Жаҳон | 01:59 / 30.09.2024
6049
1 дақиқада ўқилади

Латвия президенти велосипеддан йиқилиб қўлини синдириб олди

Давлат раҳбарининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси жароҳат президентнинг иш жараёнига таъсир кўрсатмаслигини маълум қилди.

Фото: X ижтимоий тармоғи

Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс велосипеддан йиқилиб ўнг қўлининг билаги ва чап қўлининг бармоғини синдириб олди, деб хабар беради Delfi портал.

Маълумотларга кўра, кўнгилсиз ҳодиса 28 сентябр куни Ринкевичс велосаёҳатга чиққанида содир бўлган. Ноқулай йиқилиш оқибатида давлат раҳбари тиббий ёрдамга мурожаат қилган, шифокорлар унинг қўли синганини аниқлаб, гипс боғлаган.

«Велосипед мавсуми якунланди. Травматология ва ортопедия шифохонаси жамоасига у қадар ақлли бўлмаган мижозга кўрсатган ёрдами учун катта раҳмат», — дейди президент.

Ринкевичснинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Мартинш Дрегериснинг журналистларга маълум қилишича, жароҳат давлат раҳбарининг иш жараёнига таъсир кўрсатмайди, у олдингидек бемалол ёзиб, ҳужжатларни имзолай олади. Таъкидланишича, Ринкевичснинг кейинги ҳафтадаги кун тартибига ҳам ҳеч қандай ўзгартиришлар киритилмаган. 

Мавзуга оид