Ўзбекистон | 23:04 / 02.10.2024
6332
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways Ироқ ва Эрон ҳаво ҳудудини айланиб ўтишини эълон қилди

Ушбу чора фуқаро ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий қилинди.

Фото: Kun.uz

Uzbekistan Airways авиакомпанияси ўз самолётлари Ироқ ва Эрон ҳаво ҳудудини айланиб ўтишини эълон қилди.

«Фуқаро ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, 2024 йил 2 октябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаро авиацияси агентлигининг кўрсатмасига мувофиқ, Uzbekistan Airways Ироқ ҳаво ҳудуди ва Эрон ҳаво ҳудудининг ғарбий қисмини айланиб ўтган ҳолда, аниқ кўрсатмага қадар мунтазам парвозларни амалга оширишини маълум қилади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Uzbekistan Airways парвозларнинг максимал хавфсизлигини таъминлаш учун муқобил йўналишлардан фойдаланган ҳолда Тошкент - Тел-Авив - Самарқанд/Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни амалга оширишни давом эттиради.

1 октябр куни Эроннинг Исроилга ракета зарбаси берганидан сўнг, Иордания, Ироқ ва Исроил ўз осмонини самолётлар парвози учун ёпган эди. Шу билан бирга, Эрон авиакомпаниялари ички ва халқаро рейсларнинг барчасини бекор қилди. Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани боис, бир қанча авиакомпаниялар Исроил ва Ливанга парвозларни тўхтатди. Кейинчалик Исроил ўз осмонини очганини эълон қилди.

Мавзуга оид