Ўзбекистон | 16:49 / 16.10.2024
21148
4 дақиқада ўқилади

Собиқ МХХ биноси ҳудудидан кўчирилган дарахтларга оид тергов иши натижаси очиқланмаяпти. Сукут ортида нима бор?

Бош прокуратура собиқ МХХ биноси ҳудудидаги кўп йиллик дарахтларни ноқонуний тарзда кўчириш билан боғлиқ жиноят иши натижасини жамоатчиликдан яширмоқда. Маҳкаманинг бундай “жим”лиги қурилишлар сабаб дарахтларидан айрилаётган пойтахтнинг келажаги ҳақидаги хавотирларни янада оширади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида дарахтларни ноқонуний кўчириш билан боғлиқ ҳолатга нисбатан қўзғатилган жиноят иши қумга томган томчи каби мавҳумлик ичига “сингиб” кетди: ишнинг натижаси, кўрилган чора ёки қўлланган жазо ошкор этилмаяпти. Гўёки жинот иши қонунчиликни таъминлаш эмас, дарахткушлиги ортидан жамоатчилик таъқибида қолганларни “қутқариб қолиш” учун қўзғатилгандек.

Жорий йил 22 май куни Тошкент шаҳри марказидаги Сайилгоҳ кўчасидан устига яшил мато ёпиб олиб чиқиб кетилаётган дарахтлар видеоси тарқалди. Дарахтлар собиқ Миллий хавфсизлик хизмати биноси ҳудудидан олиниб, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчасидаги анҳор бўйига кўчириб ўтқазилган.

Воқеа ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлгач, Экология партияси Бош прокуратура ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул давлат ташкилотларидан зудлик билан ҳолатга чора кўришни сўради. Шундан кейин Экология вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ўрганиш бошлаганини маълум қилди.

Икки ҳафтадан сўнг эса ушбу дарахтлар ноқонуний кўчириб кетилгани бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Прокуратуранинг тасдиқлашича, Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчаси 1-уй манзилида олиб борилаётган қурилиш лойиҳаси доирасида “Muna Mag” МЧЖ томонидан соғлом ўсиб турган жами 53 туп қимматбаҳо навли кўп йиллик дарахтлар (эман, қарағай, айлантус ва бошқалар) белгиланган талабларга зид равишда ноқонуний равишда кўчириб олиб кетилган.

Ҳолат юзасидан дарахтларни ноқонуний кўчирган хўжалик юритувчи субъект масъуллари ва бунга имконият яратиб берган мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Жиноят иши Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган”, дейилганди Бош прокуратура ахборотида.

Жиноят процессуал кодексига кўра, дастлабки тергов жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч ойдан ошмаган муддатда тамомланиши лозим. Бу вақт ичида тергов органи ишни айблов хулосаси билан якунлаб судга ошириш, айблилик масаласини ҳал қилмай туриб тугатиш ёки терговни тўхтатиш тўғрисида қарор (лардан бирини) қабул қилиши лозим.

Kun.uz собиқ МХХ биносидан тегишли рухсатномасиз кўчирилган дарахтлар бўйича тергови натижаси билан қизиқиб, Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновдан изоҳ сўради. Бироқ маҳкама масъули таҳририятнинг қайта-қайта қилинган сўровларини жавобсиз қолдирди.

Бош прокуратуранинг бундай сукути “дело” ими-жимида ёпиб юборилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни юзага чиқармоқда. Бу эса қурилишлар сабаб дарахтлари тобора камайиб бораётган пойтахт келажаги учун хавотирли, албатта.

Маълумот учун, собиқ МХХ биносини 2021 йил июлида “Metropol Group” компанияси 210 млрд сўм эвазига хусусийлаштириб олганди. Бу компаниянинг 100 фоизи улуши собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли экани кўрсатилган. Компания хусусийлаштириб олган жойда – 2,2 гектарлик майдонда 22 қаватли ҳашаматли меҳмонхона қурилишини эълон қилган.

Мавзуга оид