Ўзбекистон | 14:06 / 11.10.2024
17270
9 дақиқада ўқилади

Рулдаги бола қамалар, Gentra’ни ижарага берган-чи? Ноқонуний машина ижараси ўсмирлар ўлимига сабаб бўлмоқда

Наманган шаҳрида уч ва Навоий вилоятида икки ўқувчи ижарага машина олиб ҳайдаш ортидан ЙТҲга учраб, ҳалок бўлди. Ушбу турдаги ҳодисаларнинг жамоатчиликдан яширилганлари ҳам бор. Ўсмирлар ўлиб кетяпти, 200-300 минг сўмга уларга машинасини ижарага берган шахслар эса маъмурий жарима билан қутулмоқда. Негаки, бу қилмиш учун бундан ортиқ жазо йўқ.

Фото: Kun.uz

300 минг сўмга “сотиб олинган” ўлим

Сўнгги пайтларда маълум бир маблағ эвазига вояга етмаганларга ижарага машина бериш мудҳиш ЙТҲ ва ўлимлар билан якун топяпти. Навоий ва Наманган вилоятларида кузатилган ҳолатлар бунга яққол мисол.

Жумладан, 2024 йилнинг 23 апрел куни Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Кейинчалик ЙТҲга учраган Matiz машинаси Кармана ва Навоий шаҳридаги мактабларнинг 8- ва 9-синф ўқувчилари томонидан ижара олингани ойдинлашди.

Фото: Видеодан кадр

Ўқувчилар машинада қўшни Нурота туманига саёҳатга борган. Улар ортга қайтишда рулдаги ўқувчи бошқарувни йўқотиб, ЙТҲ содир қилган. Бунинг оқибатида 2 ўқувчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Учинчи ўқувчи эса оғир тан жароҳати билан Кармана тумани марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

2 октябр куни Наманган шаҳрида ҳам шу каби ЙТҲ содир бўлди. 5 нафар ўқувчи ижарага Gentra машинасини олиб, шаҳарнинг Марғилон кўчаси бўйлаб катта тезликда бошқариб бораётганида йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган. Йўл ўртасидаги бетон тўсиқдан ошиб ўтган машина юк машинасига бориб урилган.

ЙТҲ оқибатида 3 нафар ўсмир вафот этган. Шунингдек, икки ўсмир оғир тан жароҳати олиб РШТЁИМ Наманган вилояти филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, Gentra эгаси машинани вояга етмаганларга 300 минг сўм эвазига ижарага берган. Ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.

200 минг сўм эвазига 2 соатга ижарага берган экан”

Намангандаги ЙТҲда ҳалок бўлган Аюбхон Акрамовнинг бобоси Олимжон Акрамов ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган болаларга машина бериш жазоланиши кераклигини таъкидлади.

Олимжон Акрамов

Набирам, Акрамов Аюбхон 2 октябр куни коллежга кетган эди. Кўчада ўртоқлари билан бирга 5 киши ижарага машина олишган ва шу машинада автоҳалокатга учрашган. Набирам машинанинг биринчи ўриндиғида ўтирган экан ва воқеа жойида вафот этган. Машинанинг асл эгаси аёл киши бўлганини таъзияга келган одамлардан билдик. Ўша машинани аёлдан ижарага олган бир йигит невараларимга 200 минг сўм эвазига 2 соатга ижарага берган экан. Оиламиз учун бу жуда катта мусибат бўлди. Ва вояга етмаган, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ болаларга машинани топшириб қўйган одамни албатта жазолаш шарт. Зора шу орқали барча ҳайдовчи ёки ижарага машина берувчилар бундан тўғри хулоса чиқаришади”, деди Олимжон Акрамов Kun.uz’га берган интервюсида.

Права”си йўқлигини билмагандим”

Навоийдаги ҳолатда Matiz эгаси машинани 300 минг сўм эвазига ўқувчиларга бир неча соатга ижарага берган. У ушбу фаолият, яъни машинасини кунлик ижарага бериш билан олдиндан шуғулланиб келган.

Машинани танишимга бергандим. Ўзим Бухорода эдим ўша куни. У танишим болаларга берган. Мен уларнинг “права”си йўқлигини ҳамда вояга етмаганини билмаганман. Агар билганимда бермасдим. Улар менга ёши етишини, ҳайдовчилик гувоҳномаси борлигини айтган”, дея маълум қилган Matiz эгаси.

У танишим дея таъкидлаган воситачи ҳайдовчининг ўзи ҳам ҳали коллеж ўқувчиси бўлган.

Сешанба куни эрталаб соат 8:30 ларда машинанинг эгаси телефон қилди. Ука, тушликкача такси қиласан, соат 12:00 да иккита бола боради, 300 минг сўм пулини олиб, машинани берасан, деди. Ўзи Бухорода эканини, келгач пулни олишини айтди. Мен болаларга машинани бериб, пулни олдим. Улар машина эгаси билан ўзлари гаплашди. Соат 15:30 ларда машина эгаси келиб, мендан ажара пулини олиб кетди”, дея таъкидлаган у.

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматига кўра, Навоийдаги ҳолатда Matiz эгасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланган. Яъни қайсидир маънода икки ўқувчининг ўлимида сабабкор бўлган шахс (агар у машинасини ўсмирларга бериб юбормаганида ушбу ЙТҲ содир бўлмасди) арзимаган жарима билан қутулиб қолмоқда.

Катта эътимол билан Наманганда ўқувчиларга Gentra’сини ижарага берган шахс ҳам “сувдан қуруқ чиқади”. Негаки, машинасини маълум бир маблағ эвазига вояга етмаганларга ижарага бериш ўлим оқибатига олиб келганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланганман.

Бундай ҳаракат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми билан малакаланади. Бунга кўра, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари бугунги кунда 1 млн 875 минг сўмни ташкил қилади. Бу даромад кўриш илинжида машинасини вояга етмаганларга ижарага берган шахсларга агар ушбу ҳолат инсон ўлимига сабаб бўлган бўлса, жуда юмшоқ жазодир.

Куни бўйи кира қилганини бир неча соатда топади”

Аслида бугунги кунда ўсмирларга машина бошқарувини ишониб топшириш уларнинг қўлига қурол беришдек гап. Афсуски, бу ишни қилаётган шахслар кун сайин кўпаймоқда. Ҳатто мактаблар олдига бориб, ўсмирлик қизиқишидан фойдаланган ҳолда юқори синф ўқувчиларига пул эвазига машина бошқариб кўришни таклиф қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Айниқса, ушбу ҳолат водий вилоятларида, жумладан, Наманганда кўпайиб бормоқда. Бунинг сабабини Kun.uz билан суҳбатлашган, исмини ошкор қилишни истамаган ҳайдовчи шундай изоҳлайди:

Наманганда машинасини ижарага бериб туриш авжига чиқди. Ҳайдовчилик гувоҳномаси борми-йўқми, сўраб ҳам ўтиришмайди. 300-400 минг сўм берса бўлди. Бойроқ оилаларнинг фарзандлари учун 100 минг-200 минг сўм нима бўлибди, 3-4 нафари машинани ижарага олишади ва бир неча соат ҳайдаб юришади. Машина эгаси куни бўйи кира қилиб йиғадиан пулини бир неча соатда топади. Унинг ҳам ошиғи олчи”.

Бундай ҳолатлар назоратга олинмаса жиддий оқибатларга олиб боради. Буни Намангандаги ЙТҲ мисолида ҳам кўрдик.

Права”сиз ижарага машина”

Ҳозирда Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда “Rent car”лар фаолияти, яъни машиналарни кунлик ижарага бериш хизмати йўлга қўйилган. Ушбу фаолият билан шуғулланадиган кўплаб тадбиркорлик субъектлари транспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага беришда мижозларга ёш чегараси ва ҳайдовчилик тажрибаси бўйича талаблар қўяди.

Масалан, кўплаб “Rent car”ларда ёш чегараси 22+, ҳайдовчилик тажрибаси эса 3 йил қилиб белгиланган. Шунингдек, расмийлаштириш учун фуқаролик паспорти ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади.

Бироқ ижтимоий тармоқларда “права”сиз машинани ижарага бериш ҳақидаги эълонлар ҳам учраб туради.

Бу турдаги эълонлар аввало вояга етмаган ўсмирларни жалб қилиш учун берилади.

Наманганда машиналар ижараси билан боғлиқ эълонлар жойлаштириб бориладиган Telegram гуруҳлар фаолият кўрсатган. Ундаги ижарачиларнинг аксарияти ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса ҳам машинани ижарага берган. Содир бўлган ЙТҲдан сўнг ушбу гуруҳлар ўчириб юборилган.

Matiz’нинг рулидаги бола ҳалок бўлгани учун қилмишнинг жиноий томони муҳокама қилинмаган. Намангандаги ЙТҲда Gentra’ни бошқарган бола тирик. Уни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одамлар ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ содир этиш) билан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кутмоқда. Аммо асосий айбдор – “ижарачи”чи? Ҳа, амалдаги қонунларга мувофиқ у БҲМнинг 5 баравари миқдорида маъмурий жарима тўлайди ва ҳеч нарса бўлмагандай яшашда давом этади.

Бу масъуллар учун жиддий сигнал. Машинасини пул эвазига ўсмирларга ижарага бериш назоратга олинмас ва ўлим билан якунланган бундай ҳолатлар учун оғир жазо белгиланмас экан, шу туришда ҳам камаймаётган йўллардаги болалар ўлими янада ортаверади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид