Фан-техника | 21:59 / 08.10.2024
3054
3 дақиқада ўқилади

Google Play дўконидан «Касперский» антивируслари ўчириб ташланди

Googleʼнинг қарори Америка ҳукумати томонидан «Касперский лабораторияси» маҳсулотларини тарқатиш ва сотишга қўйилган тақиққа асосланган.

Фото: Александр Авилов

Google Play фойдаланувчиларига «Касперский лабораторияси» иловасидан фойдаланиш чекланди, деб хабар беради компания матбуот хизмати.

«Google компанияси қарорига кўра, Android базасидаги қурилмаларни ҳимоя қилишга мўлжалланган иловамиз вақтинча Google Play расмий иловалар дўконидан олиб ташланди», — дейилади хабарда.

«Касперский лабораторияси»дагиларнинг айтишича, Googleʼнинг қарори Америка ҳукумати томонидан компания маҳсулотларини тарқатиш ва сотишга қўйилган тақиққа асосланган. Уларга кўра, Google АҚШ Савдо вазирлигининг иловаларни мамлакат ташқарисида тарқатишни тақиқламайдиган қарорини нотўғри талқин қилмоқда.

«Мазкур чекловлар АҚШдан ташқарида юридик кучга эга бўлмаса-да, Google бир томонлама тартибда Google Play’даги барча маҳсулотларимизни ўчириб ташлади», — дейилади компания хабарида. «Касперский» вазиятни барча манфаатдор томонлар билан фаол муҳокама қилмоқда.

Google дўконидан Android қурилмаларига ўрнатилган барча иловалар ишлашни давом этади, пулли обуналар фаоллигича қолади, лицензиялар ва вирус маълумотлар базасини янгилаш булутли инфратузилмамиз орқали бошқарилади.

Компания ўз иловаларини бошқа онлайн дўконлар, хусусан, Galaxy Store, Huawei AppGallery, Xiaomi GetApps'дан юклаб олишни тавсия қилмоқда. «Тажрибали фойдаланувчилар «Касперский лабораторияси» иловасини сайтимизда мавжуд АПК-файллар ёрдамида мустақил ўрнатишлари мумкин», — дейилади хабарда.

АҚШ Савдо вазирлиги июн ойида «Касперский лабораторияси» дастурий таъминотларидан фойдаланиш ва уларни сотишни тақиқланган эди. Идорадагиларнинг таъкидлашича, компания Россия ҳукумати билан қалин алоқага эга ва унинг фаолияти АҚШ ҳамда унинг фуқаролари хавфсизлигига таҳдид туғдиради.

Вашингтоннинг ҳисоблашича, «Касперский лабораторияси» Америка компютерларидан махфий маълумотларни ўғирлаши мумкин. Ўз навбатида компания АҚШ Савдо вазирлигининг қарори «маҳсулотларни техник баҳолашдан кўра, ҳозирги геосиёсий вазият ва назарий хатарларга асосланганини» билдирди. Кремл эса АҚШ компания шу турдаги фаолият билан шуғулланадиган бошқа рақобатчиларидан яхшироқ бўлгани учун унга санкциялар жорий этган деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид