Жаҳон | 12:54 / 05.10.2024
26770
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонлик эркак ноодатий автомобиллар коллекцияси билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирди

Коллекция таркибидан аёллар сумкаси, пойабзал, егулик ва бошқа буюмлар шаклидаги ғаройиб автомобиллар жой олган.

Фото: Getty Images

Ҳиндистонлик Канябойин Судахкар ғайриоддий автомобилларнинг энг катта коллекцияси учун Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Эркакнинг коллекцияси ўзи яратган 57 та ноёб автомобилдан иборат. Улар Ҳайдарободдаги Sudha Cars музейида сақланади. 2010 йилда асос солинган ушбу музей аёллар сумкаси, пойабзал, спорт тўплари, қафас, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳатто ҳожатхона унитази шаклидаги “ақлбовар қилмас автомобиллар” билан машҳур.

Судахкар 14 ёшидан бери металл қисмларидан фойдаланиб автомобиль ясайди. Унинг дастлабки ишлари орасида уч ғилдиракли велосипед катталиги бўйича 2005 йилда рекорд ўрнатган. Ҳозирда музей нафақат автомобилларни, балки баландлиги атиги 33 сантиметр чиқадиган энг кичик мотоциклларни ҳам ўз ичига олади.

Музейда ҳар бир экспонат автомобиль ёнида унинг хусусиятлари ва уни яратиш учун сарфланган вақт кўрсатилган маълумотлар тахтачаси мавжуд. Баъзи автомобиллар байрамлар муносабати билан яратилган бўлиб, қалам ёки ҳатто торт сингари ноёб кўриниши билан ташриф буюрувчиларни лол қолдириб келмоқда. Судахкарнинг айтишича, музейга айниқса болалар катта қизиқиш билдиради. Ҳар куни 600-1000 нафаргача болалар ғаройиб машиналарни кўришга келади. У бундай автомобилларни ясаш қийинлигини, аммо натижаси билан фахрланишини таъкидлади.

Мавзуга оид