Иқтисодиёт | 20:50 / 11.10.2024
4676
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон фонд биржаси Москва биржаси билан барча алоқаларни узди

Бунга Москва биржасининг санкциялар остига тушгани ва Қозоғистон биржаси фаолиятига «халақит» бериши мумкинлиги сабаб бўлган.

Фото: РИА Новости

Қозоғистон фонд биржаси (KASE) Москва биржаси (MOEX) билан 2018 йилдан бошлаб стратегик ҳамкорлик шартномаси асосида тузилган муносабатларини тўхтатганини эълон қилди.

Бундан ташқари, Москва биржаси KASE акциядорлари таркибидан ҳам чиқди. Қозоғистон Миллий банки раиси Тимур Сулейменов 11 октябр куни бўлиб ўтган брифингда Москва биржасини KASE акциядорлари таркибидан чиқариш бўйича «принципиал қарор» қабул қилинганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қарорни Қозоғистон томони ҳам, Россия томони ҳам қўллаб-қувватлаган.

Қайд қилинишича, бунга Москва биржасининг санкциялар остига тушгани ва Қозоғистон биржаси фаолиятига «халақит» бериши мумкинлиги сабаб бўлган.

KASE акцияларининг 13,1 фоизи Москва биржасига тегишли эди. Аввалроқ,

Қозоғистон биржаси Москва биржасидан ўз акцияларини қайтариб сотиб олиш масаласини муҳокама қилмоқчи экани маълум бўлган эди. Бу 12 июн куни Москва биржаси Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси билан бирга АҚШ санкциялари остида қолганидан кейин содир бўлди. Қозоғистон биржаси таъкидлаганидек, унинг акциядорлари орасида санкцияланган шахснинг мавжудлиги хорижий молиявий ташкилотлар ва шериклар билан бизнес алоқаларини ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашни чеклайди.

Мавзуга оид