Ўзбекистон | 08:00 / 16.10.2024
4986
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг янги элчиси Стокҳолм шаҳрига келди

Раҳматулла Нуримбетов Швеция пойтахтига келди. У Стокҳолмга тайинланишидан аввал 2023-2024 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистоннинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Нуримбетов бугун тунда Швеция пойтахтига келди.

У Стокҳолмга тайинланишидан аввал 2023-2024 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Дипломат 47 ёшда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университети) ва Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Сиёсий фанлар доктори (DsC) даражасига эга.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида бошлаган.

2003 йилдан буён ТИВ тизимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида вазирликнинг марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Германия ва Испаниядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлаб, ташқи ишлар вазири ўринбосари даражасига кўтарилган. Бундан ташқари, 2018-2024 йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори вазифасида ишлаган.

Раҳматулла Нуримбетов 2022-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонасига раҳбарлик қилган Нодир Ғаниев ўрнига тайинланди.

Мавзуга оид