Жамият | 19:41 / 27.09.2024
19983
3 дақиқада ўқилади

Сергелида автопойга уюштириб, пиёда ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 4 ойда озодликка чиқди

Май ойида Сергелидаги автотюнинг устахонаси қаршисида икки машина иштирокида уюштирилган пойгада Kia ҳайдовчиси 27 ёшли пиёдани уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган эди. Август ойида биринчи инстанция суди уни 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган. Апелляция суди эса унинг жазосини шартли деб белгилаб, 2 йил синов муддати берган ва суд залидан озод қилган.

Фото: Видеодан кадр

Жорий йил 9 май куни Сергели туманидаги автотюнинг устахонаси қаршисида икки машина иштирокида уюштирилган пойгада юқори тезликда ҳаракатланган Kia ҳайдовчиси 27 ёшли пиёдани уриб юборди. Кейинроқ, ЙТҲда олган жароҳатлари оқибатида вафот этган шахс автоблогер, Instagram'даги avtotuning_uz канали асосчиси Дониёр бўлгани маълум бўлди.

Ўшанда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Маълум бўлишича, айбланувчи 24 ёшли А.Х. ЖИБ Сирғали туман судининг 14 августдаги ҳукми билан 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Судда ҳайдовчи бир қатор йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, юқори тезликда ҳаракатлангани ва пиёдани уриб юборгани тасдиқланган. Пиёда ЙТҲда олган жароҳатлари натижасида вафот этган.

Очиқ манбаларда эълон қилинган суд ҳужжатларига кўра, судланувчининг адвокати ҳукм юзасидан апелляция шикоятини киритган. 12 сентябр куни бўлиб ўтган апелляция инстанцияси суди мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили Б.К. айбдорнинг оила аъзолари томонидан моддий ва маънавий зарарлар тўлиқ қоплангани, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраб, судга ариза тақдим қилган.

Суд мажлисида қатнашган Тошкент шаҳар прокуратурасининг бўлим бошлиғи ўринбосари М.Комиловнинг апелляция шикоятини қаноатлантирмасликни сўраган.

Судлов ҳайъати эса судланувчининг шахси, муқаддам судланмагани, айбига иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, оилавий ва моддий аҳволи, жабрланувчи қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, А.Х.га нисбатан тайинланган жазони Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасига асосан шартли ҳисоблаб, синов муддати белгилашни лозим топган.

Суд ажрими билан А.Х.га нисбатан Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисми билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилган. Хусусан, А.Х.нингдастлабки қамоқда сақланган 4 ой 2 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 7 ой 28 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган. Бу асосий жазо ЖКнинг 72-моддасига асосан шартли ҳисобланиб, 2 (икки) йил синов муддати белгиланган ва суд залидан озод қилинган.

Синов муддатида А.Х.га хулқи устидан назорат олиб борувчи орган рухсатисиз Ўзбекистон ҳудудидан чиқмаслик, яшаш, ўқиш ёки иш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда хулқи устидан назорат қилувчи органга хабар бериб туриши, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриши мажбуриятлари юклатилган.

Мавзуга оид