Жамият | 10:00 / 16.10.2024
29466
4 дақиқада ўқилади

Мумиё изловчи: 70 ёшида ҳам тоғ-у тошда ризқини териб юрган фарғоналик Ёрқинжон ота

Ёрқинжон Дадажоновнинг 70 ёшга кирганига кўпчилик ишонмайди. У чин маънода тоғ одами, кунини тоғ чўққиларида ўтказади. Фарғона туманининг Ёрдон қишлоғидан бўлган мўйсафиднинг ғорлардан доривор мумиё йиғиш асосий юмушига айланган. “Пурвиқор тоғлар ҳаётимнинг мазмунига айланган, чўққига чиқиб, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оламан, доривор гиёҳлар тўплайман”, дейди у.

Мумиё изловчи Ёрқинжон ота билан тоғга биргаликда кўтарилиб, мумиё излаш ва уни тошдан қандай ажратиш жараёнини тасвирга олдик. Хулоса шуки, мумиё излаш кўпчилик ўйлаганчалик осон иш эмас экан.

Лекин ғор ичидан мумиё излашнинг гашти бошқача, айниқса, сой сувидан чой дамлаб чўққида ичиш ўзгача завқ бағишлайди.

Тоғ одами ғор ичидан оз бўлса-да, мумиё топишга муваффақ бўлди.

“Эсимни танибманки, мумиё олиш юмушим бўлган. Мумиё тоғнинг емирилиши натижасида пайдо бўлади, юмронқозиқлар уларни ялаб, янада кўпайтиради. Бу табиий гиёҳ турли яраларга, синган, чиққанга ҳам даво бўлади. Ўқ еб яраланган кийиклар ҳам мумиёни ҳидидан топиб келиб, ялаб, ўз дардларини тузатади. Ўқ тегса ёки бирор жойи синса, шуни ялаб даво топади.

Ёрқинжон Дадажонов

Табиий малҳам кўп дардларга шифо: қўл ёки оёқ синса, тез битказади. Мумиёни тозалаш анча қийин. 6 ёки 7 кунлаб сувга ивитиб қўйиб, сузма ҳолига келганда сузиб олинади.

70 ёшга қараб кетяпман ва шу кунгача доривор ўсимликлар: зирк, наъматаклар йиғаман. Мумиё йиғиб уни ажратиб оламан. Зиркнинг томири ҳам минг дардга даво, мумиё эса синганни 20 кунда тузатади. Ошқозон билан боғлиқ муаммоларни ҳам бартараф этишда ёрдам беради.

Болаликдан куним тоғда ўтяпти десам ҳам бўлади. Табиат қўйнида тоғга чиқиб, сайр қилиб юришни ёқтираман. Тоза ҳаводан нафас олганим ва доимий тоғга чиққаним учун бўлса керак, қон босими безовта қилмаган шу вақтгача. Бирор марта касал бўлганимни эслай олмайман.

Куз мумиё йиғиш учун энг қулай фасл. Мумиёни асосан куз фаслида тоғлардан олишга ҳаракат қиламан. Ёз ва баҳорда тоғ орасида илон, чаёнлар кўп бўлади. Мумиё қидириш бироз хавфли. Менга тоғда кун кечириш ёқади, айниқса, тоғнинг тепасида чой ичишнинг гашти бошқача. Чарчоқларингиз чиқади шунда.

Икки нафар ўғлим бор, лекин улар мумиё йиғишга қизиқмади. Энг кўпи билан тоғ орасидан 300 килограммгача мумиё топганман. Аммо бир уринишда тонналаб йиғадиганлар ҳам бор. Ҳозир 1 кг мумиёнинг нархи 100 минг сўмдан ошиқ туради. Мен бу ишни пул учун эмас, қизиқиш учун ҳам бажараман.

Тепаликка чиқиш, кўп юриш соғлиқ учун фойдали. Яна қон босими, аллергияси бор одамларга ҳам тоғда юришни маслаҳат бераман”.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Мавзуга оид