Жаҳон | 18:53 / 01.10.2024
11817
14 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ливан жанубига кириши. «Ҳизбуллоҳ» ва Эрон нима қилиши мумкин?

Кўп йиллар мобайнида «Ҳизбуллоҳ»ни бошқариб келган Ҳасан Насруллоҳнинг ўлими Яқин Шарқда жиддий эскалацияга олиб келиши, можарога Эрон ва АҚШ ҳам тортилиши мумкин.

Фото: AFP

Воқеалар ривожи қандай кечади? Бу саволга жавоб кўп жиҳатдан минтақадаги учта асосий куч нима қилишига боғлиқ.

Исроил навбатдаги қадамни ташлади

Исроил мудофаа армияси 1 октябрга ўтар кечаси Ливан жанубида қуруқлик амалиёти бошлаганини эълон қилди. ЦАҲАЛ чегара ҳудудларда «Ҳизбуллоҳ»га қарши «чекланган» рейдлар ўтказилишини билдирган.

«Бир неча соат олдин Исроил мудофаа армияси Ливан жанубида аниқ разведка маълумотлари асосида „Ҳизбуллоҳ“нинг террорчилик объектлари ва инфратузилмаларига қарши чекланган, локал ва мақсадли қуруқлик амалиётини бошлади. Бу нишонлар чегара яқинидаги қишлоқлар бўйлаб жойлашган ва Исроил шимолидаги обшиналарга тўғридан тўғри таҳдид солиб туради», — дейилади баёнотда.

Исроил ҳарбий ҳаво кучлари ва артиллерияси мазкур ҳудуддаги ҳарбий нишонлар бўйлаб аниқ зарбалар йўллаган ҳолда қуруқлик қўшинларини қўллаб-қувватламоқда, дея қўшимча қилган исроиллик ҳарбийлар.

Тонгда ЦАҲАЛ вакили Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» билан шиддатли жанглар кечаётганини маълум қилди.

Ливан хавфсизлик кучларидаги манба Reuters агентлигига Исроил бўлинмалари тунда разведка амалиётлари учун Ливан чегарасини кесиб ўтганини тасдиқлаган. Ливан қўшини чегара бўйидаги позицияларидан чекинган, дея қўшимча қилган нашр суҳбатдоши. Ливан армияси азалдан Исроил билан йирик можародан ўзини четга олиб келади.

30 октябр куни ОАВ Исроил икки ҳафталик ҳаво зарбаларидан кейин мамлакатнинг «Ҳизбуллоҳ» томонидан мунтазам равишда ўққа тутиб келинадиган шимолий ҳудудлари хавфсизлигини таъминлаш учун Ливан билан чегарада қуруқлик амалиёти бошлашга тайёрлиги ҳақида хабар берганди.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ҳам бундай эҳтимолни истисно этмаганди. Америка маъмуриятидаги шахси ошкор этилмаган манба ҳам амалиёт душанба куни бошланиши кутилаётганини айтганди.

Душанба куни кечқурун Исроилда ҳарбий кабинет йиғилиши ўтказилди, маҳаллий нашрларга кўра, унда «Ҳизбуллоҳ»га қарши амалиётнинг кейинги босқичи тасдиқланган.

АҚШ Давлат департаменти вакили Мэттю Миллер брифингда Исроил ҳукумати Вашингтонни «қатор амалиётлар», жумладан Ливандаги қуруқлик амалиёти бўйича хабардор қилганини айтган.

«Улар бизга бу „Ҳизбуллоҳ“нинг чегара яқинидаги инфратузилмаларига қарши қаратилган чекланган амалиёт бўлишини айтишди», — деган Миллер.

Пентагондагилар АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин исроиллик ҳамкасблари билан мулоқот қилгани, томонлар «Ҳизбуллоҳ» томонидан ҳужумларга йўл қўйилмаслиги учун шимолий чегарадаги «ҳужум инфратузилмаларини демонтаж қилиш зарурати ҳақида келишиб олгани»ни айтган.

Шунингдек, Остин «чегаранинг икки томонида ҳам фуқаролар ўз уйларига хавфсиз қайтишини кафолатлаш учун дипломатик ечим зарурлиги»ни айтган.

Исроилнинг сўнгги ҳафталардаги авиазарбалари оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали кўплаб мулозимлари, жумладан ҳаракат етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилди — у жума куни кечқурун Байрут жанубига ташланган бомбалар қурбони бўлди.

Байрут жануби бўйлаб зарбалар душанба куни кечқурун ҳам давом этди. Фото: Reuters

Чегарада техникалар тўпланиши

Ўтган ҳафтада Исроил АҚШ ва бошқа иттифоқчилардан иборат 12 мамлакатнинг Ливанда уч ҳафталик сулҳ тузиш борасидаги таклифини эътиборсиз қолдирганди.

Исроил ҳарбий раҳбарияти «Ҳизбуллоҳ» ҳозирда ноқулай ҳолатдалигидан фойдаланиб қолиш зарур деб ҳисобламоқда.

Исроил ҳарбийларига айнан қандай вазифа қўйилгани ҳақида аниқ гап айтиш қийин — «Ҳизбуллоҳ»ни худди Ҳамас каби буткул тор-мор этиш ёки аввалига шимолий чегараларга ракета зарбалари хавфини бартараф этишга эришиш.

Аммо «Ҳизбуллоҳ» таслим бўлмас экан, бу мақсадларга қуруқлик орқали амалиёт ўтказмасдан эришиб бўлмайди.

Душанба куни Галант Ливан билан чегарада турган зирҳли танк корпуси ҳарбийларига мурожаат қилди. У шундай деган: «Насруллоҳ йўқ қилиниши — муҳим қадам, аммо охиргиси эмас. Шимолий ҳудудларимиз аҳолиси ўз уйларига қайтиши учун биз бор имкониятларимизни ҳаракатга келтирамиз, жумладан сизларни ҳам».

Кўп ўтмай ЦАҲАЛ Исроилнинг Ливан билан чегарадаги туманларидан бирини ҳарбийлардан бошқалар кириши тақиқланган ёпиқ ҳудуд деб эълон қилди. Бу уч томони Ливан ҳудуди билан қуршалган кичик бўртиқ ҳудуддан иборат.

CNN телекомпанияси сунъий йўлдош тасвирларига асосланган ҳолда Ливан билан чегарада Исроилнинг 100 га яқин ҳарбий техникалари, жумладан, танклар ва пиёдаларнинг жанговар машиналари (БМП) тўплангани ҳақида хабар тарқатган.

Исроилнинг Ливан жануби бўйлаб зарбаси. 2024 йил 30 сентябр. Фото: AFP

Дипломатия учун ҳарбий босим

Axios портали исроиллик мулозимлардан бирига асосланиб хабар беришича, ҳукумат мажлиси йиғилишида тасдиқланган Ливан билан чегарадаги амалиёт вақт томондан ҳам, кўлами бўйича ҳам чекланган бўлади.

Унинг сўзларига кўра, бу Ливаннинг жанубий ҳудудларини босиб олишни назарда тутмайди. Шу билан бирга, расмий шахс Исроил қўшини Ливан ҳудудига қанчалик чуқур кириб бориши ва амалиёт қанча вақт давом этишига ойдинлик киритмади, дея қайд этади CNN.

Times of Israel нашри ёзишича, исроиллик расмийлар америкалик ҳамкасбларига амалиётнинг мақсади — «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроил шимолий чегаралари бўйлаб жойлашган позицияларини йўқ қилиб, гуруҳ кучлари БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига мувофиқ Ал-Литани дарёси ортига олиб кетилиши кўзда тутиладиган дипломатик келишув учун шароит ҳозирлаш эканини билдирган.

Шахсини очиқлашни истамаган америкалик мулозим нашр билан суҳбатда Оқ уй бундай режани тўғри тушуниши ва қабул қилиши, аммо Вашингтон ҳамон Исроил армияси Ливанда қолиб кетиши ва амалиётни кенгайтиришга мажбур бўлишидан хавотирда эканини айтган.

Times of Israel нашрининг Америкадаги бошқа манбаси Исроил 1082 йилда ҳам Ливанга босқинни «чекланган амалиёт» сифатида тақдим этгани, якунда эса Ливан жануби 18 йил давомида оккупация қилиб турилганини эслатган.

«Биз баъзида ҳарбий босим дипломатияга ёрдам беришини тан оламиз. Бу тўғри. Ҳарбий босим нотўғри ҳисоб-китобларга олиб келиши мумкинлиги ҳам ҳақиқат. Бу кўзда тутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин», — деган АҚШ Давлат департаменти вакили.

Нетаняҳу Эрон аҳолисига мурожаат қилди

Душанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроилга қарши курашаётган гуруҳлар — Ливандаги «Ҳизбуллоҳ», Фаластиндаги Ҳамас ҳамда Ямандаги ҳусийчиларни қўллаб-қувватлаб келадиган Эрон аҳолисига видеомурожаат йўллади.

Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойланган уч дақиқалик видеода Нетаняҳу Эрон раҳбарларини мунтазам равишда тилида Ғазо сектори ва Ливанни ҳимоя қилиш ҳақида гапириб, амалда «бу режим ҳар куни минтақани янада зулматга, урушга чуқурроқ ботираётгани»ни айтган.

«Яқин Шарқда Исроилнинг қўли етмайдиган жой йўқ. Биз халқимиз ва мамлакатимизни ҳимоя қилиш учун бора олмайдиган жой йўқ, — деди исроилликлар бош вазири. — Режим ҳар сонияда сизни, форс халқини ҳалокат сари етакламоқда».

Нетаняҳу Эрон «ниҳоят озод бўлганида» — ва бу дамлар «айримлар ўйлаганидан анча тезроқ келиши», — дунёдаги икки қадими халқ бўлмиш эронликлар ва исроилликлар тинч-тотувликда яшашини қўшимча қилган.

«Эрон ҳар қачонгидан фаровонроқ бўлади. Кичик ақидапараст теократик гуруҳ орзуларингиз ва умидларингизни пучга чиқаришига йўл қўйманг. Сиз яхшироғига лойиқсиз. Эрон халқи билиши керакки, Исроил сиз билан. Келажагимиз тинч ва фаровон бўлсин», — деган Нетаняҳу.

«Ҳизбуллоҳ» нима қилади?

 

«Ҳизбуллоҳ» — дунёдаги давлатники бўлмаган энг қудратли армия деб ҳам аталади. Кўплаб экспертлар фикрича, айни вақтда унинг энг катта муаммоси — руҳиятига путур етганидир. Фото: AFP

«Ҳизбуллоҳ» ҳозир энг яхши ҳолатида эмас. Унинг қўмондонлик тузилмаси бошсиз қолган, ўнлаб катта қўмондонлар ўлдирилган. Алоқа тизими эса пейжерлар ва рациялар портлаши оқибатида бузилган, катта миқдордаги ўқ-дори захиралари авиазарбалар вақтида йўқ қилинган.

«Ҳасан Насруллоҳнинг йўқ қилиниши жиддий оқибатларга эга бўлади, гуруҳни беқарорлаштириши, яқин истиқболда унинг сиёсий ва ҳарбий стратегиясида ўзгариш ясаши мумкин», — деб ҳисоблайди Яқин Шарқдаги хавфсизлик масалалари бўйича америкалик таҳлилчи Муҳаммад Ал-Баша.

Исроил зарбаларининг аксар қисми «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливан жануби ва шарқидаги, шунингдек пойтахт Байрутнинг жанубий чеккаларидаги гуруҳнинг таянч қалъасига берилди.

Душанба куни Байрут марказига дрон зарбаси оқибатида гуруҳ яна уч одамини йўқотгани маълум бўлди.

Бу ҳужумлардан жабр кўраётган фақат «Ҳизбуллоҳ» эмас: Ҳамас ҳам гуруҳнинг Ливандаги бўлими раҳбари Фатҳ Шариф Абу ал-Амин Ливан жанубидаги Ал-Басс қочқинлар лагерига йўлланган зарба оқибатида рафиқаси ва икки фарзанди билан биргаликда ҳалок бўлганини маълум қилган.

Аммо «Ҳизбуллоҳ» қуролли курашни тўхтатиб, Исроил шартлари бўйича тинчлик жараёнларини бошлашидан умид қилиш ўринсиз.

«Ҳизбуллоҳ» раҳбари ўринбосари Наим Қосим гуруҳ Исроил босқинини қайтаришга тайёрлигини айтиб, уруш узоқ чўзилишидан огоҳлантирди. У ҳаракат етакчиси Насруллоҳ ва қатор қўмондонлар ўлими гуруҳ учун жиддий зарба бўлганини тан олган, аммо унинг ҳарбий имкониятлари аввалгидек эканини таъкидлаган.

У «Ҳизбуллоҳ» «Ғазо ва Фаластинни қўллаш, Ливан ҳамда унинг халқини ҳимоя қилиш, шунингдек тинч аҳоли орасидаги қурбонлар учун жавоб қайтариш учун исроиллик душманларга қарши туришда давом этиши»ни таъкидлаган.

«Биз ҳар қандай сценарийга қарши турамиз ва агар Исроил қуруқлик орқали киришга қарор қилса, қаршилик кучлари қуруқликдаги тўқнашувларга ҳам тайёр», — дея қўшимча қилган у.

«Ҳизбуллоҳ» сафида ҳамон минглаб жангчилар бор, улардан аксари Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар фахрийлари саналади. Шунингдек, гуруҳ ҳамон ракеталарнинг катта арсеналига эга, уларнинг кўпчилиги — узоқ масофага учадиган, аниқ йўналтириладиган, Тел-Авив ва бошқа шаҳарларга етиб бора оладиган ракеталардир.

Гуруҳ сафида бу ракеталарни Исроил авиацияси йўқ қилишидан олдин учириш истагида бўлганлар сони ортиб бормоқда.

Аммо агар «Ҳизбуллоҳ» Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини қийин аҳволга солиб қўйиш учун ёпирилма ракета зарбалари йўлласа ва бунга эришса, катта эҳтимол билан Исроилнинг жавоби янада қатъий бўлади ва Ливандаги инфратузилмалар бутунлай вайрон қилиниши, бу ҳатто «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳомийси Эронга ҳам татбиқ этилиши мумкин.

«Ҳизбуллоҳ» ҳам Иккинчи Ливан урушидан кейинги 18 йил давомида кейинги урушга тайёрланиб келган. Насруллоҳ ўлимидан олдинги охирги нутқида ўз издошларига Исроил Ливан жанубига бостириб кириши «тарихий имконият» бўлишини айтганди.

Исроилликлар Ливанга кириши қийин эмас. Ундан чиқиш эса узоққа чўзилиши ва мураккаб вазифага айланиши мумкин — буни Ғазодаги ҳарбий амалиёт ҳам кўрсатмоқда.

Эрон нима қилиши мумкин?

Насруллоҳнинг ўлдирилиши — «Ҳизбуллоҳ»га бўлгани каби Эронга ҳам зарбадир. Эрон беш кунлик мотам эълон қилди, шошилинч тарзда эҳтиёткорлик чораларини кўриб, суиқасд хавфини инобатга олган ҳолда оятуллоҳ Али Хоминаийни хавфсиз жойга кўчирди.

Эрон ҳалигача июл ойида Теҳронда Ҳамас сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилганига жавоб қайтармади. Насруллоҳнинг ўлими мамлакат раҳбариятидаги «қирғийлар»нинг қасос олиш иштиёқини кучайтирди.

Аммо ҳозирча Теҳрон хотиржамлик сақлашда давом этмоқда. Душанба куни мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Эрон Ливанга ёки Ғазога Исроил юришига қарши туриш учун ўз ҳарбийларини юбормоқчи эмаслигини маълум қилди.

«Эрон Ислом республикаси қўшимча куч ёки кўнгиллилар юборишига зарурат йўқ», — деган ТИВ вакили Носир Кананий ва Ливан ҳамда Фаластин ҳудудларидаги жангчилар «ўзини тажовуздан ҳимоя қилиш учун куч ва имкониятларга эгалиги»ни қўшимча қилган.

Теҳрон ўз одатига кўра Исроил қасосдан қочиб қутула олмаслигига ваъда қилди.

Олий раҳнамо, давлат ишларидаги охирги сўзни айтувчи оятуллоҳ Али Хоминаий Насруллоҳнинг ўлими «беҳуда кетмаслиги»ни ваъда қилди, мамлакат вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф эса бу Исроил «яксон этилиши»га олиб борилишини айтди.

Эрон бутун Яқин Шарқ бўйлаб чўзилган, «Қаршилик ўқи» деб аталадиган, тиш-тирноғигача қуролланган жангарилардан иборат гуруҳлар тармоғини ташкил этган. «Ҳизбуллоҳ»дан ташқари уни Ямандаги ҳусийчилар ва Сурия ҳамда Ироқдаги кўп сонли гуруҳлар ҳам қўллайди.

Эрон бу гуруҳларга Исроилга ва Американинг минтақадаги базаларига ҳужумларни кучайтиришни таклиф этиши мумкин.

Аммо Эрон қандай жавоб танламасин, бу мамлакат енгиб чиқиши даргумон бўлган урушга олиб келмайдиган қилиб берилади.

Мавзуга оид