Жаҳон | 11:50 / 30.09.2024
1222
2 дақиқада ўқилади

Непалда сув тошқинлари 100 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлди

Непал пойтахти Катманду яқинида дарёлар қирғоқларидан тошиб кетди. Қутқарувчилар вертолётлар ва моторли қайиқлардан фойдаланган ҳолда 3 мингга яқин одамни эвакуация қилишга муваффақ бўлишди.

Фото: Prakash Mathema / AFP / Scanpix / LETA

Непалда кучли сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 101 киши ҳалок бўлди, яна 64 киши бедарак йўқолди, деб хабар берди 29 сентябр, якшанба куни полиция. Қурбонлар сони ортиши кутилмоқда.

Айниқса, Непал пойтахти Катманду атрофидаги ҳудудлар жиддий зарар кўрди, дарёлар қирғоқларидан тошиб, уйларни сув босди. Кўчкилар туфайли бир қанча автомобил йўллари тўсиб қўйилган. Одамлар баландроқ ерга кўтарилишга интилиб, кўксигача сувга ботиб қолмоқда. 29 сентябр куни эрталабки ҳолатга кўра, деярли 3300 киши қутқариб олинди.

Кенг миқёсдаги қутқарув операцияси

Қутқарув операциясига 3 минг киши, вертолётлар ва моторли қайиқлар жалб қилинган. Баъзи қутқарувчилар жабрланганларни хавфсиз жойларга ташиш учун ёғочлардан фойдаланяпти. Катмандудан ва шаҳарга ички рейслар тикланди. Икки кун олдин парвозлар бекор қилингани сабабли юзлаб одамлар аэропортларда қолиб кетган эди.

Жанубий Осиёда сув тошқинлари июндан сентябргача давом этадиган ёмғирлар мавсумида тез-тез содир бўлади. Бу даврда ҳудудга йиллик ёғингарчиликнинг 70-80 фоизи тушади. Мутахассисларнинг фикрича, иқлим ўзгариши тобора кўпроқ ва шиддатлироқ тошқинларга олиб келмоқда.

Мавзуга оид