Ўзбекистон | 18:56 / 24.09.2024
3525
5 дақиқада ўқилади

ЙҲХХ бошлиғи: “Йўл ҳаракати қоидаларини кўп бузган ҳайдовчилар билан «маҳалла еттилиги» ишламоқда”

Беш ва ундан ортиқ қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар алоҳида гуруҳ қатламига киритилиб, улар билан “маҳалла еттилиги” ишлаши амалиёти йўлга қўйилган. Бу ҳақда Сенат ялпи мажлисида ЙҲХХ раҳбари Шерзод Ибрагимов маълум қилди. У ахборотида йўлларнинг инфратузилмаси талабга жавоб бермаслигини ЙТҲга сабаб бўлувчи омиллардан бири сифатида кўрсатиб ўтган.

Фото: senat.uz

Йўл ҳаракати қоидаларини қайта-қайта бузган ҳайдовчилар билан “маҳалла еттилиги” иш олиб боради. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлисида айтиб ўтди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатда содир этилган ЙТҲлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим ҳолатлари 1,1 фоизга, тан жароҳати олиш ҳолатлари 9,2 фоизга камайган.

«Албатта, бу бизга таскинлик бермайди. Ҳар битта ўлим билан боғлиқ ЙТҲ биз жиддий ишлашимизни тақазо этади. Бугунги кунда содир этилаётган ҳар бир ЙТҲ чуқур илмий таҳлиллар асосида ўрганиляпти. Ўрганиш натижаларига кўра, бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз. Бу ЙТҲга сабаб бўлувчи омилларнинг ҳар бирини чуқур таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш билан боғлиқдир.

Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, бу омиллардан бири йўл инфратузилмасининг талабга жавоб бермаслигидир. Буларни бартараф этиш учун алоҳида ишчи гуруҳлар тузиб, мутасадди идоралар билан авария ўчоқлари бўлган ёки нотўғри инфратузилма оқибатида юзага келадиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича қатор ишлар олиб бориляпти.

Ўлим ҳолатларининг содир этилишида тезлик билан боғлиқ бўлган айрим авария ҳолатлари мавжуд. Уларнинг олдини олиш бўйича рақамлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳайдовчилар малакасини ошириш бўйича ҳам алоҳида чора-тадбирлар белгиланган”, дея таъкидлаб ўтган ЙҲХХ раҳбари.

Шерзод Ибрагимовнинг қўшимча қилишича, беш ва ундан ортиқ қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар алоҳида гуруҳ қатламига киритилиб, улар билан “маҳалла еттилиги” алоҳида мақсадли ишлаш амалиёти йўлга қўйилган. Болалар ўлимини камайтириш мақсадида эса Миллий гвардия инспектор-педагоглари ва инспектор-психологлари болаларга боғча ва мактабдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда ЙТҲ ва улар оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони юқорилигича қолмоқда. 2023 йилда машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, рухсатномаси бўлмаган ҳолда яна қайтадан рулга ўтирган шахслар томонидан 707 та ЙТҲ содир этилган. Бунинг оқибатида 212 киши ҳалок бўлган, 546 киши эса турли даражада тан жароҳатлари олган.

2024 йилнинг январ-май ойларида республикада 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳати олган.

2023 йилда эса йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1568 нафар бола жароҳатланган, 263 бола ҳаётдан кўз юмган. Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида эса 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ авария содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган.

Жарима балларини ҳисоблаш тизимидан ҳамон дарак йўқ

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизими жорий этиш ҳақидаги илк хабар 2018 йилда (!) чиққанди. Ўшанда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилганди.

Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан яратилган лойиҳа юзасидан муҳокамалар 2018 йил 25 октябрда бошланиб, 2018 йил 9 ноябрда якунланиши белгиланганди. Қарорга кўра, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизими 2020 йил 1 январдан бошлаб жорий қилиниши белгиланганди.

Ўшанда ижтимоий тармоқларда жуда кўпчилик ИИВнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бироқ бу қарор лойиҳаси тақдири номаълумлигича қолди. Орадан бир неча ой ўтгач, 2019 йил май ойида қарор лойиҳаси яна муҳокама учун regulation.gov.uz’га жойланди. Бироқ 2020 йилда тизим жорий қилинмади.

2021 йил ноябр ойида қарор лойиҳаси учинчи марта (!) муҳокама учун regulation.gov.uz’га жойлаштирилди. Шундан сўнг мана, уч йил ўтяпти ҳамки, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима баллари асосида баҳолаш тизими ҳали ҳам ишга тушмади.

2023 йил ноябр ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳайдовчилар томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини белгиловчи қонунни кўра бошлади. Аммо ушбу қонундан ҳамон дарак йўқ.

Мавзуга оид