Спорт | 17:00 / 26.09.2024
3059
5 дақиқада ўқилади

Чемпионлик курашига таъсир қилувчи жароҳат — Родрисиз «Сити»нинг титул пойгасидаги имкониятлари қандай?

Статистикага кўра, «Манчестер Сити» Родрисиз ўтказган ҳар уч ўйинининг бирида мағлубиятга учрайди. Opta нашри «шаҳарликлар»нинг таянчдаги асосий футболчисисиз ўйинлари статистикасини эълон қилди ва рақамлар хавотир олишга арзирли.

Фото: Getty Images

«Арсенал»га қарши баҳснинг 19-дақиқасида Томас Партига тўқнашган Родри майдонга қулади ва ўша сонияларда «Этиҳад»даги ҳеч ким бу ҳолатни «Манчестер Сити»нинг мавсумини ўзгартириб юбориши мумкинлигини тахмин қилмаганди. 24 соатдан кейин эса тиббий хулоса тақдим этилиб, хочсимон пайнинг юқори қисмида узилиш ҳолати аниқланди ва испаниялик яримҳимоячи бутун мавсумни ўтказиб юбориши ойдинлашди.

Манчестер «мовийлари» усиз кучсизланиши эса шубҳасиздир. Гвардиола ўтган мавсумда ушбу футболчидан энг кўп фойдаланди, ҳатто дарвозабон Эдерсон ҳам Родри ўтказган ўйинлар сонига ета олмаган. Ўтган мавсумнинг 50 та учрашувида иштирок этган Родриго Эрнандез жами 4325 дақиқани майдонда ўтказди. Кейин эса Еврода Испаниянинг 7 учрашувидан 6 тасини бошланғич таркибда бошлади ва финалнинг биринчи бўлимидан сўнг жароҳат олиб майдонни тарк этди. Ўша жароҳат сабаб дастлабки 3 турни ўтказиб юборган футболчи 4-турда «Брентфорд»га қарши захирадан ўйинга қўшилганди. Мухлислар «Интер»га қарши Чемпионлар Лигаси 1-турини 90 дақиқа майдонда ўтказган Родрининг жароҳати ортда қолганига катта ишонч билдирган эди, аммо ҳафта охирида кутилмаган тарзда жамоа етакчиси бутун мавсумга сафдан чиқди.

2019-2020 йиллар мавсумида Манчестерга келганидан бери Родри клуби ўтказган 195 учрашувнинг фақат 21 тасида майдонга тушмаган. Барча мусобақалар доирасида у АПЛнинг исталган футболчисидан кўпроқ ўйинда қатнашган — 260 та (238 таси бошланғич таркиб). Майдонда ўтказилган дақиқалар сони (20555) бўйича ундан фақат Бруну Фернандеш (20727) олдинда. Ва буларнинг барчасига миллий жамоа сафидаги 50 та беллашув ҳам қўшилса, 28 ёшли футболчининг қанчалик кенг кўламдаги ишни амалга оширганини англаш мумкин.

Ўтган ҳафтада Родри ЕЧЛ 1-туридан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида ўйинлар сони кўплиги туфайли футболчилар «иш ташлашга мажбур бўлиши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирганди. Унинг ўша ҳафта охиридаёқ бу тахлит жиддий жароҳатга йўлиқиши сўзлари таъсирини каррасига ошириб юборди.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, «Сити» 2019 йил августидан бери Родрисиз 21 та баҳсда иштирок этди ва уларнинг 7 тасида мағлубиятга учради. Шундан учтаси ўтган мавсумнинг биринчи ярмида кузатилгани («Арсенал», «Вулверҳемптон» ва «Астон Вилла»га қарши) бугунги Гвардиола жамоасининг ушбу яримҳимоячига нақадар боғланиб қолганини кўрсатиши мумкин.

Умуман олганда, «Манчестер Сити»нинг ғалаба кўрсаткичлари Родри майдонда бўлганида у йўқ пайтлардагидан 12 фоизга юқори. У бор ўйинларда «шаҳарликлар» ўртача 1,70 та гол урса, у майдонда бўлмаган вақтда бу кўрсаткич 1,29 тани ташкил этади. Родрисиз ўйинларда клуб ўртача 1,9 очкодан қўлга киритган ва бу кўрсаткич 38 тур давом этган тақдирда, Гвардиола шогирдлари 76 очко тўплаган бўлар эди. Амалда эса, Родри сафга қайтгани ҳисобига ҳам жамоа 91 очко билан чемпионликни қўлга киритишди.

Бу статистикалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Родри «Манчестер Сити»нинг сўнгги мавсумлардаги муваффақиятларида асосий элемент ҳисобланади. Ўтган мавсумда фақат у ҳар бир учрашувда ўртача ҳисобда 100 тадан ортиқ аниқ узатмалар амалга ошира олди — 103. Ўртача ҳисобда ҳар 90 дақиқада 126 марта тўпга тегинган испан бу борада жамоасидаги энг яқин таъқибчисидан 24 та кўрсаткичга олдинда. Ҳужумкор ҳаракатлардаги иштироки борасида ҳам у АПЛ рейтингини бошқариб турибди. Ҳар 90 дақиқа ҳисобида Родри 8,4 марта ҳужум ташкиллаштиришда қатнашган.

«Арсенал»га қарши ўйинда ҳам у майдонда экан «Манчестер Сити» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганди. У жароҳат олиб майдонни тарк этишидан 43 сония ўтиб, Риккардо Калафиори ҳисобни тенглаштирди.

Ҳа, «Манчестер Сити» Родрисиз ҳам АПЛнинг асосий фаворитларидан бири бўлиб қолаверади. Бироқ шундай ўйинлар келадики, таянчда ўйнаб «Олтин тўп» даъвогарига айланишга эришган бу қадар сифатли футболчининг қадри билинади ва ҳал қилувчи беллашувларда унинг йўқлиги «шаҳарликлар»га қимматга тушиши мумкин.

Opta маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид