Жамият | 09:52 / 11.09.2024
5184
2 дақиқада ўқилади

Аёл кишининг суратларини интернетга қўйиб интим хизматлар таклиф қилган шахс ушланди

Қонунбузар шу йўл билан одамлардан пул ҳам ундириб, уларни банк картасига тушириб олган.

Навоийда аёл кишининг фотосуратларини қайта ишлаб, сўнг уларни Теlegramʼга қўйган ва интим хизматлар таклиф қилган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоятида яшовчи (аёл) К.Г. мурожаат қилиб, ўзининг расмлари номаълум шахс томонидан Теlegramʼда тарқатиб юборганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Навоий вилоятида яшовчи А.З. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган А.З. Теlegramʼда жабрланувчи (аёл) К.Г.нинг саҳифасидан у жойлаштирган фотосуратларини юклаб олган ва уларга махсус дастурлардан фойдаланиб ишлов берган.

Сўнг Теlegram ва “Одноклассники” ижтимоий тармоғида унинг номидан сохта саҳифалар яратиб, интернет фойдаланувчиларига интим хизмат кўрсатишини айтган ҳолда алдов йўли билан банк карталаридаги пулларини ўзлаштирган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан А.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 141/3-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид