Жаҳон | 12:00 / 09.10.2024
17314
6 дақиқада ўқилади

Улкан бақлажондан узун ловиягача. Англиялик пенсионер гигант сабзавотлар етиштириш бўйича 25 марта рекорд ўрнатди

80 ёшли Питер Глейзбрук гигант сабзавотлар етиштиришга қизиқувчилар учун бир нечта муҳим маслаҳатлари билан бўлишди.

Питер Глейзбрук

Англиялик 80 ёшли Питер Глейзбрук ғайритабиий катталикдаги сабзавотлари билан 25 карра Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Унинг боғида 27,48 килоли гулкарам, 89,7 сантиметрли ловия дуккаги ва 4,98 килоли картошкани учратиш мумкин.

Ўзим учун доим янги марралар излаб келганман”, — деди у Ноттингҳамдаги уйида Euronews’га берган интервюсида.

Питер бу машғулотни 20 йил олдин, сабзавотлар кўргазмасидан илҳомланиб бошлаган. Кўргазма учун сабзавот етиштирувчилар ўз маҳсулотларининг ташқи кўриниши, шакли ва ҳолатига энг асосий эътиборни қаратишади. Улар учун ҳажм ва оғирлик ҳамма нарсадан устун. Питер ҳам сабзавотлар дунёсига киришга қарор қилган.

Унинг ҳаракатлари муваффақиятли кечди, Питер Гиннеснинг 25 та жаҳон рекордини ўрнатган, ҳозирда улардан олтитасини сақлаб турибди (3,12 кг оғирликдаги энг катта бақлажон ва 63,8 см га 67,7 см ўлчамдаги энг катта ловия барглари)

Қўлида гигант сабзавот кўтариб турган Питернинг суратлари ОАВда тез-тез чоп этилади, аммо бу фақат якуний натижа, холос. Бундай ғайритабиий маҳсулотларни етиштириш учун ойлаб машаққатли меҳнат, маҳорат ва фидойилик талаб этилади.

Бу менинг ҳаётим, у кўп йиллардан бери шундай”, — деди у.

2023-йилги Малверн Аутумн кўргазмасида Питер энг оғир булғор қалампири билан жаҳон рекордини янгилади.

Гигант сабзавотларни етиштириш фидокорлик талаб этади

Питернинг тушунтиришича, кўп сабзавотларни катта ўлчамли қилиб етиштириш учун уларни узоқ вақт ўстириш керак. Бунинг учун махсус жиҳозлар, жумладан сунъий иситиш ва ёритиш тизимлари, кундалик суғориш ҳамда, албатта, кўп меҳр ва эътибор талаб қилинади.

Узоқ вақт давомида ҳеч қаерга таътилга боролмайман, чунки сабзавотларга кўз-қулоқ бўлиб туришим керак”, — дейди у.

Буюк Британияда бутун мамлакат бўйлаб турли тадбирлар ўтказилади. Бу тадбирларда Питер ва унинг ҳамкасблари ким энг катта, энг оғир ёки энг узун сабзавотларни етиштирганини аниқлаш учун ўзаро беллашади.

“Бу анчагина рақобатли, лекин дўстона мусобақа. Бир-биримиз билан мулоқот ўрнатиш ва уруғлар алмашишдан мамнун бўламиз”, — деб тушунтирди у. Шунингдек, Facebook’даги махсус саҳифада деҳқонлар кўргазмалар оралиғидаги танаффусларда ўз ютуқлари ҳақида хабар бериб туради.

Питернинг рекордчи сабзавотларидан бири

Иқлим ўзгариши сабзавотлар етиштиришни қийинлаштирмоқда

Кескин рақобатдан ташқари, яна бир мураккаб масала бор — иқлим ўзгаришининг об-ҳавога таъсири.

Бу йил Англия деҳқонлари учун оғир келди, чунки ўзгарувчан об-ҳаво ўсиш жараёнини мураккаблаштирди. Питер бу тенденцияни анчадан бери кузатиб келади.

“Албатта, иқлим ўзгарди”, — дейди у. “Ортга қараб шуни айтишим мумкинки, сўнгги 10 йил ичида фасллар ўзгарди”.

Иқлимнинг инсон омили туфайли ўзгариши кучайиб бораётгани сабабли Буюк Британияда экстремал об-ҳаво шароитлари тобора тез-тез ва узоқроқ давом этмоқда. Бу эса фермерлардан тортиб гигант сабзавотлар ишқибозларигача барча турдаги ишлаб чиқарувчиларга ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Шунга қарамай, гигант сабзавот етиштирувчилар ҳамжамияти ўз шаштини йўқотмаган, бу соҳадаги 20 йиллик фаолияти давомида Питер кўплаб янги рақобатчилар билан “рингга чиқди”.

Мусобақаларнинг энг муҳими Malvern Autumn кўргазмасида ўтказиладиган улкан сабзавотлар миллий чемпионати ҳисобланади. Унда Буюк Британиянинг турли ҳудудларидан келган деҳқонлар ўзларининг улкан сабзавотларини намойиш этади.

Питер кўплаб жаҳон рекордларини айнан шу ерда ўрнатган. Бироқ мураккаб об-ҳаво шароитлари туфайли, келаси ҳафта охирида бўлиб ўтадиган бу йилги мусобақада у аввалги ютуқларини такрорлашда қийинчиликка дуч келиши мумкин.

“Бу йил кўп нарсадан айрилиб қолдим, шунинг учун катта ютуқдан умид қилмаяпман”, — деди у.

Аммо энг олий совринни бой бериш унга молиявий зарар келтирмайди. Кўргазмаларда турли тоифалар учун совринлар мавжуд бўлса-да, бу одатда фойда келтирмайдиган машғулот ҳисобланади. Тўғри, баъзан ҳомийлик совринлари учраши мумкин, аммо камдан кам ҳолларда. Улар 1192 еврогача даромад келтириши мумкин.

“Бизда бир гап бор: кўргазмага бориб келиш учун бензинга пулингиз етган бўлса бўлди, демак, вақтингизни яхши ўтказгансиз”, — дея кулди Питер.

Фото: Питер Глейзбрук

Гигант сабзавотларни қандай етиштириш мумкин?

Питер гигант сабзавотлар етиштиришга қизиқувчилар учун бир нечта муҳим маслаҳатлари билан бўлишди.

Ишни помидор ёки шунга ўхшаш ёзги сабзавотлардан бошланг, чунки уларнинг мавсуми қисқа ва иссиқхона каби махсус шароитларни талаб қилмайди. Аввало мос уруғларни топиш зарур. Агар тўғри нав уруғидан бошламасангиз, ҳеч қачон катта ҳосил ололмайсиз. Сўнг ҳар қандай турдаги сабзавот учун унинг ўсишига муносиб шароит яратиш керак. Боғда махсус қурилмалар барпо этиш деймизми, етарли ёруғлик, сифатли компост ва сув билан таъминлаш, шулар жумласидан. Энг муҳими, уларни ҳар куни кузатиб бориш лозим”, — деди у.

Мавзуга оид