Жаҳон | 14:15 / 06.10.2024
6433
4 дақиқада ўқилади

Исроил Ҳасан Насруллоҳнинг ворисини ҳам ўлдиргани айтилмоқда

Аввалроқ араб нашрлари Насруллоҳнинг ўлимидан кейин унинг амакиваччаси Ҳошим Сафиуддин «Ҳизбуллоҳ»нинг янги раҳбари бўлгани ҳақида хабар тарқатганди, аммо гуруҳдагилар бу маълумотни тасдиқламаганди. Al Arabiya маълумотига кўра, Сафиуддин Исроил авиациясининг 4 октябрга ўтар кечаси йўллаган авиазарбаси қурбони бўлган.

Фото: Marwan Naamani / dpa / Global Look Press

«Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг собиқ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўрнини эгаллагани айтилган Ҳошим Сафуиддин ҳам Байрутда Исроил самолёти зарбасидан кейин ҳалок бўлган, деб хабар берган Al Arabiya телеканалига вазиятдан хабардор бўлган манбалар.

Уларнинг маълумотига кўра, Исроил 4 октябрга ўтар кечаси Байрут шаҳри жанубий чеккасига, Сафиуддиннинг бункери жойлашгани тахмин қилинган ҳудудга ёпирилма зарба йўллаган. «Ҳизбуллоҳ» ҳозирча бу ҳужумдан кейин унинг тақдири ҳақида маълумот бермади.

Ливан хавфсизлик хизматидаги учта манба Reuters учун изоҳида жума кунидан буён Сафиуддин бедарак кетганини айтишган. Исроил қутқарувчилар ҳужум жойида ишлашига йўл қўймаслик учун Байрут жануби бўйлаб зарбаларни давом эттирмоқда.

Исроил мудофаа армияси вакили, подполковник Надав Шушаний авиазарбалар «Ҳизбуллоҳ» разведкаси штаб-квартирасига йўналтирилганини маълум қилган.

Al Arabiya хабарига кўра, ҳужум вақтида Сафиуддиннинг ёнида ёрдамчилари, эронлик ҳарбийлар ҳамда «Ҳизбуллоҳ» дала қўмондонлари ҳам бўлишган.

Аввалроқ Axios журналисти Барак Равид исроиллик расмийларга асосланган ҳолда 4 октябр куни Байрут бўйлаб йўлланган авиазарбалар нишони айнан Сафиуддин бўлганини айтганди.

Ҳошим Сафиуддин 1964 йилда Ливан жанубидаги Дайр-Канун ан-Наҳр шаҳрида туғилган. У амакиваччаси Ҳасан Насруллоҳ билан бирга Нажаф ва Қумда ўқиган. 1982 йилда «Ҳизбуллоҳ» асосчиларидан бири бўлган, 1994 йилда — ижро қўмитаси раҳбарига айланган, ўшанда у бу гуруҳ раҳбарлигига ўтган Ҳасан Насруллоҳ ўрнини эгаллаганди. Al Ghad маълумотига кўра, Насруллоҳ 2008 йилдаёқ ўзи вафот этган тақдирда гуруҳ раҳбарлиги учун амакиваччаси номзодини таклиф этганди.

Al Arabiya маълумотига кўра, Сафиуддин сўнгги ўттиз йиллик мобайнида умумий стратегияни ишлаб чиқишни Ҳасан Насруллоҳга қолдириб, ўзи гуруҳнинг махфий ишлари билан шуғулланган. BBC Arabic нашри аниқлаштиришича, у «Ҳизбуллоҳ»нинг сиёсий, ижтимоий, маданий ва маърифий фаолиятини назорат қилган. 2017 йил майида АҚШ ва Саудия Арабистони Сафиуддинни террорчилар рўйхатига киритганди.

Сафиуддиннинг ўғли Ризо эронлик генерал, 2020 йил январида Ироқ пойтахти Бағдодда АҚШ авиазарбаси оқибатида ўлдирилган Қосим Сулаймонийнинг қизига уйланган. Сулаймоний ҳарбий стратег ва Эрон ташқи сиёсати мафкурачиси эди. Сафиуддин у билан қуда бўлиши «Ҳизбуллоҳ»нинг Теҳрон билан қанчалик яқин алоқа боғлаганини кўрсатарди.

29 сентябр куни El Balad, Al Arabiya ва Al Hadath ўз манбаларига таяниб, Сафиуддин «Ҳизбуллоҳ»нинг янги бош котиби этиб сайлангани ҳақида хабар тарқатганди. Аммо гуруҳнинг ўзи бу маълумотни рад этди. «Биз аниқлик киритишни истардикки, бош котибнинг шаҳидлигидан кейин «Ҳизболлоҳ» раҳбариятидаги ташкилий жараёнлар тўғрисида айрим нашрларда айланаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилган баёнотда.

Ҳасан Насруллоҳ 28 сентябр куни Исроил Байрут жанубидаги ерости штабига йўллаган авиазарба оқибатида ҳалок бўлди. У ташкилотга 1992 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган. Ҳаракат раҳбарияти унинг ўлимидан кейин Ғазо, Фаластин, шунингдек Ливанни қўллаб-қувватлаш учун «душманга қарши жиҳодни давом эттириши»ни маълум қилганди.

Мавзуга оид