Жамият | 09:16 / 29.09.2024
21327
1 дақиқада ўқилади

Термизда ёпиқ темирйўл кесишмасидан ўтмоқчи бўлган Газел поезд тагида қолди

Темирйўл тўсиғига урилган Газел ағдарилиб тушган ва унинг кузов қисмини поезд локомотиви босиб кетган.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти Термиз туманида темирйўл кесишмасида Газел кичик юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлган.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, ҳодиса кеча 2024 йил 28 сентябр куни кундузи рўй берган.

Йўловчи поезди ўтиши сабабли темирйўл кесишмаси автомобиллар ҳаракати учун ёпилган пайтда Газел машинаси қоидаларни бузган ҳолда кесишмадан ўтиб кетишга уринган.

Шунда кесишмада автомобиллар ҳаракатини тўсувчи металл тўсиқ кўтарилган ва Газел унга урилиб ағдарилиб тушган.

Бу пайтда кесишмага яқинлашиб қолган поезд локомотиви ағдарилган машинанинг кузов қисмини босиб тўхтаб қолган.

Манбанинг маълум қилишича, Газел туман электр тармоқлари корхонасига тегишли бўлган ва ҳодисада ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Фақат Газел ҳайдовчиси тан жароҳати олган. Ҳодиса туфайли йўловчи поезди бир муддат тўхтаб қолган.

Ҳодиса юзасидан маълумот олиш учун Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматига юборган саволимиз жавобсиз қолди.

Мавзуга оид