Жаҳон | 22:04 / 16.09.2024
8784
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистондан Ўзбекистонга от уюрини ноқонуний ҳайдаб ўтмоқчи бўлганлар ушланди

Ўш ва Жалолобод вилоятларида контрабандачилар қўлга олинди.

Фото: 24.kg

Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида махсус хизматлар Ўзбекистонга отларни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган контрабандачиларни қўлга олди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб 24.kg хабар берди.

Қайд қилинишича, Ўш вилояти Ўзган туманидаги Кўк-Тош участкасида махсус хизмат ходимлари 24 бош отни Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган маҳаллий фуқарони қўлга олган. Аниқланишича, у Ҳабибулла исмли ўзбекистонлик шахснинг илтимосига кўра маҳаллий чорва бозоридан от сотиб олиб, 80 минг қирғиз сўми эвазига чегарадан ҳайдаб ўтмоқчи бўлган.

Бундан ташқари, худди шундай ҳодиса Ахси туманининг Қорадўбо қишлоғида ҳам содир бўлган. У ерда 25 ёшли маҳаллий фуқаро ўн бош отни Ўзбекистонга ҳайдаб кетаётган вақтида қўлга олинган. Ҳайвонлар давлат фойдасига олиб қўйилиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Давлат хизмати балансига ўтказилган. Таъкидланишича, улардан давлат чегарасини ҳимоя қилиш учун фойдаланилади.

Мавзуга оид