Ўзбекистон | 16:34 / 12.10.2024
5064
1 дақиқада ўқилади

Кармана тумани ҳокими интизомий жазога тортилди 

Кармана тумани ҳокими Валижон Адизов иш фаолияти давомида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун жазоланди. У ўзига юклатилган лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармай келган.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Навоий вилояти Кармана тумани ҳокими Валижон Адизовга интизомий жазо чораси қўлланган. Бу ҳақда Навоий вилоят ҳокимининг фармойиши қабул қилинган

Ҳужжатда келтирилишича, Валижон Адизов иш фаолияти давомида хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда ўзига юклатилган лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармай келган. Унга Меҳнат кодексининг 312-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланган. Бунга асос сифатида Валижон Адизовнинг вилоят ҳокими номига ёзган тушунтириш хати келтирилган.

Валижон Адизов 2024 йилнинг январ ойида Фахриддин Умаров ўрнига Кармана тумани ҳокими этиб тайинланганди. Бунгача у Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Аввалроқ Қўшработ ҳокими Дилшод Шакарбоев ўринбосарларини ҳақоратлагани учун интизомий жазога тортилганди

Мавзуга оид