полоса”сида ҳаракатланган юк машиналари жаримага тортилиши мумкин
Сенат қўмитаси мажлисида скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасида юк автомобилларида рухсат этилган ҳоллардан ташқари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.
10 cентябр куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ҳамон сақланиб қолаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш ва аҳолига қулайлик ҳамда қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритиляпти. Бунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.
Қонун орқали амалиётга киритилаётган ўзгартиришларга асосан тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда. Шунингдек, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек индивидуал ҳаракатланиш воситалари ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.
Қонун билан ЙПХ ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.
Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап қаторини эгаллашга рухсат этилиб, бошқа ҳолларда чап қаторда ҳаракатланиш тақиқланган. Қайд этилишича, ушбу қоидабузарлик учун амалдаги қонунчиликда жазо чоралари белгиланмагани сабабли аксарият ҳолларда ҳайдовчилар йўлларнинг чап қаторларида бемалол ҳаракатланмоқда ва бу ҳолат автомобил йўлларида тирбандликларга ва аварияли ҳолатлар содир бўлишига олиб келмоқда.
2024 йилнинг ўтган 7 ойида юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ 303 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани оқибатида 108 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 227 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда қонунда юк автомобилларида йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлик (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
Мавзуга оид
15:10 / 13.12.2024
Онкологик касалликлар давоси ҳақида реклама жойлаштирган МЧЖ жаримага тортилди
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
12:29 / 30.11.2024
Жамоат транспортига ажратилган йўлакдан ҳаракатланиш қоидаларини бузганлар учун жарима жорий қилинмоқда
20:43 / 14.11.2024