Жамият | 18:35 / 22.09.2024
18935
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда аёл ёш боласини аёвсиз ургани видеоси тарқалди

Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса икки йил аввал содир бўлгани, ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда аёл киши гўдакни ургани видеоси тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати ҳодиса юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса икки йил аввал 2022 йилнинг август ойларида содир бўлган. 1997 йилда туғилган Л.М. Шайхонтоҳур туманида жойлашган яшаш хонадонида 2020 йилда туғилган фарзанди Р.С.га нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, жаҳл устида уни урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

“Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Якун бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади хабарда.

“Дарё” нашрида ёзилишича, ҳолат аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан ўрнатилган яширин камерага ёзиб олинган. У аёли фарзандини муттасил уриб, тан жароҳати етказиб, қийнаб келаётгани юзасидан ИИО ФМБга мурожаат қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шундан сўнг аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” (вояга етмаган шахсга нисбатан) ва “в” (ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан) бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов натижаларига кўра, аёлнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли унга нисбатан жиноят иши 2024 йил 19 сентябрда тугатилган. Бироқ эр бу қарордан норози.

Тошкент шаҳар ИИББ хизмати эса бугун, 2024 йил 22 сентябр куни қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилди.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 110-моддаси “а” ва “в” бандларида кўзда тутилган жиноятни содир этган шахсларга 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини бериш назарда тутилган.

Мавзуга оид