Жаҳон | 23:19 / 01.10.2024
3346
2 дақиқада ўқилади

Таиландда 40 га яқин ўқувчи ва ўқитувчиларни олиб кетаётган автобус ёниб кетди. Камида 20 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда

Қутқарувчиларнинг версиясига кўра, ёнғин автобус йўлидаги тўсиққа урилиши оқибатида келиб чиққан.

Фото: Reuters

Таиландда 38 нафар ўқувчи ва олти нафар ўқитувчини олиб кетаётган автобусда ёнғин чиқди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлган.

Таиланд транспорт вазири Сурия Чуангрунгриангкитнинг сўзларига кўра, ичида 44 нафар йўловчи бўлган автобус Утай Тхани туманидан экскурсияга чиққан ва йўлда транспорт воситасида ёнғин чиққан.

Мамлакат ички ишлар вазирининг қўшимча қилишича, ҳодиса жойида текширув ишлари давом этмоқда, қурбонлар сони ҳозирча тасдиқланмаган. Унинг таъкидлашича, омон қолганлар сонидан келиб чиқиб, 20 киши ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда.

Қутқарувчиларнинг версиясига кўра, ёнғин автобус йўлдаги тўсиққа урилиши оқибатида келиб чиққан.

Таиланд бош вазири Пхетхонгтхан Чинават ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдириб, мазкур воқеадан чуқур қайғуда эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил кузда Венецияда, Местре ва Маргер туманларини боғловчи темирйўл релслари яқинида сайёҳларни олиб кетаётган автобус йўл ўтказгичдан қулаб тушиб, ёниб кетганди. Ўшанда ушбу йўл-транспорт ҳодисасида камида 21 киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид