Жаҳон | 17:01 / 06.10.2024
5306
9 дақиқада ўқилади

«Байрут ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланди». Исроил яна Ливан пойтахтига зарбалар берди

Исроил қўшини Ливан жанубида қуруқлик амалиётини давом эттирмоқда, бунга параллел равишда «Ҳизбуллоҳ»нинг пойтахт Байрутдаги инфратузилма объектлари бўйлаб ракета зарбалари йўлламоқда. BBC мухбири таърифлашича, шаҳар «узил-кесил ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига айланган».

Фото: Getty Images

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Исроил Байрутнинг жанубий қисмига ёпирилма ракета зарбалари йўллаб, «Ҳизбуллоҳ»нинг инфратузилма объектларига ҳужум қилган.

Зарбалар бирин-кетин берилди ва амалда камида бир ярим соат давомида тўхтовсиз давом этди, дея хабар берган Reuters агентлиги гувоҳларга асосланиб.

Байрут узра олов чақнаши ва оқ ёки кўк рангдаги оловли шарларни бир неча километр масофадан ҳам кўриш мумкин эди, дея таъкидлайди гувоҳлар.

BBC’нинг Байрутдаги мухбири шаҳар чеккасида камида олтита портлаш овози эшитилгани, бу зарбалар орасида учаётган дронлар овозлари ҳам қулоққа чалингани ҳақида айтиб берган.

Мухбирнинг қайд этишича, зарбалардан бири, катта эҳтимол билан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига йўлланган, бу жой устида ҳам оловли шар осмонга кўтарилган, тарқалган видеога кўра, кучли ёнғин давом этмоқда.

CNN агентлигининг Байрутдаги журналистлари тунги ҳужумни сўнгги вақтлардаги энг шиддатли ҳужумлардан бири сифатида таърифлаган.

Исроил мудофаа армияси «Байрут ҳудудида „Ҳизбуллоҳ“га алоқадор бўлган нишонлар бўйлаб зарбалар йўллагани»ни тасдиқлаган. Ҳужум бошланишидан бир неча соат олдин ЦАҲАЛ ўз одатига кўра ўз режаси тўғрисида огоҳлантириб, «яқин вақтлар ичида» қайси ҳудудлар нишон бўлиши мумкинлигини кўрсатиб, бу жойлардан 500 метр радиусдаги одамларни зудлик билан кетишга чақирганди.

Аэропорт яқинидаги ҳудуд шанбага ўтар кечаси ҳам Исроил ракеталари билан ўққа тутилганди.

Шанба куни тонгда Исроил қўмондонлиги «Ҳизбуллоҳ»нинг «тоғлар, чакалакзорлар ва аҳоли зич яшовчи ҳудудлар»да қурилган ва «портловчи моддалар билан тўлдирилган» қурол омборлари йўқ қилингани ҳақида эълон қилганди.

Шанба куни кечқурун зарбалар йўлланган ҳудуд аҳолиси зарба ҳақида олдиндан огоҳлантирилган, уларга эвакуация учун вақт берилган. Шу билан бирга, BBC мухбирлари қайд этишича, бу ҳудудни тарк этишга рози бўлганларнинг барчаси аллақачон кетган ва шимолга, Сурия ҳудудига бориб ўрнашган.

БМТ маълумотига кўра, «Исроил авиазабалари» туфайли Ливандан Сурияга қочқинлар оқими кузатилган, чегарадан ўтганлар сони 200-300 минг кишини ташкил этади.

Жума куни кечқурун Исроил авиацияси икки мамлакат чегарасидаги асосий ўтиш пунктига зарба йўллаб, амалда автотранспорт ҳаракатини тўхтатиб қўйди: энди чегарадан фақат пиёда ҳолда ўтиш мумкин.

Исроиллик ҳарбийлар Ливанда қуруқлик амалиёти бошланганидан буён «Ҳизбуллоҳ»нинг 440 нафар жангариси йўқ қилинганини айтмоқда, гуруҳдагилар эса бунга изоҳ бермаган.

Исроил сўнгги тўрт кун давомида «Ҳизбуллоҳ» Ливан жанубидан 700 дан ортиқ ракета учиргани ҳақида хабар берган.

Шунингдек, исроиллик ҳарбийлар «чегара ҳудудларда «Ҳизбуллоҳ» террорчилари фойдаланган туннеллар шахтаси йўқ қилингани, йўл-йўлакай ўнлаб жангарилар ўлдирилиб, мамлакат жанубида гуруҳ гўёки қўмондонлик маркази сифатида фойдаланган масжид вайрон қилингани» ҳақида хабар қилган.

Бундан ташқари, тунда Байрутдан 81 км масофадаги Триполи шаҳридаги турар жойга ракета зарбаси йўлланган, бунинг натижасида Ҳамас ҳарбий қанотининг янги раҳбари Саид Атталла рафиқаси ва фарзандлари билан биргаликда ўлдирилган.

Ҳамас раҳбарияти Атталла, унинг рафиқаси ва икки қизи Триполи яқинидаги Бадавий қочқинлар лагерида «сионистлар бомбалаши» оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

BBC жаҳон хизматининг Яқин Шарқдаги (Байрут) мухбири Нафиса Конавар: «Буни тан олиш қанчалик оғир бўлмасин, Байрут ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига айланди»

Ўтган тунда Байрутда бирин-кетин портлашлар рўй берди. Мен пойтахтнинг жанубий чеккаси бўйлаб йўлланган 12 та авиазарбани санадим.

Жаҳон нашрлари «Даҳия» тумани деб атаётган ҳудуд аслида араб тилидан таржимада шаҳар чеккаси деган маънони беради. Шу туфайли зарбалар йўлланаётган ҳудуд Байрутдан ташқарида деган тасаввур ҳосил бўлган.

Қайсидир маънода бу тўғри ҳам. Аммо «Даҳия» — Байрутнинг шарқий қисми, христианлар яшовчи Ахрафия туманидаги уйимдан 10 дақиқалик йўлда жойлашган.

Кун-у тун шаҳар устида исроилликларнинг дронлари учмоқда. Улар ҳечам кетмайди, уларнинг ғўнғиллаган овози аллақачон шаҳар шовқинига қўшилиб кетди.

Энди шаҳарнинг турли чеккаларида вақтинчалик палаткали лагерлар пайдо бўлган. Кеча Байрутдаги машҳур Шаҳидлар майдонида мен уйлари бомбардимон қилингани учун эмас, ракеталар уларнинг уйидан беш дақиқалик масофадаги жойга тушгани учун палаткаларда яшаётган оилаларни учратдим. Бу одамлардан ҳеч бири Даҳиядан эмасди.

Бу сатрларни ёзарканман, яна қаерлардадир портлаш овозлари эшитилмоқда. Бу шаҳарнинг «жанубий чеккалари» бўйлаб навбатдаги авиазарбалар.

Буни айтиш осон эмас, аммо бир қанча қуролли можароларни ёритган мухбир сифатида, мен тушуниб турибманки, биз бунга ишонишни истаймизми, йўқми, бугунги кунда Байрутни тўла маънода ҳарбий ҳаракатлар майдони деб аташ мумкин.

Ракета зарбалари, самолётлар, дронлар ва қочқинлар гуруҳлари — буларнинг барчаси Байрут ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига айланганини тасдиқлаш ҳуқуқини беради.

Исроилнинг шанбага ўтар кечаси амалга оширган ҳужумлари қайтарилганини маълум қилган «Ҳизбуллоҳ» бир неча соат ўтиб чегара ҳудудларда Исроил қўшинлари билан тўқнашувлар давом этаётгани тўғрисида хабар берди.

Шу билан бирга, «Ҳизбуллоҳ» ҳам Исроил ҳудудини ўққа тутишдан тўхтагани йўқ. Шанба куни тонгда мамлакат шимолидаги турар жойлар ракета зарбаларига учради. Гуруҳ бу ҳужум нишони Исроилнинг Ҳайфа шаҳри атрофидаги авиабазаси бўлганини маълум қилди.

Ғарб мамлакатлари шошилинч равишда Ливандан ўз фуқароларини эвакуация қилмоқда. Исроил ҳар куни шаҳар чеккаларини ўққа тутиши фонида ҳам Байрут аэропортидан самолётлар ҳавога кўтарилмоқда.

Reuters агентлиги хабарига кўра, йигирмадан ортиқ мамлакат томонидан эвакуация рейслари амалга оширилган. Уларнинг бир қисми ўз фуқаролари учун мавжуд тижорий рейсларга чипта харид қилган, бошқалари улар учун чартер рейслар ташкиллаштирган.

Айрим мамлакатлар эса Ливандаги фуқароларини ҳарбий самолётлар орқали ҳам ташимоқда — бундай йўл тутган давлатлардан бири бўлган Жанубий Корея Байрутдан ҳарбий борт орқали қарийб 100 кишини олиб чиққан.

Исроил Ливанда ҳарбий амалиёт ўтказаётганини мамлакат шимолидаги ҳудудлардан қочган минглаб исроилликлар «Ҳизбуллоҳ» ҳужуми хавфи туфайли ўз уйларига қайта олмаётгани билан изоҳлайди.

Исроиллик ҳарбийлар шанба куни «Ҳизбуллоҳ» Исроил бўйлаб 90 та ракета учиргани, уларнинг аксари тутиб қолинганини маълум қилган.

Аммо ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган ливанликларнинг кўпчилигининг борар жойи йўқ.

«Барчамизнинг уйларимиз вайрон бўлган, — дейди журналистларга мажбуран Байрут марказига қочиб келган юз минглаб кишилардан бири Иброҳим Наззал. — Биз қаерга қайтишимизни ҳам билмайман…».

Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги таянч пунктлари бўйлаб фаол зарба беришни бошлаган 23 сентябрдан буён ҳалок бўлганлар сони 1100 дан ошди.

«Ҳизбуллоҳ» ташкил топганидан буён Эрон томонидан фаол қўллаб-қувватланади. Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлганидан кейин Теҳрондаги жума намозида кутилмаганда Ислом республикасининг амалдаги раҳбари, оятуллоҳ Али Хоминаий пайдо бўлиб, имомлик қилди.

«Биз Афғонистондан Ямангача, Эрондан Ғазо ва Ливангача бўлган ислом давлатларида мудофаа, мустақиллик ва қадр-қиммат камарини маҳкам боғлашимиз керак», — деган Хоминаий мусулмон мамлакатларини Исроил ҳужумлари қаршисида бирлашишга чақириб.

Эроннинг олий раҳнамоси жума намозларида шахсан имомлик қилиши камдан кам кузатиладиган ҳолатдир. У охирги марта тўрт йил муқаддам, эронлик нуфузли генераллардан бири Қосим Сулаймоний америкаликлар дрони орқали ўлдирилганида ҳам шундай йўл тутганди.

Исроил эса ҳафта бошида Эроннинг ракета ҳужумига жавобан ушбу мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш корхоналарига ҳужум қилиш имкониятларини кўриб чиқаётганини эслатганди.

Жума куни эса АҚШ президенти Жо Байден Исроилнинг ўрнида бўлганида бошқа муқобил вариантларни синчиклаб кўриб чиққан бўлишини айтди.

Мавзуга оид