Ўзбекистон | 13:28 / 09.10.2024
1671
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда II Халқаро киберхавфсизлик саммити бошланди

Конференциянинг асосий мақсади минтақавий киберҳамжамият учун ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ўзаро манфаатли асосда янги имкониятларни очиш халқаро интерактив платформа яратишдан иборат. Конференция доирасида “Cyberkent 2.0” ҳамда ёш авлод учун робототехника мусобақалари ҳам ўтказилади.

Фото: Kun.uz

9-10 октябр кунлари Тошкент шаҳрида “Киберхавфсизлик саммити – Марказий Евросиё CSS 2024” II Халқаро киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтмоқда. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Киберхавфсизлик маркази томонидан ташкил қилинган тадбирда 30 дан ортиқ мамлакатдан 60 га яқин компаниялар ҳамда 120 дан ортиқ делегатлар иштирок этмоқда. Хусусан, Жанубий Корея, Озарбойжон, Туркия, Грузия, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон каби 10 дан ортиқ хорижий давлатларнинг киберхавфсизлик соҳасини тартибга солувчи органлари ва халқаро ташкилотлар — Халқаро электр-алоқа иттифоқи, FIRST, SABABA иштирок этмоқда.

“CSS-2024” киберхавфсизлик конференциясининг асосий мақсади минтақавий киберҳамжамият учун ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ечимларни намойиш этиш, ўзаро манфаатли асосда янги имкониятларни очиш учун юқори даражадаги халқаро интерактив платформа яратишдан иборат.

Конференциянинг умумий эътибори рақамли дунёда киберхавфсизликнинг аҳамияти: ечимлар, таҳдидлар ва ҳамкорлик, муҳим инфратузилма ва бизнес активларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Шунингдек, 9 октябр куни конференция доирасида “Cyberkent 2.0” мусобақаларига ҳам старт берилди. Унда ROBBO-FEST ёш авлод учун ташкил қилинган робототехника мусобақалари ҳам ўтказилади.

Тадбир доирасида Red team ва Blue team йўналишларида киберхавфсизлик мусобақасининг финал босқичи ҳам бўлиб ўтади.

Унда Blue team жамоаси – ташкилотнинг виртуал инфратузилмасини ҳимоя қилишда қалқон бўлиб, ҳар хил турдаги ҳужумларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш билан шуғулланади. Blue teamʼдан бу вазифаларни муваффақиятли бажариш, ҳужумларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун техник билимлар, тезкор қарор қабул қилиш қобилияти ҳамда юқори даражада жамоавий ҳамжиҳатлик талаб қилинади. Финалда саралашлардан ўтган 5 та жамоа иштирок этади.

Red team жамоаси — киберхавфсизлик соҳасида ташкилотнинг хавфсизлик ҳолатини синаб кўриш ва тизимларидаги заифликларни аниқлаш учун мўлжалланган махсус жамоалар ҳисобланади. Уларнинг асосий вазифаси ташкилотнинг виртуал инфратузилмасига ҳужум қилиб, заифликларни аниқлаш ва улардан фойдаланишдир.

Мавзуга оид