Ўзбекистон | 10:10 / 05.10.2024
4882
2 дақиқада ўқилади

Тарас Шевченко кўчасидаги гастрономик аллея 1-босқичини якунлаш муддати кечиктирилди

Миробод туманида жойлашган Тарас Шевченко кўчасидаги гастрономик аллеяни барпо этиш бўйича ишларнинг биринчи босқичини якунлаш муддати 10 октябрга кўчирилди. 

Фото: Миробод тумани ҳокимлиги

Туман ҳокимлиги хабарига кўра, бугунги кунда мазкур лойиҳанинг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича ишлар кўлами якуний босқичга ўтган.

Гастрономик кўча бўйлаб 6 та фото-зона барпо этилган, 39 та кичик ва 17 та катта торшерлар ўрнатилган, 1 та автобус бекати қурилган, 39 та видеокузатув камералари ва юзни таниш тизимлари, 20 та ўриндиқ ва ахлат қутилари ўрнатилган ҳамда WI-FI тарқатиш тизимлари монтаж қилинган.

Шунингдек, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратиш мақсадида қарийб 3000 кв/м пиёдалар йўли барпо этилди, қатнов йўлининг асосий қисми (2600 кв м) эса табиий гранит тошдан терилди. Ҳудудни ободонлаштириш ишларини дастлаб сентябр ойида якунлаш режалаштирилган эди.

Туман ҳокимлигига кўра, ободонлаштириш ишлари давомида йўлнинг асфалт қопламасини табиий гранит тошга алмаштириш қарори қабул қилингани туфайли лойиҳанинг биринчи босқичини якунлаш муддати октябр ойининг бошига кўчирилди.

Ушбу кўчада жойлашган тадбиркорлик субъектлари 24 соатлик иш режимида фаолият юритади ва йўлнинг ўзи кечки соат 20:00 дан тонгги 06:00 гача автомобиллар учун ёпилади ва пиёдалар ҳудудига айланади.

Мавзуга оид