Боксчи Усик Краков аэропортида ушланганидан кейин қўйиб юборилди
Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳаммаси жойида, Усик ушланганидан кейин қўйиб юборилган. Унинг хотини «тушунмовчилик» бўлганини даъво қилмоқда.
Украиналик боксчи Александр Усик Полшанинг Краков аэропортида ушланганидан сўнг қўйиб юборилди. Бу ҳақда 17 сентябр, сешанба куни Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.
«Менга ҳаммаси жойида, чемпионимиз қўйиб юборилгани ва уни энди ҳеч ким қўлга олмаслигини айтишди», деди Зеленский.
Украина раҳбари қўлга олинганидан кейин Усик билан гаплашганини таъкидлади: «Фуқаромиз ва чемпионимизга нисбатан бундай муносабат мени ғазаблантирди».
Давлат раҳбари ҳодиса сабабларини айтмади. «Мен Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва Украина ички ишлар вазири Игор Клименкога воқеанинг барча тафсилотларини зудлик билан аниқлаштиришни топширдим», — дея қўшимча қилди Зеленский.
«Ўйлайманки, у тафсилотларни ўзи эълон қилади»
Украина Олий радасининг Ёшлар ва спорт масалалари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жан Беленюк аввалроқ қўлга олиш акс этган суратларни эълон қилганди, у «ҳаммаси жойида» эканини таъкидлади. «Ўйлайманки, у тафсилотларни ўзи айтади», деб қўшимча қилди Беленюк.
Хотини: Тушунмовчилик бўлди
Усикнинг рафиқаси Екатерина «тушунмовчилик» юз берганини ёзди. «Усик - озодликда», деб қўшимча қилди у.
Александр Усик асли Симферополдан. Май ойида 37 ёшли спортчи оғир вазнда мутлақ жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Кейинчалик у Халқаро бокс федерацияси версияси бўйича унвондан воз кечди, сабаби керакли вақт оралиғида уни ҳимоя қила олмайди. Усик 2012 йилги Лондон Олимпиадаси чемпиони. Боксчи профессионал рингдаги 22 та жангнинг барчасида ғалаба қозонган. Усик 21 декабр куни Ар-Риёдда британиялик Тайсон Фюрига қарши жанг ўтказиши кутилмоқда.