Ўзбекистон | 20:47 / 10.09.2024
4079
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Янги Ўзбекистон кўчасидаги ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди

Давлат раҳбари ландшафт композицияси бўйича тавсиялар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Янги Ўзбекистон кўчасидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди.

Қайд қилинишича, узунлиги 11 километр, эни 86 метр бўлган бу кўча сўнгги йилларда энг катта йўллардан бирига айланди. Шаҳарнинг кенгайиши ва Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятидан келиб чиқилса, унинг келажаги ҳам истиқболли.

Давлат раҳбари қарорига асосан, Янги Ўзбекистон кўчасида ишбилармонлик маркази қурилиши ва йўли бўйи инфратузилмаси ривожлантирилиши белгиланган эди. Унга мувофиқ, дирекция тузилиб, меъморий концепция ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра, кўчанинг икки томонида миллий руҳга уйғун замонавий турар жойлар, меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилади. Сайилгоҳ ва кўнгилочар масканлар, пиёда ва велосипед йўлакчалари ташкил этилади.

Бу ерда «Тошкент-Шарқий» аэропорти ва Олимпия шаҳарчаси ҳам қурилмоқда. Президент ушбу иншоотлар атрофини ҳамда уларга олиб борувчи йўл бўйини кўкаламзорлаштириш бўйича кўрсатма берган эди.

Бу галги ташриф чоғида шу борадаги ландшафт дизайни таклифлари кўриб чиқилди. Унга кўра, Янги Ўзбекистон кўчасининг икки тарафи янада обод қилинади. Чинор, эман, лола дарахти, каталпа, писардия, кипарис, ҳинд настарини, лаванда, Сурия атиргули каби дарахт ва буталар декоратив шаклда экилади. Аэропорт олдида иккита фаввора барпо этилади. Умуман, бу ҳудуд Тошкентнинг «яшил белбоғи»нинг бир қисми бўлади.

Давлат раҳбари ландшафт композицияси бўйича ўз тавсияларини билдирди. Бу ерда экология, сифат ва маданият уйғунлашиши кераклигини таъкидлади.

Мавзуга оид