Жаҳон | 22:02 / 12.10.2024
4791
3 дақиқада ўқилади

Intel ўз тарихидаги энг йирик инқирозга дуч келди. Компания Qualcommʼга сотиб юборилиши мумкин

Компания инқирозига Intel охирги 20 йилда бозордаги долзарб трендларга эътибор қаратмагани ёки уларнинг ортидан етиб олишга улгурмагани сабаб бўлган.

Фото: Intel

Intel компанияси ярим асрдан ошадиган тарихидаги энг йирик инқирозни бошдан ўтказмоқда. Охирги бир йилнинг ўзида унинг акциялари тахминан икки баробарга арзонлашди, деб ёзади The Wall Street Journal. Ҳозирда компаниянинг бозор қиймати 90 миллиард долларга баҳоланмоқда, 2020 йилда эса 290 миллиард доллардан ортиққа баҳоланган эди.

Август ойида 2024 йил охирига қадар Intel 15 минг нафар ходимини (умумий штатнинг 13 фоизи) қисқартиришни ва дивидендлар тўловини тўхтатишни режалаштираётгани маълум бўлганди. Бу 2021 йилда бош директор лавозимига ўтирган Пет Гелсингернинг харажатларни қисқартириш борасидаги кампаниясининг бир қисмидир. Аммо ҳозирда у кутилган натижаларни берганича йўқ.

The Economist’нинг қайд этишича, инқирозга Intel охирги 20 йилда бозордаги долзарб трендларга эътибор қаратмагани ёки уларнинг ортидан етиб олишга улгурмагани сабаб бўлган. Масалан, 2000 йилларда компания компютерлар учун чипларни ишлаб чиқаришда етакчи бўлган, бироқ мобил қурилмалар потенциалини кўздан қочирган. Натижада, бу борадаги талабни бошқа компаниялар пайқаб қолган.

Intel, шунингдек, микросхемалар ишлаб чиқаришда жуда қиммат турадиган усулдан фойдаланган. Натижада, компания сунъий интеллект учун фаол равишда ривожланиб бораётган чиплар бозорида етакчиликни эгаллай олмаган. Ҳозирда ушбу соҳада Nvidia етакчи бўлиб, у дунёдаги энг қиммат компаниялардан бирига айланди — унинг бозор капитализацияси 3,3 триллион доллардан ошади.

Бундан ташқари Intelʼнинг асосий бизнесида ҳам муаммолар бор — Америка компанияси TSMC’га технологик етакчиликни бой берди. График карталар бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга бўлган уриниш амалга ошмади. 2024 йил иккинчи чорак якунларига кўра, Intelʼнинг ушбу соҳадаги улуши 0 фоизга баҳоланган. Бунда ҳам Nvidia биринчи ўринда кетяпти — бозорнинг 88 фоизи унга тегишли.

20 сентябрь куни The Wall Street Journal вазиятдан хабардор манбаларига таяниб, мобил телефонлар учун чип ишлаб чиқарадиган Qualcomm компанияси Intelʼни сотиб олишга қизиқиш билдираётгани ҳақида ёзганди. Манбаларнинг таъкидлашича, ҳозирда битим имзоланишига анча бор, аммо бу амалга ошса, сўнгги йилларда саноатдаги энг йирик ва энг муҳим воқеалардан бирига айланади.

Ушбу маълумотни, шунингдек, The New York Times’нинг манбаси ҳам тасдиқлаган. Нашрнинг қайд этишича, ҳозирча Qualcomm бундай битим амалга ошиши мумкинлигини баҳоламоқда ва Intelʼни харид қилиш бўйича расмий таклиф билдирмаган. Ҳар иккала компания вакиллари ҳам ҳолатга изоҳ беришдан бош тортган.

WSJ журналистларининг тахминича, мазкур битимнинг амалга ошиши жуда мушкул, чунки бундай йирик компаниянинг қўшиб олиниши монополияга қарши курашиш регуляторлари эътиборини ўзига тортади. Аммо айрим экспертларнинг ҳисоблашича, Америка ҳукумати чип ишлаб чиқариш соҳасида кучли ва даромадли компания яратилишидан манфаатдор бўлиши мумкин.

Мавзуга оид