Жаҳон | 14:07 / 14.09.2024
2476
2 дақиқада ўқилади

Россия шахмат федерациясини ФИДEдан чиқариш қарори бекор қилинди

Халқаро шахмат федерацияси июн ойидаги Россия шахмат федерациясини икки йилга ўз сафидан чиқариш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Бунинг ўрнига РШФ 45 000 евро жаримага тортилади. Украина Россия Федерациясини ФИДEдан чиқаришни талаб қилганди.

Фото: AP

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) Этика комиссиясининг Апелляция палатаси 12 сентябр куни Россия шахмат федерацияси (РШФ)ни икки йилга ушбу ташкилот сафидан чиқариш тўғрисидаги июн ойида қабул қилинган қарорни бекор қилди.

Бунинг ўрнига РШФ 45 минг евро жаримага тортилади. Агар Россия шахмат федерацияси бу жаримани 21 кун ичида тўламаса, Россия бир йилга Халқаро шахмат федерациясидан чиқариб юборилиши мумкин. 

ФИДE Этика комиссияси Апелляция палатасининг қарори устидан Лозаннадаги (Швейцария) Спорт арбитраж судига шикоят қилиш мумкин.

Украина Россияни ФИДEдан чиқариб юборишни талаб қилган

Худди шу ФИДE Этика комиссияси Украина шахмат федерацияси томонидан берилган шикоятдан сўнг июн ойида РШФни аъзоликдан вақтинчалик маҳрум этишга қарор қилди. Унда айтилишича, Россия федерацияси таркибига эгаллаб олинган Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областлари ҳамда Қрим клублари кирган.

Бундан ташқари, РШФ Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли бостириб киришида иштирок этгани учун халқаро санкциялар остидаги шахслар билан боғлиқ, деб таъкидлади шикоят муаллифлари - украиналик гроссмейстер Андрей Баришполец ва гроссмейстер Магнус Карлсеннинг мураббийи Хейне Нилсен.

ФИДE президенти, Россия Федерацияси бош вазирининг собиқ ўринбосари Аркадий Дворкович РШФ васийлик кенгашидаги иштироки учун ҳайфсан олди. Этика комиссияси унинг Россия президенти Владимир Путин билан «узоқ муддатли» яқин муносабатларини қайд этди. Энди Апелляция палатаси ҳам Дворковичга ҳайфсанни ҳам бекор қилди.

Россия ва Беларус жамоалари қайта тикланадими?

2022 йилда Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин Россия ва Беларус терма жамоалари халқаро мусобақаларда қатнашишдан вақтинчалик четлатилди. Бироқ ОАВ сентябр ойида ФИДE бош ассамблеяси Будапештдаги йиғилишда Россия ва Беларус терма жамоаларининг ҳуқуқларини тиклаш масаласини муҳокама қилишини хабар бермоқда.

Мавзуга оид